Депутат фикри: Тиббиёт ходимлари ҳам «боди камера» билан таъминланиши лозим

09:47 03 Ноябрь 2022 Жамият
441 0

Иллюстратив фото

Шифокорларга «ҳаётимиз посбонлари», «оқ халатли нажоткорлар» дея таъриф берамиз. Аммо, афсуски, сўнгги пайтларда ушбу соҳа вакилларини ҳақоратлаш, фаолиятига тўсқинлик қилиш ва ҳатто уларга қўл кўтариш билан боғлиқ нохуш ҳолатлар тез-тез кузатилмоқда.

Бу каби кўнгилсизликларнинг олдини олиш мақсадида айни пайтда парламент қуйи палатасида «Тиббиёт ходимининг фаолиятига тўсқинлик қилганлик учун жавобгарлик белгиланиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси муҳокамалардан ўтказилмоқда.

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Қизилгул Қосимова қонунчиликка киритилаётган бу ўзгартишлар ҳақида қуйидаги фикрларни билдирди:

— Тиббиёт ходимларига тажовуз қилиш билан боғлиқ ҳолатлар жамиятимиздаги иллатлардан бирига айланиб бораётгани жуда ачинарли. Бунинг олдини олишда энг самарали йўл ноқонуний хатти-ҳаракатлар учун жавобгарликни кучайтириш, деб ҳисоблайман.

Фикримча, башарти шахс айни вақтда жамоат тартибини бузаётгани ва жамиятга нисбатан очиқдан-очиқ ҳурматсизлик қилаётганини ҳам яққол англаган бўлса, қилмиш безорилик сифатида квалификация қилиниши лозим.

Шу мақсадда Жиноят кодексининг безорилик учун жавобгарликни кўзда тутувчи нормасига жиноятнинг ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажараётган шахсга ёки унинг яқин қариндошларига нисбатан содир қилганини назарда тутувчи қўшимча банд киритиш керак, деб ўйлайман.

Ушбу бандда назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор, деб топилганлар уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши мумкин бўлади. Ўз ўрнида бу катта профилактик таъсир кучини кўрсатади.

Шу билан бирга, кўчада «Тез ёрдам» машинасига йўл бермаслик ҳолатларига нисбатан ҳам жарималар ҳажмини кўпайтириш керак. Хусусан, «тиббиёт ходими», «тиббий ёрдам» каби тушунчаларга таъриф берилиб, тиббиёт ходимлари фаолиятига аралашганлик қонунчиликда тегишли тартибда жавобгарликка сабаб бўлиши белгиланиши зарур.

Бундан ташқари, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс тиббиёт ходими фаолиятига қонунга хилоф равишда аралашганлик учун жавобгарликни назарда тутувчи меъёр билан тўлдирилиши ҳам турли ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Hазаримда, тиббиёт ходимлари ҳам «боди камера» билан таъминланиши лозим. Масалан, ички ишлар органлари ходимларида ана шундай мосламалар мавжуд. Бу орқали фуқароларнинг ҳам, тиббиёт ходимининг ҳам масъулияти ошади, зўравонликларга барҳам берилади, деб ўйлайман.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер