Депутатлар Давлат бюджетининг 2020 йил тўққиз ойидаги ижросини кўриб чиқдилар

15:06 18 Ноябрь 2020 Сиёсат
329 0

18 ноябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлисида депутатлар Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил 9 ойи якунлари ижроси тўғрисидаги ҳисоботни муҳокама қилдилар. Муҳокамаларда Молия вазирилиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат статистика қўмитаси, Марказий Банк ва бошқа тегишли вазирлик ва идоралар вакиллари қатнашди.

Йиғилиш Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг youtube видеохостинги ҳамда facebook ижтимоий тармоғидаги расмий саҳифаси орқали тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Бу жараёнда кенг жамоатчилик муҳокамалар юзасидан ўз-фикр-мулоҳазаларини билдириб бордилар.

Ҳукумат тақдим этган жорий йилнинг тўққиз ойлик якунларига оид ҳисоботга кўра, Давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг ижроси Ўзбекистон Республикасининг «2020 йил учун Давлат бюджети тўғрисида»ги Қонунида белгиланган бюджет параметрлари доирасида амалга оширилиб, шунингдек, пандемия оқибатларини бартараф этишга қаратилган.

Дарҳақиқат, коронавирус пандемияси ва глобал инқироз асоратлари Ўзбекистон иқтисодиётига ҳам таъсир ўтказмасдан қолмади. 2020 йилнинг 9 ойи якунига кўра, мамлакатнинг ялпи ички маҳсулоти ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 0,4 фоизга ўсган.

2020 йил 9 ойлик Давлат бюджети даромадлари қарийб 94,5 триллион сўмни ташкил этган бўлса, пандемия шароитларини ҳисобга олган ҳолда аниқлаштирилган прогноз кўрсаткичлари 102,9 фоизга ёки 2 661 млрд. сўмга ошириб бажарилган.

Ўтган 9 ойда Давлат бюджетининг харажатлари давлат мақсадли жамғармаларини ҳисобга олмаган ҳолда 94,5 фоизга ижро этилган ёки бюджет харажатлари ЯИМга нисбатан 25,0 фоиздан иборат бўлди. Пандемия келтириб чиқарган қийинчиликларга қарамасдан, бюджет ташкилотларининг салкам 33,6 триллион сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 7,1 триллион сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштириб берилгани эътиборга молик.

Ҳисобот даврида ижтимоий харажатларни молиялаштириш учун Давлат бюджетидан 53,6 триллион сўмдан ортиқ ёки умумий харажатларнинг 52,5 фоизи миқдорига тенг маблағ сарфланган. Бу харажатлар ЯИМга нисбатан 13,1 фоизни ташкил этди. Уларнинг 84 фоизи ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатлари ҳиссасига тўғри келмоқда.

Маълумки, коронавирус пандемияси даврида аҳоли соғлиғини сақлаш масаласига устувор аҳамият қаратилди. Соғлиқни сақлаш соҳасига Давлат бюджетидан 13,6 триллион сўмдан ортиқ маблағлар йўналтирилган. Бу эса ўтган йилнинг мос даврига нисбатан қарийб 3,1 миллиард сўмга кўп демакдир.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумат қарорларига асосан тасдиқланган соғлиқни сақлаш соҳасига доир Давлат дастурлари ва марказлашган тадбирларга жорий йилнинг тўққиз ойи ичида 431 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилиб, унинг 98 фоизи мақсадли ўзлаштирилган.

Сир эмаски, глобал пандемия шароитида соғлиқни сақлаш соҳасига тасдиқланган бюджет маблағларидан ташқари «Инқирозга қарши курашиш» жамғармаси ҳисобидан ҳам тегишли маблағлар йўналтирилди. Жумладан, Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ва унинг ҳудудий марказларига коронавируснинг янги тури кириб келиши ва тарқалишининг олдини олишга қаратилган тадбирларга жами 2 440,3 миллиард сўм маблағ ажратилган.

