Диплом чўнтакда… Келажак қўлда… Хаёлда нима?

13:17 16 Ноябрь 2020 Жамият
221 0

Сессия… қайта топшириш… стипендия…Талабаликнинг олтин даврини билдириб турувчи сўзлар. Кимдир стипендия олиш учун интиқлик билан кутган кун ҳам келади. Кимдир учун эса ошиб бўлмас довондек туюладиган сессия пайти ҳам келади. Талабаликнинг қизиғи ҳам шунда-да! Айниқса, оралиқ имтиҳонларида кутубхонадан чиқмасдан тайёрланишларга нима етсин?! "Copy" — "Paste" усулини айтмаса ҳам бўлади. Талаба бу улкан иқтисодчи: у стипендиясини шундай тежамкорлик билан ишлатадики, дунё иқтисодчилари ўзбек талабаларидан ўрнак олса бўлади, мастер дарсларида қатнашса бўлади.

Талаба… Бу сўз Ўзбекистон келажаги демакдир. Ўзбекистоннинг кейинги тараққиётини белгилаб берадиган асосий омил демакдир. Талаба жамият тараққиётига таъсир кўрсатади. Ҳар бир миллатнинг интеллектуал салоҳият даражасини белгилаб беради. Талаба шундай шахски, у ҳаттоки давлат тузумини, сиёсатини ўзгартира олишдек кучга ҳам эга. Бунга тарих гувоҳ!

Ўзбекистон ўз олдига иқтисодий ва сиёсий барқарорликка эришиш, иқтисодий соҳани инновацияларга асосланган ҳолда ривожлантириш вазифасини ўз олдига қўйган экан, бу мақсадларга талабаларсиз амалга ошира олмайди. Буни тан оласизми ёки йўқ, инкор қилиб бўлмайдиган ҳақиқатдир.

Ўзбекистоннинг барқарор тараққиёт шароитида иқтисодий ҳукмронликка эришиш эҳтимоли ўтган асрга нисбатан юқори кўрсаткични ташкил этган бўлиб, таълимни ривожлантириш ва бу соҳага алоҳида эътибор бериш орқали бу мақсадни амалга оширишга дастлабки қадам қўйилган бўлса ажаб эмас.

Лекин, шундай бўлса ҳамки, талабалар учун ажратилаётган молиявий ва сиёсий эътибор кўлами ривожланган ва ривожланаётган мамлакатларга нисбатан паст кўрсаткични ташкил этиб келмоқда. 

Тан олиш керакки, Ўзбекистонда давлат бюджетидан ҳар бир талабага тўғри келувчи харажат Россияга нисбатан 2 марта, Туркияга нисбатан 3 марта, Малайзияга нисбатан 7 марта кам. 2000 йилдан бери олий таълимни молиялаштиришнинг умумий миқдорида давлат ғазнасидан харажатлар 60 фоиздан 35 фоизгача камайди. Давлат харажатлари камайиши билан олий ўқув юртлари кўпроқ таълим учун тўловлар ҳисобига молиялаштиришга ўтмоқда.

Талабаларга берилаётган стипендиялар миқдори қанча деб ўйлайсиз? Шахсан, биз давлатнинг олий таълимга бераётган эътиборини баҳолашнинг бир фактори сифатида олий таълимнинг ажралмас ва муҳим бўлаги ҳисобланган талабаларга берилаётган стипендия миқдорида деб биламиз. Келинг, талабалар учун тўланадиган стипендия миқдорини таҳлил қиламиз!

Биринчидан, таъкидлаш жоизки, бу борада Вазирлар Маҳкамасининг «Олий таълим муассасалари талабаларига тўланадиган стипендиялар миқдорларини белгилаш ҳамда стипендиялар тайинлаш ва тўлаш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинган эди. Унда қайд этилишича, 2019 — 2020 ўқув йилидан бошлаб:

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Молия вазирлиги томонидан тажриба-синов тариқасида олий таълим муассасаларида давлат гранти ва стипендияли тўлов-контракт асосида таълим олаётган талабаларга (давлат гранти асосида таълим олаётган битирувчи курс талабалари бундан мустасно) стипендиялар базавий миқдорда (400 минг сўм), шунингдек, «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига эга бўлган талабаларга стипендиялар базавий стипендия миқдорига нисбатан қўшимча 15 фоиз миқдорда тўланган; тўлов-контракт асосида таълим олиш учун талабаларга уларнинг ўз хоҳишларига кўра, контракт қийматини стипендияли ёки стипендиясиз шаклда тўлаш тартиби жорий этилган. Бунда стипендияли тўлов-контрактлар таркибида базавий стипендия миқдорининг йиллик суммаси назарда тутилган. Булар, албатта, синов асосида эди.

Олий таълим муассасалари талабаларига стипендиялар тайинлаш ва тўлаш бўйича 2019/2020 ўқув йилининг биринчи семестрида тажриба-синов тариқасида амалга оширилган ишлар натижасидан келиб чиқиб, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Молия вазирлиги ҳамда тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идораларнинг 2020 йил 1 февралдан бошлаб қуйидагиларни жорий қилиш тўғрисидаги таклифларига розилик берилди. Унга кўра, ўқув семестри якуни бўйича фанлардан фақат «аъло» ўзлаштириш кўрсаткичига (рейтинг кўрсаткичи - 86 балл ва ундан юқори) эга бўлган талабаларнинг стипендиясини базавий стипендияга нисбатан 20 фоизга оширилган ҳолда белгиланди.

Лекин, ўзингиз ўйлаб кўринг: кўп миқдордаги контракт тўловини тўлаётган талаба учун 515 000 сўм унинг ўқув қуролларига етадими ёки кунлик яшашигами? Агар талаба Тошкентда таҳсил олаётган бўлса ўлганнинг устига тепган бўлади: уйидагилардан аёвсизларча яна пул сўрашга мажбур бўлади. Ваҳолонки, хорижда талабалар ота-онасидан мутлақо мустақил яшаётган бир пайтда бизда талаба ҳали-ҳамон ота-онасининг ҳисобига кун кечирса-я! 

Хусусан, Ўзбекистон олий таълими тизимида харажатларнинг жорий тақсимоти олий таълим сифати юқорироқ бўлган мамлакатларга мос келмай қолишини, бу эса ўз навбатида олий таълим муассасалари моддий- техник базасининг ночор аҳволга тушиб қолиши билан асослантирилган ҳолда шундай қилишганлиги аниқ.

Шу ерда таклиф сифатида шуни келтириб ўтиш жоизки, олий таълим муассасаларини босқичма-босқич ўзини-ўзи молиялаштириш тизимига ўтказишни йўлга қўйиш керак. Қувонарлиси, бу жараённи амалга ошириш ишлари бошлаб юборилди.

ОТМларнинг илмий педагогик салоҳияти юқорилиги, молиявий фаолиятининг барқарорлиги, моддий-техника базаси етарли даражадалиги, таълим хизматлари бозорида мазкур мутахассисликларга талаб юқорилиги инобатга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 11 июлдаги қарори билан 2020 йилдан бошлаб айрим ОТМлар босқичма-босқич ўзини ўзи молиялаштириш тизимига ўтиши белгиланган.

Хусусан, ўзини ўзи молиялаштириш тизими ўз самарасини бермоқда деб ҳисоблаш ўринлидир. Жумладан, Тошкент давлат юридик университети ҳам ўзини ўзи молиялаштирадиган университетлар рўйхатида бўлиб, бу университет талабалари учун бир қатор молиявий мустақилликни бериб келмоқда. Мисол учун университет ректори ташаббуси билан карантин шароитида талабаларнинг вақтини унумли ўтказиш мақсадида танлов ўтказилган бўлиб, ҳар бир номинация бўйича жумладан, «Университет мадҳиясини яратаман» номли танлов ғолиби учун 4 миллион сўм миқдоридаги пул мукофоти жорий қилинган. Бундан ташқари, қолган тўртта танловда ғолибликни қўлга киритган талабалар учун 1 миллион сўм миқдоридаги пул мукофотлари жорий қилинган эди.

