Депутатлар Кармана тумани теримчилари ҳузурида бўлди

09:51 08 Октябр 2021 Жамият
124 0

Фото: Темур Эшбоев / Халқ сўзи

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар масалалари қўмитаси раиси Эркин Гадоев Халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутатлари билан учрашди. Учрашувда Олий Мажлис Сенатининг ўн тўққизинчи ялпи мажлисида кўрилган масалалар ҳамда қабул қилинган қонунлар ижросини таъминлаш борасида депутатлар олдида турган вазифалар, шунинг баробарида кенг жамоатчилик назоратини ўрнатиш самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари муҳокама этилди.

– Ялпи мажлисда кўрилган ўндан ошиқ масала, шу жумладан, 8 та қонун мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг ҳуқуқий негизини такомиллаштиришга, фуқароларнинг қонуний манфаатлари кафолатини янада кучайтиришга қаратилган, - дейди халқ депутатлари Навоий вилоят Кенгаши депутати Саодат Бозорова. – Уларнинг ижросини таъминлашда депутатлар фаоллиги бевосита халқ фаровонлиги ва эртанги кунга ишончи ҳамда давлатдан розилиги омили эканини фаолиятимизда устувор мезон қилиб олишимиз шарт.

Мулоқотда, шунингдек, Президент Шавкат Мирзиёев раислигида республикада экологик ҳолатни яхшилаш, дарахтлар муҳофазасини самарали ташкил этиш ва яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари бўйича жорий йил 24 август куни ўтказилган йиғилишда белгиланган вазифалар ҳам муҳокама этилди. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис палаталарига сенаторлар ва депутатлар томонидан жойларга чиққан ҳолда, белгиланган ҳар бир топшириқ ва вазифалар мазмун-моҳиятини туман (шаҳар)лар ҳокимларига ҳамда секторлар раҳбарларига тушунтириш ишларини ташкил этиш, жамоатчилик назоратини кучайтириш хусусида сўз борди. Мулоқотларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳудудларда қимматбаҳо дарахтларни кесишга қарши эълон қилинган мораторий ижросини таъминлашда жамоатчилик назоратининг олдинги сафида бўлиши кераклиги таъкидланди.

Шу кунларда пахта йиғим-терим мавсумида мажбурий меҳнатга йўл қўймаслик ҳамда теримчилар учун муносиб меҳнат, дам олиш шароитларини яратиш юзасидан мутасадди ташкилотлар фаолиятини ўрганиш бўйича ишчи гуруҳ олдида турган вазифалар тушунтирилди.

Ишчи гуруҳ аъзолари Кармана туманидаги бир қатор фермер хўжаликларида меҳнат қилаётган теримчилар ҳузурида бўлиб, улар учун яратилган қулайликларни яқиндан ўрганди.

Темур ЭШБОЕВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?