Мажлисда депутатлар эътиборни, энг аввало, бюджет маблағларидан мақсадли ва самарали фойдаланиш масалаларига қаратдилар. Халқ вакиллари молия вазирлигининг Давлат молиявий назорати департаменти ва унинг ҳудудий бошқармалари томонидан 2020 йилнинг 9 ойи мобайнида ўтказилган назорат тадбирларида 129 миллиард сўм атрофида бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ҳамда асоссиз харажатлар аниқлаганини салбий баҳоладилар. Бундай ҳолатлар ҳисобот даврида Халқ таълими вазирлиги (389 та ҳолатда 40,7 млрд сўм), Соғлиқни сақлаш вазирлиги (345 тада 22 млрд сўм), Мактабгача таълим вазирлиги тизимида (159 тада 10,7 млрд сўм) энг кўп аниқлангани танқид остига олинди, масъуллар бундан жиддий хулоса чиқариши лозимлигини таъкидладилар.

Бундан ташқари, коронавирусга қарши курашиш тадбирларига жалб этилган бир қатор тиббий муассасалар фаолияти учун Инқирозга қарши курашиш жамғармаси томонидан ажратилган маблағларининг сарфланишида аниқланган 70,7 миллиард сўмлик хато ва камчиликлар, амалдаги қоидаларга риоя этмаслик ҳолатларига ҳам танқидий баҳо берилди.

Муҳокамалар жараёнида депутатлар томонидан бюджетни шакллантириш ва ижросини таъминлашда натижадорлик муҳим экани таъкидланди. Бу борада бюджет тизимида аниқ чора-тадбирлар кўрила бошлангани эътироф этилди. Шу билан биргаликда, бюджет тизимида «Натижага йўналтирилган бюджет»ни шакллантириш ва ижросини таъминлашда жиддий ўзгаришлар сезилмаётгани ҳам кўрсатиб ўтилди. Шу боис, Молия ҳамда бошқа мутасадди вазирлик ва идораларга бюджет маблағларининг натижадорлигига оид маълумотларни кўпроқ ёритиш масаласи қўйилди.

Мажлис иштирокчилари яна бир муҳим масала – Давлат инвестиция дастурига ижтимоий соҳани ривожлантиришга йўналтирилган маблағлар ва улардан мақсадли ва самарали фойдаланиш борасида ҳисоботда етарли даражада таҳлилий маълумотлар киритилмаганини кўрсатиб ўтишди. Шу туфайли аҳолини қийнайдиган газ, ичимлик суви, электр таъминоти, йўллар, боғча, мактаб ва соғлиқни сақлаш масалаларига оид 9 ой якунлари бўйича қўшимча маълумотлар тақдим этилиши мақсадга мувофиқлиги таъкидланди.

Давлат бюджетининг 2020 йилнинг тўққиз ойидаги ижросини ҳар томонлама муҳокама қилиш чоғида сиёсий партиялар фракциялари вакиллари ўз нуқтаи назарлари ва фикрларини баён қилиб, бюджет маблағларидан самарали ва мақсадли фойдаланиш, бюджет ташкилотларида молиявий интизомга амал қилиш, давлат органларининг бюджет ижроси бўйича масъулиятини ошириш юзасидан тавсияларини бердилар.

Ўзбекистон Либерал Демократик партияси фракцияси аъзолари ўзларининг сиёсий йўналишларидан келиб чиққан ҳолда давлат бюджетининг 9 ойлик якунларига оид ҳисоботда ҳар бир вазирлик ва идораларнинг кенгайтирилган харажатларини уларга қўйилган вазифалар билан боғлаган ҳолда кўриб чиқиш зарурлигини таъкидладилар. Шунингдек, фракция аъзолари Молия вазирлиги бюджет параметрларида молиялаштириш даражаси ортда қолаётган биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар билан биргаликда давлат бюджетида кўзда тутилган харажатларни ўз вақтида амалга ошириш бўйича йил якунигача бўлган давр учун молиялаштириш ва уларни мақсадли ўзлаштиришга оид режа ишлаб чиқиб, амалга оширишни таклиф қилдилар.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси фракцияси аъзолари коронавирус пандемияси шароитини ҳисобга олиб, Молия вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ҳамда тегишли вазирлик ва идоралар билан биргаликда қонун ҳужжатларида назарда тутилган солиқ таътили ва имтиёзларини тўлиқ инвентаризациядан ўтказган ҳолда уларнинг самарасизларини бекор қилиш бўйича аниқ таклифлар ишлаб чиқишни ҳамда уларни белгиланган тартибда Вазирлар Маҳкамасига киритилишини илгари сурдилар.

