Демократия юксак билим ва маънавий тарбияни талаб этади

20:54 23 Июль 2021 Жамият
276 0

Кейинги йилларда дунё ижтимоий-сиёсий луғатида «Янги Ўзбекистон» атамаси пайдо бўлди. Буни Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг узоқни кўзлаган, оқилона сиёсати самараси, халқаро миқёсда амалга ошираётган саъй-ҳаракатлари инъикоси, десак, асло муболаға бўлмайди.

Чунончи, ўтган қисқа вақт ичида барча соҳа ва тармоқларда кенг кўламли изчил ислоҳотлар амалга оширилди. Юртимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг Бош қомусимизда белгилаб қўйилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўла таъминлашга, мамлакатни демократик янгилаш ва модернизациялашга алоҳида эътибор қаратилди.

Аҳоли фаровонлигини юксалтириш, ишлаб чиқариш ва иқтисодиётнинг етакчи тармоқларини ривожлантириш мақсадида валюта бозори либераллаштирилиб, мамлакатимиз ҳамда хорижлик ишбилармонлар учун қулай инвестиция муҳити яратилди. Банк-кредит соҳаси тубдан ислоҳ қилинди. Айниқса, ишсизлик, камбағаллик сингари ижтимоий муаммоларга барҳам беришга қаратилган устувор дастурлар ҳаётга татбиқ этилди.

Ташқи сиёсий стратегияда муҳим қадамлар ташланди. Авваламбор, миллий манфаатларимизга тўла мос келадиган, яқин ва узоқ хорижий мамлакатлар билан кўп қиррали ҳамкорликни ривожлантиришга қаратилган прагматик, очиқ ва конструктив ташқи сиёсат йўлга қўйилди.

Мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги нуфузини янада юксалтириш йўлидаги яна бир муҳим қадам, бу – мажбурий ва болалар меҳнатидан тўла воз кечилгани бўлди. Коррупция ва хуфиёна иқтисодиётга қарши курашиш давлат сиёсати даражасига кўтарилганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Президентимиз ташаббуси билан давлат ҳокимияти тизимида халқ қабулхоналари, Президентнинг виртуал қабулхонаси жорий этилди. Халқ фикри мамлакат ички ва ташқи сиёсатининг ҳал қилувчи омилига айланиб, «халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак» деган тамойил ислоҳотларнинг бош мақсадига айланди. Ҳар бир фуқаронинг мустақил фикрлаши, сўз эркинлиги ҳуқуқига эга бўлиши жамиятимизда демократик қадриятларнинг амалда намоён бўлишида муҳим пойдевор бўлмоқда.

Аммо шуни ҳам очиқ айтиш керакки, янги Ўзбекистонда демократик ислоҳотлардан, яратилаётган ижтимоий-сиёсий имкониятлардан ўзининг тор манфаатлари йўлида фойдаланаётганлар ҳам, афсуски, йўқ эмас. Айрим шахслар оғизда ўзларини «демократ», «инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси» қилиб кўрсатиб, амалда унга зид хатти-ҳаракатларни содир этмоқда.

Масалан, ижтимоий тармоқларда раҳбарларни обрўсизлантириш, ҳақоратлаш, уларга туҳмат қилиш, ахлоқ-одоб қоидаларидан четга чиқиш ҳолатлари кузатилмоқда. Ваҳоланки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 1-моддасида «Ўзбекистон – суверен демократик республика», деган қоида мустаҳкамлаб қўйилган. Шу сабабли, бугунги кунда «демократия» сўзининг мазмунини одамларга, айниқса, ёшларга кенг тушунтириш, жиноятчиликни юзага келтирувчи шарт-шароитларга қарши курашиш долзарб вазифа бўлиб турибди.

«Демократия» сўзининг луғавий маъноси – «халқ ҳокимияти»дир. Унинг мазмунини халқ томонидан шакллантириладиган, бошқариладиган ва назорат қилинадиган сиёсий тизим ташкил этади. Демократик тизимда халқ қонунлар орқали давлат ҳокимиятини бошқаришда бевосита ёки билвосита иштирок этади. Бироқ давлат бошқарувини ваколатли, яъни халқ сайлаб қўйган субъектлар – Президент, Парламент ва маҳаллий Кенгашлар амалга оширади.

