Депутат кўмаги билан 34 нафар фуқаро ишга жойлашди

10:11 13 Октябр 2020 Жамият
279 0

Иллюстратив фото

Мамлакатимиз мустақиллигининг 29 йиллигига бағишланган тантанали маросимда Президентимиз «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати халқимизни яна бир бор қудратли кучга айлантирганини, барча ватандошларимизни олижаноб мақсад йўлида бирлаштирганини алоҳида қайд этиб ўтдилар.

Албатта бу хайрли ва савоб ишдан партиядошларимиз ҳам четда туришмади. «Саховатли адолатчи» лойиҳаси доирасида Сирдарё вилоятида содир бўлган сув тошқинидан зарар кўрган аҳолига озиқ-овқат, кийим-кечак, кўрпа-тўшак ва бошқа ҳаёт учун зарур бўлган кўмак карвони юборилди. Бундан ташқари, халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутати Эркин Тўхтаев партиямиз даъватига асосан ўз ҳисобидан Сирдарёга 1 та экскаватор, 1 та автотрейлер, 1 та автосамосвал техникалари билан аҳолининг турар жойларини тозалаш ишларига ёрдам кўрсатди. Бундан ташқари, 100 та резина этик ҳам хайрия қилди. Партиядошимиз Эркин Тўхтаев Оқ олтин туманининг «Шодлик» маҳалласидаги 10 та коттеж уйни реконструкция қилиб берди. Мурувватли партиядошимиз вилоят ҳокимлиги қошида ташкил этилган «Саховат ва кўмак» умумхалқ ҳаракати ҳисоб рақамига ўз ҳисобидан 100 миллион сўм хайрия маблағини беминнат ўтказиб берди.

Халқ депутатлари вилоят Кенгаши депутатлари Қўйли Нарзуллаев, Эркин Тўхтаев, вилоят ҳокимлиги мутахассиси, партия фаоли Умарбек Ҳайдаров ва бошқалар Сирдарё вилоятининг Оқ олтин туманидаги 130 уйни сифатли қуришда ўз ҳиссаларини қўшдилар.

Депутатлик гуруҳимиз аъзолари Дилрабо Темирова Шаҳрисабз шаҳридаги «Яшил диёр» МФЙга қарашли 10 та, Мавжуда Жумаева эса Косон туманидаги «Нартибаланд» МФЙнинг 30та, Қўйли Нарзуллаев Миришкор туманидаги МФЙга қарашли 5 та эҳтиёжманд оилаларни ўз оталиқларига олишган.

Қарши шаҳар «Маҳаллот» маҳалласи Ўрикзор кўчасида яшовчи фуқаролар Гулноза Чориева ҳамда Рухсора Тошпўлатовалар партиянинг вилоят Кенгашига жорий йилнинг 24 июль куни 14 ёшгача болалар нафақа пулини олишга амалий ёрдам сўраб мурожаат қилишди. Фуқароларнинг муаммоларини мен обдон ўрганиб, жойида ҳал қилишга эришдим. Ушбу фуқароларнинг икковига ҳам 14 ёшгача бўлган нафақа пули ажратилди. 2020 йилнинг сентябрь ойида уларга нафақа пули тарқатилди.

Қарши шаҳар «Қавали» маҳалласида яшовчи фуқаро Туйғун Абдувоитов ҳам партия вилоят Кенгашига яшаб турган уйининг кадастр ҳужжати, ҳоким қарори бор бўлса ҳам ўз уйига бошқа фуқаро эгалик қилиш учун даъвогарлик қилмоқчилигини айтиб ариза билан шикоят қилди.Ушбу ариза юзасидан мен ўзим ишчи гуруҳ тузиб ўрганиб чиқдим ва масала жойида ўз ечимини топди. Худди шундай шаҳардаги 4-микротумани 20 уй 18 хонадонида яшовчи Матлуба Ибрагимхўжаева ҳам мурожаат қилиб, унда доимий яшаш манзили Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани Боғ кўчаси 16/34 уйда яшаши, аммо Қарши шаҳридаги уйида истиқомат қилмаган бўлса-да, электр тармоқларида нореал қарз мавжудлиги ва унинг уйи электр таъминотидан ноқонуний узилганлиги маълум қилинган. Ушбу мурожаат юзасидан ҳам мен ўзим ва партиянинг Қарши шаҳар Кенгаши раиси А.Сайниязов, шаҳар Кенгаши депутати Қ.Рўзибоев, вилоят электр тармоқлари бошқармаси мутахассиси А.Анваровлар иштирокида ишчи гуруҳ тузилиб, муаммо жойида ўрганилди. Шуни алоҳида қайд этиш керакки, мазкур ҳолат юзасидан фуқаронинг мурожаати асосли эканлиги, унинг электр энергиясидан ҳеч қанақа қарздорлиги мавжуд эмаслиги аниқланди. Шундан сўнг фуқаро Матлуба Ибрагимхўжаеванинг хонадони электр энергиясига улаб берилди.

2020 йилнинг 9 июль куни Шаҳрисабз шаҳар «Кулолчилик» маҳалласи фуқаролари депутатлик гуруҳимизга электр энергияси ўчиб ёниши туфайли уй-рўзғор буюмлари яроқсиз аҳволга келиб қолганлиги, симёғочларнинг эскириб кетганидан қулаб тушиши хавфи ортиб бораётганини шикоят қилишган эди. Ушбу жумбоқ ҳам жойида депутат Дилрабо Темирова ташаббуси билан ўрганилиб, одамларнинг мурожаати ҳақли эканлиги аниқланди. Депутат муаммони тез кунда бартараф этиш юзасидан туман электр тармоқлари раҳбарига депутатлик сўрови юборди. Айни пайтда аҳоли эътирози юзасидан электр энергиясининг нима сабабдан ўчиб ёниши, нечта бетон сим ёғочлар керак бўлиши устида мутахассислар иш олиб боришяпти.

