Долзарб масалаларини ўзида акс эттирган бир қатор қонунлар Қўмита мажлисда кўриб чиқилди
Фото: Акмал Муҳаммадов, “Халқ сўзи”
Бугун, 24 октябрь куни навбатдаги ялпи мажлис олдидан Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитасининг мажлиси бўлиб ўтди.

Мажлисда сенаторлар, Қўмита ҳузуридаги Экспертлар гуруҳи аъзолари, маҳаллий Кенгашлар депутатлари, тегишли вазирлик ва идораларининг масъул раҳбар ходимлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди. Унда навбатдаги ялпи мажлисда муҳокама қилиниши режалаштирилаётган бир қатор қонунлар дастлабки тарзда кўриб чиқилди.

Дастлаб сенаторлар “Пробация тўғрисида»ги Қонунни муҳокама қилди. Таъкидланганидек, Қонунда пробация тизимининг асосий тушунчалари, пробация хизмати фаолиятини ташкил этиш тартиби, пробация назоратидаги шахсларнинг ҳуқуқий ҳолати, пробация назорати ва ижтимоий мослаштириш шаклларини қўллаш тартиби, пробация назоратидаги шахсларнинг хулқ-атворини баҳолаш мезонлари, пробация назоратидаги шахсларга нисбатан электрон кузатув воситасини қўллаш масалалари тартибга солинмоқда.

Сенаторлар томонидан муҳокама қилинган қонунда пробация назоратидаги шахсларга нисбатан табақалаштириш ва индивидуал ёндашиш принципи аниқ белгилаб қўйилмоқда.
Хусусан, пробация назоратидаги шахсларга нисбатан белгиланадиган тақиқлар (чекловлар) ва мажбуриятлар уларнинг ёши, жинси, соғлиғининг ҳолати, хулқ-атвори, ижтимоий мослаштириш дастурларидаги иштироки ҳамда ушбу шахслар содир этган жиноятнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва хусусияти, илгари жиноят содир этганлиги учун жавобгарликка тортилганлиги фактлари мавжудлиги, шунингдек, етказилган моддий зарарнинг ўрни қопланганлиги ва маънавий зиён компенсация қилинганлиги ҳисобга олинган ҳолда табақалаштирилиши белгиланмоқда.

Шунингдек, мажлисда янги таҳрирдаги “Йўл ҳаракати тўғрисида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилди. Сенаторларнинг сўзларига кўра Қонуннинг янги таҳрири бугунги кунда ЙҲХ билан боғлиқ бир қатор муаммоларга ечим бўлади.
Қонунга кўра йўл ҳаракати иштирокчилари йўл-транспорт ҳодисалари содир бўлганда қонунчиликка мувофиқ зиммасига бепул тиббий ёрдам кўрсатиш, қутқарув ишларини олиб бориш ва бошқа шошилинч ёрдам кўрсатиш мажбурияти юклатилган ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслардан шундай ёрдамлар олиш, йўл-транспорт ҳодисаси натижасида ўзига тан жароҳатлари етказилган, транспорт воситаси ва юк шикастланган ҳолларда, қонунчиликда белгиланган тартибда зарарнинг ўрни қопланиши, шунингдек маънавий зарар компенсация қилиниши, йўл белгиларини, чизиқларини, светофорларни ўзгартириш ва ўрнатиш юзасидан, йўл қопламасининг ҳолати ҳақидаги таклифлар ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш масалаларига доир бошқа таклифлар билан тегишли органларга мурожаат этиш ҳуқуқига эга.

Қонуннинг қабул қилиниши йўлларда фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлашга, йўл ҳаракатини ташкил этишни тўғри ва тизимли йўлга қўйишга, Давлат бошқаруви ва ваколатли органлар ўртасида самарали ҳамкорлик тизимларини жорий қилишга, шунингдек, йўл ҳаракати иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга хизмат қилади.

Шундан сўнг муҳокамалар жараёнида “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш ҳақида»ги Қонун ҳам кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Қонун билан “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида»ги ва “Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси тўғрисида»ги қонунларнинг, шунингдек Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг айрим нормаларини “Қўриқлаш фаолияти тўғрисида»ги Қонунга мувофиқлаштиришни назарда тутувчи ўзгартишлар киритилмоқда.

Сенаторлар томонидан мазкур Қонун қўриқлаш фаолияти соҳасидаги тушунчаларнинг аниқ ва бир хил қўлланилишига хизмат қилиши айтиб ўтилди.
Мажлис якунида Қўмитанинг тегишли қарорлари қабул қилинди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг