Дубай халқаро молия маркази бош директори билан ҳамкорликни мустаҳкамлашга келишиб олинди

11:28 19 Февраль 2024 Жамият
75 0

Рақамли технологиялар вазири Шерзод Шерматов бошчилигидаги делегация Дубай халқаро молия маркази (DIFC) бош директори Ариф Амири ва “DIFC” инновацион маркази директори Муҳаммад Алблуши билан учрашув ўтказди.

“DIFC” Яқин Шарқ, Африка ва Жанубий Осиё (MEASA) минтақасидаги етакчи глобал молиявий марказ ҳисобланади. Ташкилот MEASA минтақасида савдо ва инвестиция оқимини ривожлантириш бўйича қарийб 20 йиллик тажрибага эга.

Учрашувдан кўзланган асосий мақсад – “Enterprise Uzbekistan” халқаро рақамли технологиялар марказини ташкил этиш бўйича стратегик чора-тадбирларни муҳокама қилишдан иборат эди. Ушбу марказ IT Park ҳудудида рақамли технологиялар соҳасида маҳсулотлар яратиш учун қулай шароитларга эга махсус зона ҳисобланади.

“Enterprise Uzbekistan” маркази технологик компаниялар учун ноёб муҳитни, жумладан, инновацион лойиҳалар учун “тартибга солиш қумдони”, интеллектуал мулк, шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш, шунингдек, кенг қамровли давлат ва банк хизматларини таклиф этиши мумкин.

Бундан ташқари, марказ меҳнат, божхона ва солиқ қонунчилиги масалаларида, шунингдек, тижорат ва фуқаролик низоларини ҳал қилишда муҳим ёрдам кўрсатиб, рақамли технологиялар ва аутсорсингни ривожлантириш учун қулай муҳит яратади.

“DIFC” вакиллари бу борада амалга оширилган ишлар ва Ўзбекистоннинг янги IT-autsorsing марказига айланиш истагини юқори баҳоладилар.

Учрашув якунида IT Park ва “DIFC” ўртасидаги ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича келишувга эришилди. Тажриба алмашиш, шунингдек, “DIFC”га аъзо компанияларни республика орқали глобал бизнес юритиш учун Ўзбекистонда ваколатхоналар очишга таклиф қилиш режалаштирилган.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер