Дилдан дилга кўчган шукроналик

19:38 10 Ноябрь 2020 Жамият
286 0

Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси доирасида халқ манфаатларига қаратилган кенг қамровли ислоҳотлар изчил амалга оширилмоқда. Бунда айниқса, ёшларни маданият, санъат, жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш, уларда ахборот технологияларидан фойдаланиш кўникмасини шакллантириш, келажагимиз эгалари ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, хотин-қизлар бандлигини оширишга қаратилган беш ташаббуснинг ўрни ва аҳамияти каттадир. Ушбу ислоҳотларнинг мазмун –моҳияти ва аҳамиятини халқимизга етказиш мақсадида республикамиз бўйича «маҳаллабай» шаклда маънавий-маърифий тарғибот тадбирлари ўтказишга киришилди. Жойларда ташкил этиладиган учрашув ва мулоқотларда аҳолини юртимизда ва дунёда бўлаётган сиёсий, ижтимоий-иқтисодий вазиятдан хабардор қилиш, ислоҳот ва ўзгаришлар натижаларини жамоатчиликка етказиш, фуқаролар кайфиятини кўтариш, ҳар бир кишида Ватан равнақи йўлидаги эзгу ишларга дахлдорлик туйғусини мустаҳкамлаш сингари долзарб вазифалар устувор қилиб қўйилган.

Бугун бутун мамлакатимиз бўйича старт олган «Янги Ўзбекистон — янгича дунёқараш» шиори остидаги тарғибот тадбирлари Наманганда ҳам уюшқоқлик билан бошланди. Ўн кун давомида вилоятдаги мавжуд 775 та маҳалла маънавий-маърифий тадбирлар билан қамраб олиниб, аҳолининг илм-фан вакиллари, таниқли маданият арбоблари, ёзувчи ва шоирлар, эл суйган хонандалар билан учрашувлари, концертлар, китобхонлик кечалари, турли кўргазмалар ташкил этилади. Айни мақсадда тузилган гуруҳлар таркибига пойтахтдан ташриф буюрган, шунингдек, вилоятдаги олим ва ижодкорлар киритилган. Улар орасида Тошкентдаги бир қатор олий ўқув юртларининг таниқли профессор ўқитувчилари ҳам бўлиб, тадбир иштирокчилари ҳузурида турли мавзудаги маърузалар билан чиқадилар. Таниқли санъаткорлар - Ўзбекистон Халқ артисти Мирза Азизов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Алишер Турдиев, «Ниҳол» мукофоти совриндори Гуласал Абдуллаева, ўзбек миллий академик драма театри актёри Ҳамид Тошпўлатов билан юзма-юз учрашувлар кўнгилочар тадбирларга ўзгача мазмун бағишлайди.

— Ўзбекистонда бўлаётган ўзгаришлар бизнинг ҳудудимизни ҳам четлаб ўтгани йўқ,-дейди Наманган туманидаги Тепа Қиёт маҳалла фуқаролар йиғини раиси Шуҳрат Назаров. – Бу, жумладан, маҳалла ободлиги, тадбиркорлик ҳаракатидаги ўсишлар, фарзандларимиз камоли, фуқаролар онгининг юксалиб бораётганида намоён бўлади. Бугунги тадбирга йиғилган 250 нафардан зиёд маҳалладошимиз Наманган муҳандислик технология институти профессори Шоира Мисированинг мазмунли маърузаси орқали юртимиздаги ислоҳотларнинг боришидан янада чуқурроқ бохабар бўлди. Шундан сўнг фарзандлари олий ўқув юртига кирган бир қатор ота-оналар, нуфузли спорт мусобақалари ғолиби бўлган ёшлар, беш ташаббус ҳаракатининг фаол иштирокчиларига туман ҳокимлигининг ташаккурномаси ва эсдалик совғалари топширилди. Ҳунармандлар кўргазмаси, спорт ўйинлари уюштирилди. Санъаткорларнинг куй ва қўшиқларидан кўнгиллар яйради.

Дастлабки куни вилоят туманларидаги 85 та маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида ташкил этилган тарғибот тадбирлари иштирокчилар учун мазмунга бой, завқли онларни ҳадя этди. Юрт тараққиёти йўлидаги ютуқлардан шукроналик туйғуси дилдан дилга кўчди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ
(«Халқ сўзи»)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?