ДХХ жами 95 кг бўлган гиёҳвандлик моддаларини мусодара қилди

17:19 05 Сентябр 2022 Жамият
372 0

Фото: Иллюстратив фото

Давлат хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бўйича Бошқармаси ходимлари томонидан гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш доирасида бир нечта тезкор тадбирлар ўтказилди.

Жумладан, Тошкент шаҳрининг Чилонзор тумани ҳудудида «Матиз» русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, унда йўловчи сифатида кетаётган 2 нафар хорижий фуқарога тегишли 23 кг. 52 гр. «опий» ва 30 кг. 122 гр. «гашиш» гиёҳвандлик воситалари борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳванд моддалар афғонистонлик наркокурерлар томонидан контрабанда йўли билан мамлакатимизга ўтказилган.

Бошқа бир ҳолатда эса муқаддам хорижда оғир жиноят содир этганлиги учун қамоқ жазосини ўтаган, Денов туманида яшовчи, 1966 й.т. фуқаро бошқарувидаги «Ласетти» русумли автомашина Термиз шаҳрида тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, унда ҳам афғонистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилган 39 кг. 520 гр. «гашиш» моддаси борлиги маълум бўлди.

Учинчи ҳолатда эса Денов шаҳрида яшовчи, муқаддам гиёҳвандлик воситалари билан боғлиқ жиноят содир этганлиги учун судланган, 1967 й.т. шахс ўзининг яшаш хонадонида 2 кг. 396 гр. «опий» моддасини келгусида сотиш мақсадида сақлаб келаётганлиги аниқланди ҳамда ўрнатилган тартибда расмийлаштириб олинди.

Ўтказилган тезкор тадбирлар натижасида жами 25 кг. 448 гр. «опий» ва 69 кг. 642 гр. «гашиш» гиёҳвандлик воситалари мусодара қилинди.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан Жиноят Кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?