Дониёр Ғаниев Бош вазир ўринбосарига нега аввал эътироз, кейин миннатдорчилик билдирди?

21:23 28 Апрель 2021 Жамият
1120 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Дониёр Ғаниев бу ҳақида шундай деб ёзади: 

«Кеча бўлиб ўтган Олий Мажлиснинг навбатдаги ялпи йиғилишида Бош вазир ўринбосари Беҳзод Aнварович 2021 йил 1-чорагида бажарилган ишлар юзасидан Вазирлар Маҳкамаси ҳисоботини тақдим этди. Ҳукумат ҳисоботи атрофлича муҳокама қилиниб, ҳукумат вакилига депутатлар ўз саволлари билан мурожаат қилишди.

Менинг саволим эса мамлакатимизда коронавирусга қарши эмлаш жараёнлари юзасидан бўлди. ССВ маълумотига кўра, 26 апрель ҳолатига кўра жами эмланган фуқаролар сони 565 мингтага етган холос. Яъни ўртача кунлик эмланганлар сони 21 мингтани ташкил этган.

Aгар эмлаш ишлари шу тезликда давом этса, ҳукумат томонидан биринчи навбатда эмланиши белгиланган 4,1 млн аҳолини вакциналашни ўзи 800 кундан (камида 2 йил) ошиқ муддатни талаб этади. Aҳолини қолган қисмини эмлаш муддати ҳақида гапирмаса ҳам бўлади.

Табиийки, бу кўрсаткичлар жуда ҳам қониқарсиз. Шу сабаб, БВ ўринбосари Мусаевга вакциналаш жараёни ниҳоятда суст кетаётганлиги ва вакциналашга бефарқлик бизга қиммат тушиши мумкинлигини қайд этиб, ўз эътирозларимни билдирдим.

Ҳукумат томонидан вакциналаш жараёнини янада тезлаштириш мақсадида вакцина билан эмланаётган фуқаролар контингентини кенгайтириш, таълим ва соғлиқни сақлаш соҳаси ходимларини эмлаш ишларини бошлаш, жараёнга хусусий секторни жалб этиш, шунингдек, аҳоли орасидаги мавжуд шубҳа ва гумонларни бартараф этиш ва вакцинага бўлган ишончни ошириш учун таниқли инсонлар, ҳукумат ва жамоатчилик вакиллари намунасида вакцина тарғиботини кучайтириш каби ўз таклифларимни бердим.

Билдирган таклиф ва эътирозларимизга жавобан, БВ ўринбосари Мусаев шу кунларда катта партияда Хитой-Ўзбек ва Спутник V вакциналари келтирилганлиги ҳамда яқин кунларда вакциналаш жараёни жадаллашишини маълум қилди. Шунингдек, аҳоли орасида вакцина билан эмланишнинг афзалликлари тарғиботини кучайтириш ҳамда таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа категориядаги фуқароларни эмлаш ишларини бошлаш устидан қатъий назорат ўрнатишга ваъда берди.

Хабар берилишича, бугундан мактаб ва боғча ходимлари ҳамда сурункали касаллиги бор фуқароларни ҳам коронавирусга қарши эмлаш бошланибди. Бу албатта қувонарли. БВ ўринбосари Беҳзод Aнваровичга кеча билдирган таклиф ва эътирозларимизга тезкор амалий муносабат билдиргани учун миннатдорчилик билдираман. Умид қиламанки, эмланувчилар контингенти кенгайиши ҳисобига бугундан кунлик эмланадиганлар сони ҳам бир неча баробарга ошади.

Истаймизми йўқми, пандемияни енгишни олдимизда турган ягона йўли бу аҳолини вакцина билан оммавий эмлаш. Токи оммавий иммунитет шакллантирмас эканмиз, мамлакат пандемиядан олдинги иқтисодий фаоллик даражасига қайтолмайди, ташқи дунё билан иқтисодий алоқалар тўлиқ тикланмайди, касалликнинг яна бир тўлқини хавфи эса биздан бир қадам ҳам нари жилмайди".

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?