Айнич чоғда, ҳар ойда университет босқичида талабалар учун турли хил танловлар ташкил қилиниб, ғолиблар пул мукофоти билан тақдирланиб келиняпти. Шунингдек, «Талабаларни рағбатлантириш тўғрисида»ги Тошкент давлат юридик университети ректорининг буйруғида университетда ёшлар билан ишлаш ҳамда маънавий-маърифий йўналишда амалга оширилаётган лойиҳа ва танловларни самарали ташкил этишда фаол иштирок этиб, университет фаолият самарадорлигини оширишда ўзининг муносиб ҳиссасини қўшиб келаётган, талабалар фестивали доирасида ўтказилган танловларда фаол қатнашган талабаларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш назарда тутилган эди. Бу эса ўз навбатида университет талабалари учун молиявий мустақилликни бериб келмоқда.

Кўриниб турибдики, талабаларни моддий жиҳатдан рағбатлантириш ҳар томонлама университетда мавжуд бўлган моддий ва техник базага боғлиқ бўлиб, бу тизим барча университетлар учун жорий этилиши лозимлигини кўрсатиб беради.

Иккинчидан, талабаларга университет томонидан хизмат кўрсатиш қай даражада ташкил этилганлиги ҳам олий таълим тизимининг сифатини белгилаб беради. Президентимизнинг «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармонига мувофиқ, Тошкент давлат юридик университети томонидан Ўзбекистон Республикасида илк маротаба талабаларга хизмат кўрсатиш маркази ташкил этилган бўлиб, бугунги кунга қадар бу марказ минглаб талабаларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Таъкидлаш жоизки, ташкил этилган марказ талабаларга «Ягона дарча» тамойили асосида хизмат кўрсатади ҳамда уларнинг университет таркибий бўлинмалари ва профессор-ўқитувчилари билан узвий алоқасини таъминлайди. Мазкур марказда талабаларга таълим жараёни бўйича маслаҳат (консультация) ва академик ўқув жараёнига оид ахборот ёрдами бериш, уларнинг ариза ва шикоятларини кўриб чиқиш, турли маълумотномалар бериш хизматлари йўлга қўйилди.

Бу тажриба, яъни талабаларга хизмат кўрсатиш марказини ташкил этиш бошқа университетлар ўқув жараёнида ҳам ташкил этилиши лозим.

Учинчидан, талаба олий таълим муассасасига (ОТМ) ўқишга кирганидан сўнг у ерда айнан қайси фанларни ўрганишни қисман бўлса-да ўзи танлаши мумкинлигини ҳеч тасаввур қилганмисиз? Ёки ҳар бир ўқитувчи семестр бошида талабаларга ўз фани бўйича ёзма дастур «силлабус» тақдим этиб, унда ушбу фан нималар ҳақида эканлиги, унинг талабанинг мутахассис бўлиб шаклланишидаги роли, семестр давомида ўрганиладиган мавзулар рўйхати, талабалар фойдаланадиган адабиётлар рўйхати, баҳолаш мезонлари ҳақида батафсил тушунтириб, шундан кейингина дарсларини бошлашини-чи? Бу талабалар учун бироз эриш туйилиши мумкин, албатта. Бу эса ўз навбатида Ўзбекистон олий таълим тизимида янги қадам қўйишнинг вақти келганлигини исботлайди. Бу кредит-модуль тизими деб ном олган бўлиб, талабаларнинг билим олиши, уларнинг ўз касбининг устаси бўлиб етишишида салмоқли ўрин эгаллайди. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 8 октябрдаги Фармони билан тасдиқланган “Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепцияси"га кўра мамлакатдаги ОТМларнинг 85 фоизи 2030-йилгача босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтиши режалаштирилган. Бу яқин йиллар давомида мамлакатдаги деярли барча ОТМлар кредит-модуль тизимида фаолият юрита бошлашидан дарак беради.

