Депутат туман ҳокими билан нега учрашди?

19:02 01 Апрель 2021 Жамият
420 0

Инсон манфаатларини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, аҳоли муаммоларини ҳал этиш давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан бири ҳисобланади. Шу боис, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси Одинахон Отахонова жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганиш ва уларни ҳал этиш мақсадида Асака туманида бўлди.

Халқ вакили дастлаб туман ҳокими М.Алиханов ва сектор раҳбарлари билан биргаликда сайловчилар томонидан электр энергияси, ичимлик ва оқава сув таъминоти, бандлик, мактаб ва боғчаларни таъмирлашга оид келиб тушган мурожаатлар, ариза ва шикоятларни ҳал этиш масаласида келишиб олдилар.

Депутат О.Отахонованинг тумандаги «Қипчоқ» маҳалла фуқаролар йиғини аҳолиси билан бўлиб ўтган учрашувлари ҳам ғоят қизғин кечди. Мулоқотлар чоғида шу маҳаллада яшовчи Камолиддин Маманазаровнинг табиий газ тармоқларини тортиш бўйича қилган мурожаати жойига чиқиб ўрганилди ва ижобий ҳал этилди.

«Қипчоқ» МФЙда истиқомат қилувчи А.Қирғизов анчадан буён ишсиз. Иш масаласида депутатдан кўмак сўраган фуқаронинг мурожаатини туман ободонлаштириш бўлими раҳбари В.Парпиев ўз зиммасига олди. Эътиборли жиҳати, маҳалладаги 6 километр йўлларни таъмирлаш режага киритилди.

Халқ ноибининг тумандаги «Дастурхончи» МФЙ аҳолиси билан мулоқотлари юқори кайфиятда ўтди. Суҳбат жараёнида фуқаролардан бандлик, имтиёзли кредит ва бошқа масалаларга доир савол ва мурожаатлар келиб тушди. Хусусан, фуқаро Ғанижон Шокировнинг мурожаати шу ернинг ўзида ижобий ечим топди.

Мамлакатимизда эҳтиёжмандларга ёрдам бериш, кексаларни эъзозлаш, беморлар ҳолидан хабар олиш, меҳр-мурувват, оқибат кўрсатиш эзгу анъанага айланган. Шу сабабли парламент қуйи палатаси депутати О.Отахонова «Учтош» МФЙдаги учрашуви давомида 98 ёшни қаршилаган М.Шокирова хонадонида бўлиб, онахон ҳолидан хабар олди.

Депутат М.Шокирова билан дилдан суҳбат қилиб, онахонга эсдалик совғалари улашди.

Маълумки, «Халқпарвар» комиссияси маҳаллий ҳокимликлар ҳамда масъул давлат идораларининг уй-жойлар қуриш учун ер участкаларини ажратиш, қурилиш ишларини ўз вақтида ва сифатли амалга ошириш, субсидия тўланадиган фуқароларни танлаб олиш бўйича ишларни амалга оширади.

Шундан келиб чиқиб депутат Асака туманида «Халқпарвар» комиссияси фаолиятини ўрганиш мақсадида «Қадрият» маҳалла фуқаролар йиғинида хонадонма-хонадон юриб, уй-жой шароитларини яхшилашга муҳтож бўлган фуқаролар рўйхатини шакллантириш бўйича олиб борилаётган ишлар билан қизиқди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?