Шунингдек, фракция томонидан Вазирлар Маҳкамасига тегишли вазирликлар, идоралар ва маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда жойларда ўтказилган молиявий назорат тадбирларида аниқланган бюджет интизомини бузиш, пул ва товар моддий бойликлар камомади ва асоссиз харажатларни амалга ошириш ҳолатларининг келиб чиқиш сабабларини чуқур таҳлил қилиш ва қонунбузилиш ҳолатлари олдини олишга қаратилган таъсирчан чоралар кўриш тавсия этилди.

«Адолат» социал демократик партияси фракцияси вакиллари бюджет маблағларидан мақсадли ва оқилона фойдаланиш бюджет харажатлари устидан назоратни кучайтиришда биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилар томонидан ички аудит тизимини фаоллаштириш ва масъулиятини оширишга оид олиб борилаётган ишлар ҳисоботда кенгроқ ёритилиш мақсадга мувофиқлигини, бюджетга ортиқча тўловлар миқдори камаймаётганлиги ва бу борада Давлат солиқ қўмитасининг батафсил ахборотини эшитиш мақсадга мувофиқлигини таъкидладилар. Шунингдек, депутатлар давлат бюджети даромадлари барқарор ўсишини ва солиқ солишнинг адолатлилик тамойилини таъминлаш ва солиқ имтиёзларини тартибга солишга оид қўшимча маълумотлар зарурлигини қайд этдилар.

Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси вакиллари давлат бюджети харажатларида аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш ва бандлигини ошириш, камбағалликни қисқартириш ҳамда ижтимоий ҳимоянинг манзиллилиги борасидаги масалаларга эътибор қаратишди. Мазкур йўналишда мавжуд муаммоларни ҳисобга олган ҳолда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига мамлакатда камбағалликни қисқартириш борасида бюджет маблағлари ҳисобига амалга оширилаётган лойиҳалар ва уларнинг натижалари бўйича Ҳукумат соати доирасида ҳисобот бериб бориш таклиф этилди. Шунингдек, Инвестиция дастури доирасида давлат бюджети ҳисобидан ижтимоий соҳа объектларини қуриш, реконструкция қилиш, мукаммал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларини йил якунигача тўлиқ амалга оширилишини таъминлаш ва бу борадаги ишлар бўйича Вазирлар Маҳкамасига доимий ахборот бериб бориш мақсадга мувофиқ дея фикр билдирилди.

Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси аъзолари Давлат бюджетининг 9 ойлик ижросига оид ҳисоботларда сув ва ер ресурсларини сақлаш, улардан самарали фойдаланиш, энергия ресурсларини тежаш, табиат ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик ҳолатни яхшилашга қаратилган ва бошқа муҳим давлат дастурларини молиялаштириш масалаларига эътибор қаратиш лозимлигини таъкидладилар. Шунингдек, фракция аъзолари ушбу ҳужжатларнинг режалаштирилган давлат харажатлари билан уйғунлигини ва назоратини кучайтириш мақсадида биринчи даражали бюджет маблағларини тақсимловчилари учун Давлат дастурларига ажратилаётган маблағларни алоҳида қаторларда кўрсатиш механизми жорий қилиниши бюджет жараёни шаффофлигини ошириш имкониятини беришини эътироф этдилар.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси муҳокама давомида билдирилган фикр ва мулоҳазалар ҳамда таклифларни атрофлича кўриб чиқиб, Вазирлар Маҳкамасининг Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил 9 ойлиги бўйича ижроси тўғрисидаги ҳисоботни тасдиқлаш ҳақида тегишли қарор қабул қилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?