Савол туғилиши табиий: бу тизим қандай ишлайди? Ўзбекистон Республикасида бундай тизим асосида таълим олиб келаётган талабалар сони қанчани ташкил этади? Бу тизим қанчалик ўз самарасини бериши мумкин? Бу тизим ҳозирда олий таълим тизимида мавжуд бўлган камчиликларни бартараф эта оладими ёки йўқ?

Шу ўринда кредит-модуль тизими асосида талабаларга таълим бериб келаётган университет сифатида Тошкент давлат юридик университети бошқа олий таълим муассасаларига ўрнак бўла олади. Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг «Тошкент давлат юридик университетида ўқитишнинг модуль тизими шароитларида талабалар билимини назорат қилиш тартиби ва баҳолаш мезонлари тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида»ги қарорига тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ. Жумладан ушбу қарорнинг 2-боби «Талабалар билимини назорат қилиш турлари» деб номланган бўлиб, 5-бандида қуйидаги норма келтирилган:

Модулнинг назорат жадваллари, назорат турлари ва шакллари, назоратлар сони ҳамда оралиқ ва якуний назоратлар учун белгиланган максимал ва саралаш баллари тўғрисидаги маълумотлар электрон таълим платформасига ўқув семестри бошланишидан олдин киритилади ҳамда педагог ходим томонидан биринчи машғулотда талабаларга эълон қилинади”.   

Бу ўз навбатида ТДЮда кредит-модуль тизимининг асосий талабларидан бири ҳисобланган электрон таълим платформаси мавжудлигининг исботидир.

Ушбу қарорнинг 6-боби «Назоратнинг объективлигини таъминлаш» деб номланган бўлиб, унда қуйидаги асосий тартиб келтириб ўтилган:

Якуний назоратни ўтказишда баҳоларнинг холислигини таъминлаш мақсадида талабалар томонидан бажарилган ишлар электрон таълим платформаси томонидан автоматик равишда идентификация кодлари бериш йўли билан шифрланади”.

Бу эса ўз навбатида таълим тизимида шаффофликни таъминлашга хизмат қилади. Талабанинг ўқиш юкламасининг бу тарзда аудитория ва мустақил ўқиш соатларига ажратилиши яна ОТМлар кутубхоналарида шароитларни яхшилаш, катта ўқиш залларини ташкил этиш, хорижий тилларда чоп этилган нуфузли соҳавий адабиётларни оммавий тарзда таржима қилиш, яъни сифатли ўқув қўлланмалари кўламини янада кенгайтиришни тақозо этади.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоизки, Ўзбекистон Республикасида олий таълим тизимини тубдан такомиллаштириш учун етарлича ҳуқуқий база шаклланган бўлиб, ижро тизимига улкан масъулият юклайди. Олий таълим тизимини ривожлантириш, асосан, талабаларга молиявий мустақиллик бериш, олий таълим муассасаларида мавжуд бўлган моддий техник базасини мустаҳкамлаш, ўзини ўзи молиялаштирадиган тизим жорий қилиш, олий таълим муассасаларини кредит-модуль тизимига ўтказиш орқали амалга оширилади. Зеро, бу орқали диплом чўнтакда, келажак қўлда, хаёлда нима дейишга имкон ҳам қолмайди. 

Ойшажон Аметова,
ТДЮУ Хорижий тиллар кафедраси ўқитувчиси,
Шаҳризода Мамасолиева,
ТДЮУ талабаси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?