2020 йил 9 август куни Қарши шаҳар Шайхали шаҳарчаси фуқаролари депутат Муҳаббат Шароповага болалар боғчасини ишга тушириб беришда амалий ёрдам беришини сўрашган эди. Ушбу мурожаатга асосан депутат МТМ бошқармаси бошлиғи А.Алимардоновга депутатлик сўрови юборди. Шунингдек, Қарши шаҳридаги «Қарлиқбоғот» МФЙда яшовчи фуқаро Х.Худойқулова ҳам уй-жой масаласида менга мурожаат қилган эди. Унинг аризасини ўрганиб, шикояти ўринли эканлиги сабабли уни қаноатлантириш юзасидан Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг вилоят бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари К.Каромова номига депутатлик сўрови юбордим.

Президентимиз хотин-қизлар ва ёшлар бандлигини таъминлашга ҳар бир раҳбар, депутат масъул эканлигини қатъий белгилаб қўйдилар. Биз давлатимиз раҳбари кўрсатмаларига асосан депутатлик гуруҳимизга мурожаат қилиб келаётган хотин-қизлар ва ёшларга ҳар тарафлама ёрдам кўрсатяпмиз.Масалан, Қарши шаҳридаги «Оқтепа» МФЙга қарашли Ислом Каримов кўчасининг 42-уйида яшовчи Марҳабо Каримова ишга жойлаштириш масаласида шу йилнинг 12 август куни мурожаат қилди. Мен ушбу фуқарони ҳақиқатдан ҳам ишсиз эканлигини ўрганиб, Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасига депутатлик сўрови юборган эдим. Сентябрь ойидан эътиборан эса Марҳабо Каримова ўз мутахассислиги бўйича Қарши шаҳар тиббиёт бирлашмасига ҳамшира сифатида ишга жойлашди.Худди шундай шаҳримиздаги «Махаллот» МФЙда умргузаронлик қилаётган Дилором Ҳазратқулова ҳам ишсизликдан қийналаётганлигини айтиб, депутатлик гуруҳимизга шикоят қилди. Унинг маълум қилишича, 10 дан ортиқ корхона, ташкилот ва муассасаларга иш сўраб мурожаат қилган. Афсуски, унинг бу илтижоси мутасаддилар томонидан ижобий ҳал этилмаган. Мен фуқарони моддий қийналиб қолганлигини тушуниб, уни Қарши тумани тиббиёт бирлашмасига фаррош сифатида ишга жойлашиб олишида кўмаклашдим. Дарвоқе, биргина шу август сентябрь ойларининг ўзида депутатлик гуруҳимиз аъзолари саъй-ҳаракати билан 34 нафар фуқаро доимий иш жойига эга бўлди.

2020 йил 5 сентябрь куни Яккабоғ туманидаги «Мустақиллик» МФЙнинг

Навоий кўчаси 3 –уйида яшовчи фуқаронинг уй-жой масаласидаги қилган мурожаатига асосан туман ҳокими Л. Абдуллаев номига депутатлик сўрови юбордим. Косон туманидаги «Эркатой полвонжон» МТМ раҳбари Д.Раҳмонова ҳам 8 сентябрь куни иш ҳақи масаласида амалий ёрдам беришимни сўраб гуруҳимизга мурожаат қилган эди. Бу муаммо ҳам менинг аралашувим билан масъуллар иштирокида ҳал этилди.

Жорий йилнинг август ойида Шаҳрисабз шаҳар «Янги ҳаёт» МФЙ фуқаролари депутатлик гуруҳимиз аъзоси Дилрабо Темировага 17-умумтаълим мактабида ошхона, спорт зали, фаоллар зали йўқлиги муаммо бўлаётганлиги юзасидан шикоят қилишган эди. Депутат ушбу мурожаатни жойида обдон ўрганиб, таълим муассасасида ҳақиқатдан ҳам ошхона, спорт зал ва фаоллар залига эҳтиёж борлигини инобатга олиб, ушбу биноларни барпо этишда ёрдам бериши ва керакли маблағ ажратиш юзасидан вилоят ҳокими З.Мирзаевга депутатлик сўрови юборди.

Умуман олганда, гуруҳимиз аъзолари билан шу кеча-кундузда депутатлик сўрови, мурожаати, бирор масалани доимий комиссия мажлиси ёки сессия кун тартибига олиб чиқиш учун ўз ваколатимиз доирасида фаолият олиб боряпмиз. Айниқса, жойларда карантин қоидаларига амал қилган ҳолда аҳоли орасида Президентимизнинг БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясидаги маърузаси мазмун-моҳиятини кенг тушунтиряпмиз. Партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалар, мамлакатимиз сиёсий, иқтисодий-ижтимоий ислоҳотларга наф келтириши мумкин бўлган режаларни сўзсиз адо этиш учун барча чораларни кўряпмиз. Халқимизнинг бугуни ва эртасидан кўнгли тўқ, ҳаёти фаровон бўлиши учун ҳаракат қиляпмиз.

Руиддин Раупов,
Қўйли Нарзуллаев,
Халқ депутатлари Қашқадарё вилоят Кенгашидаги
Ўзбекистон «Адолат» СДП депутатлик гуруҳи аъзолари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?