Демократия мураккаб, серқирра жараён бўлиб, у бир томондан, эркин фикрлаш ва танлаш ҳуқуқини беради, бошқа томондан эса, қонунларга сўзсиз итоат қилиш масъулиятини ҳам юклайди. Француз мутафаккири, демократия назариётчиси, «Қонунлар руҳи ҳақида» асари муаллифи Ш.Монтескьё жамиятни қонунлар бошқариши, шахслар қонунларга итоаткор бўлиши зарурлигини таъкидлаган. Чунки демократик бошқарув шароитида одамлар қонунларга итоат қилмаса, ҳар қадамда уни четлаб ўтишга ҳаракат қилса, демократия охлократия (оломон ҳокимияти)га айланиб кетади. Алалоқибат жамият инқирозга юз тутиб, давлатчилик таназзулга юз тутади. Бунга тарихда мисоллар кўп.

Буюк Рим империясида бошбошдоқлик бошланиб, сиёсий билим ва тажрибаси йўқ, популистлар императорликка даъво қилмаганида, салтанат (давлат) варварлар (билимсиз, маданиятсиз, касб-корсиз оломон) томонидан босиб олинмаган бўлар эди. Демак, бошбошдоқлик демократияни вайронкор кучга айлантиради. АҚШ Мустақиллик декларациясининг муаллифи Бенжамин Франклин: «Эркинлик олови нафақат яратувчи, балки вайронкор куч ҳамдир», дея бежиз айтмаган. Шу ўринда, Демокритнинг «демократияни билимсизлик ва тарбиясизлик емиради», деган фикрини ҳам эслаб ўтиш жоиз.

Демократия сиёсий билим ва тажрибани талаб этади. Ҳар бир инсон ўзини ўзи бошқариш, назорат қилиш, баҳолаш учун етарли сиёсий билим ва тажрибага эга бўлмаса, демократик тизим камчилик ва нуқсонлардан холи бўлмайди, аксинча, обрўсизланиб боради. Чунки демократия якка шахсга бўйсунадиган тизим эмас, балки кўпчиликнинг хоҳиш-иродаси билан амалга ошадиган давлат бошқарувидир. Демократик бошқарувда ҳар бир инсон нуқсон ва камчиликларни ташқаридан эмас, аввало, ўзидан излаши лозим.

Немис инсон ҳуқуқлари назариётчиси И.Кантнинг фикрича, душман қидириш, камчиликларни рўкач қилиб, халқ орасида меҳнатсиз обрў топишга интилиш иккиюзламачиликдир. Иккиюзламачилик – демократияга зид ҳодиса.

Бугун янги Ўзбекистонда бунёдкорлик ва яратувчанлик, давлат ва жамиятга наф келтириш, мамлакатни ҳар томонлама ривожлантираётган инсонлар фаолиятидан камчилик қидираётган, кимнидир айбдор қилиб, обрўсизлантираётган, ўзини демократиянинг «байроқдор»и сифатида кўрсатаётган шахсларга шунчаки кўз юмиб бўлмайди. Шундай экан, ахлоқ-одоб доирасидан чиқиб, мансабдор шахсларнинг обрўсини туширишга қаратилган ҳаракатларга нисбатан ҳуқуқий чора-тадбирлар белгиланиши шарт.

Бугун сиёсий билим ва тажрибага эга бўлмай туриб, ижтимоий тармоқлар орқали ўзини раҳбарликка даъвогар сифатида танитаётганлар ҳам учрамоқда. Ўзбекистон қонунчилигида Президентликка номзод сайлов кампанияси бошлангунига қадар Адлия вазирлиги томонидан камида тўрт ой олдин рўйхатга олиниб, сиёсий партиялар томонидан кўрсатилиши белгилаб қўйилгани, Ўзбекистон халқи номидан гапириш ