ДХМ бозорларда сайёр хизмат кўрсатмоқда

16:10 05 Август 2022 Жамият
290 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилоятида кейинги пайтларда меҳнат жамоалари, маҳаллалар, ҳатто аҳоли хонадонларида кўрсатиб келинаётган сайёр давлат хизматлари энди деҳқон бозорлари ва савдо комплексларига ҳам кўчди. Жумладан, Тўрақўрғон туман адлия бўлими Давлат хизматлари маркази ходимлари биринчилардан бўлиб туман давлат солиқ инспекцияси билан ҳамкорликда «Оқтош деҳқон бозори» масъулияти чекланган жамияти ҳудудида фаолият олиб бораётган тадбиркорлар ва аҳоли билан учрашув ташкил қилди. Унда тадбиркор сифатида давлат рўйхатидан ўтиш тартиби, давлат божлари ва бошқа давлат хизматлари тўғрисида тушунчалар берилди. Айни жараёнда бозорга харид қилиш учун келган фуқароларга 35 дан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилди.

Чортоқда эса туман марказидан 35 километр узоқликда жойлашган Бештол маҳалласидаги деҳқон бозорида ўтказилган сайёр хизмат давомида аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига буклетлар тарқатилди, фуқароларга ўнлаб турда давлат хизматлари кўрсатилди. «Норин авто бозори» ҳудудида ўтказилган тушунтириш-тарғибот тадбирлари давомида 10 нафар фуқаронинг узоғи яқин бўлишига кўмаклашилди.

— Мен рўзғорга у-бу харид қилиш учун туман марказидаги бозорга келгандим, — дейди тўрақўрғонлик Тоҳиржон Асқаров. — Давлат хизматлари маркази ходимлари бозорда сайёр хизмат тадбирини ўтказишаётган экан. Вақт топиб марказга бора олмаётган эдим. Бир нечта саволларимни ходимларга бердим. Кадастр паспортини шакллантириш юзасидан ҳуқуқий тушунча беришди. Бозорим ҳам битди, зарур маслаҳатни ҳам олдим.

ДХМнинг бу сингари сайёр хизматлари вилоятнинг барча туманларидаги бозорларда ташкил этилиб, аҳолининг узоғи яқин, оғири енгил бўлишига амалий ёрдам кўрсатилмоқда.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер