Доривор ўсимликлар етиштириш бўйича кадрлар тайёрлашда чуқурлаштирилган ўқитиш амалиёти йўлга қўйилади

16:21 27 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
660 0

Мамлакатимиз турли хил касалликларни доривор ўсимликлар асосида даволаш бўйича ўзининг кўп асрлик анъаналарига эга эканлигини ҳаммамиз яхши биламиз. Боиси, аждодларимиз доривор ўсимликларнинг хусусиятини яхши билган ва уларни самарали қўллай олган. Деярли барча касалликларга гиёҳлардан даво топгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Бугунги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида, ўрмон фонди ва қишлоқ хўжалиги ерларида доривор ўсимликлар бежизга етиштирилаётгани йўқ. Чунки аксарият касалликларнинг давоси доривор ўсимликларнинг гули, банди ёки томиридан тайёрланган малҳамда мужассам. Энг муҳими, доривор ўсимликлар халқ саломатлиги баробарида, мамлакат иқтисоди учун ҳам кони фойда.

Инчунун, халқ табобати, унинг ўзига хос анъаналари аҳоли саломатлигини таъминлаш, тиббий-санитар ёрдам кўрсатиш, хусусан, сурункали касалликлар профилактикаси, уларни даволашда сифат, хавфсизлик ва самарадорлик борасида амалда кўп синовлардан ўтган. Юртимизда халқ табобати ривожига юксак даражада эътибор қаратилаётганининг боиси ҳам аслида, шунда.

Сўзимиз аввалида бу мавзуда бежиз гап очмадик. Негаки, Президентимиз куни кеча Ўзбекистон ижтимоий-сиёсий ҳаётига доир яна бир муҳим ҳужжатни имзолади. «Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш, уларнинг уруғчилигини йўлга қўйишни ривожлантириш бўйича илмий тадқиқотлар кўламини кенгайтиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарор доривор ўсимликлар соҳасини ривожлантиришга қаратилгани билан аҳамиятли, ҳисобланади.

Унга биноан, Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Инновацион ривожланиш вазирлиги, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ва Фанлар академиясининг «Шифобахш» доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш маркази негизида Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ҳузурида давлат муассасаси шаклидаги Доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлаш илмий-ишлаб чиқариш маркази ташкил этилди.

Эндиликда ушбу Марказ доривор ўсимликларни илмий асосда етиштириш ва қайта ишлаш, улардан оқилона фойдаланишнинг ягона стратегиясини шакллантириш ва амалга ошириш, маҳсулотини стандартлаш ва сертификатлаш ҳамда доривор ўсимликларга бўлган ички ва ташқи бозорлар талабини ўрганиш бўйича маркетинг тадқиқотларини ўтказиш билан шуғулланади.

Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Инновацион ривожланиш вазирлиги эса Марказнинг ўрмон фонди ерларида намунавий плантациялар, лабораториялар барпо этиш, илмий ишланмаларни ишлаб чиқаришга татбиқ қилиш мақсадида хусусий секторни жалб этган ҳолда доривор ўсимликларни етиштириш ва илмий-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил этади. Бунда доривор ўсимликларни етиштириш, илмий-ишлаб чиқариш кластерлари фаолияти банк кредитлари, ташаббускорлар маблағлари, халқаро молия институтлари маблағлари ва қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан молиялаштирилади.

Қарорда белгилаб қўйилганидек, доривор ўсимликларни тўплаш (ғамлаш), уларни олиб кириш ва ташқарига олиб чиқишга рухсатномалар берганлик, аризаларни кўриб чиққанлик учун ундирилиб, маҳаллий бюджетга йўналтириладиган тўловларнинг 20 фоизи Марказ томонидан табиий ҳолда ўсувчи, жумладан, йўқолиб бораётган доривор ўсимликларни сақлаш, хатловдан ўтказиш, уларнинг маданий плантацияларини яратиш ва бошқа шу каби харажатларни қоплаш учун йўналтирилади.

Яна бир муҳим жиҳати шуки, қарор билан Нукус, Хўжайли, Қоракўл, Бахмал, Зомин, Китоб, Узун, Бойсун, Бурчмулла, Оҳангарон давлат ўрмон хўжаликлари доривор ўсимликлар етиштиришга, Қуйи Чирчиқ ихтисослашган давлат ўрмон хўжалиги доривор ўсимликлар уруғ ва кўчатларини тайёрлашга ихтисослаштирилади.

Бугун замон талабларига жавоб берадиган юқори салоҳиятли, рақобатдош ва малакали кадрлар тайёрлаш энг асосий вазифа ҳисобланади. Қарорга асосан, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси ва Қишлоқ хўжалиги вазирлиги билан биргаликда 2021/2022 ўқув йилидан бошлаб республика олий таълим муассасалари биология йўналишларининг 3 ва 4-курслари таҳсил олаётган иқтидорли талабалар таркибидан алоҳида гуруҳларда чуқурлаштирилган ўқитиш амалиётини йўлга қўйишини энг тўғри йўл, деб ҳисоблайман.

Шак-шубҳасиз, кадрларга бўлган эҳтиёждан келиб чиқиб, барча қишлоқ хўжалигига ихтисослашган коллеж ва техникумларда «Доривор ўсимликлар етиштириш агротехнологияси» йўналиши бўйича кадрлар тайёрланиши замонавий тиббиётда ва халқ табобати соҳасида малакали кадрларни тарбиялашда ҳамда маҳаллий ўсимликларни чуқур қайта ишлаб, халқимиз соғлиги учун зарур дори воситаларни олишнинг илмий асосини яратишда муҳим омил бўлади, албатта.

Хулоса шуки, доривор ўсимликларни етиштириш ва қайта ишлашга доир илмий тадқиқотларнинг ягона базасини яратиш, хорижий давлатларнинг илғор илмий ишланмаларини ўрганиб бориш ўта муҳим ва долзарб. Ушбу қарорнинг сўзсиз ижроси етакчи илмий муассасалар билан ҳамкорлик ўрнатиш ҳамда замонавий технологиялар, илмий ишланмаларни республикага жорий этишга хизмат қилишига ишонаман.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси
Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?