Доривор ўсимликлар хомашё базасидан самарали фойдаланиляптими?

01:13 14 Октябр 2022 Жамият
445 0

Иллюстратив фото

Сўнгги йилларда мамлакатимизда доривор ўсимликларни муҳофаза қилиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, доривор ўсимликлар етиштириладиган плантациялар ташкил этиш, уларни қайта ишлаш борасида изчил ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Соҳада яратилган ташкилий-хуқуқий асослар бу борада жараёнларни тезлаштириш, соҳани ривожлантириш имконини бермоқда.

Амалдаги қонунчиликка асосан, ўсимлик дунёси объектларидан махсус фойдаланиш учун рухсатнома белгиланган тартибда, тасдиқланган квоталар доирасида берилади. Ёввойи ўсимликларни йиғиш ва тайёрлаш учун Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг хулосаси инобатга олинган ҳолда Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси томонидан тасдиқланган квоталар ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш нормалари ва нормативлари ҳисобланади.

Президентимизнинг 2022 йил 20 майдаги “Доривор ўсимликлар хом ашё базасидан самарали фойдаланиш, қайта ишлашни қўллаб-қувватлаш орқали қўшимча қиймат занжирини яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармони доривор ўсимликлар хом ашё базасидан самарали фойдаланиш, соҳадаги тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш орқали чуқур қайта ишлашни ташкил этиш ҳамда қўшимча қиймат занжирини яратиш имконини яратмоқда.

Эътиборлиси, мазкур ҳужжатда Олий Мажлис палаталарига доривор ўсимликларни табиий муҳитдан териб олишга квота ажратиш ва унинг шартларига қатъий риоя қилиниши устидан парламент ва жамоатчилик назоратини ўрнатиш тавсия этилган.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан доривор ўсимликларни табиий муҳитдан териб олишга квота ажратиш ва унинг шартларига қатъий риоя қилиниши юзасидан олиб борилаётган ишлар ҳолати Фарғона вилояти мисолида назорат-таҳлил тартибида ўрганилди.

Куни кеча Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси томонидан мазкур ўрганиш натижаларига бағишланган тадбир ўтказилди.

Таъкидланганидек, Фарғона вилояти бўйича 2020 йилда белгиланган квоталар миқдори 153,8 тонна, 2021 йилда 162,5 тонна ҳамда 2022 йилда 26,0 тоннани ташкил этган. Унга асосан доривор, озуқабоп ва ёввойи турдаги ўсимликларнинг техник хом ашёсини тайёрлаш учун белгиланган тартибда рухсатномалар берилган.

Йиғилишда келтирилганидек, Фарғона вилояти ўрмон фонди ерларида Фанлар Академияси томонидан ўсимлик дунёси объектларидан фойдаланиш, ёввойи ҳолда ўсувчи ўсимликларнинг техник ва доривор хомашёсини йиғиш, тайёрлаш бўйича сўнгги уч йил давомида квота ажратилмаган. 2022 йилда Фарғона вилояти ўрмон фонди ерларида жами 73 гектар майдонда доривор ва озиқ-овқатбоп ўсимликлар плантациялари барпо этилди. Бугунги кунга қадар ушбу планциялардан 13,3 тонна доривор ўсимликлар хом-ашёси тайёрланди.

Қонун ижросини амалга ошириш бўйича соҳада муайян ишлар амалга оширилиши билан бирга айрим камчиликларга йўл қўйилганлиги, соҳада баъзи муаммолар мавжудлиги маълум бўлди.

Жумладан, жорий йил якунига қадар Фарғона вилоятида 199 гектар доривор ўсимликлар экиш режаси белгилаб олинган бўлиб, бугунги кун ҳолатига режага киритилмаган туманларни қўшиб ҳисоблаганда 183 гектарда 10 турдаги доривор ўсимликлар экилган. Бироқ, режага асосан Қувасой шаҳар 12 гектар, Фарғона тумани 57 гектар майдонда доривор ўсимликлар экилмасдан қолмоқда.

Фарғона вилоятида 2022-2023 йилларда доривор ўсимликлар кластерини ташкил этиш бўйича 2 та лойиҳа таклифлари ишлаб чиқилган бўлсада, ушбу лойиҳаларни ишга тушириш, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда доривор ўсимликлар плантацияларини барпо этишнинг мақсадли кўрсаткичларига мувофиқ плантациялар барпо этиш учун мос бўлган ер участкаларини очиқ электрон танловга қўйишда кечикишларга йўл қўйилган.

Йиғилишда аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш юзасидан депутатлар томонидан тавсия ва кўрсатмалар берилди.

Тадбир якуни бўйича кўрилган масала юзасидан қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер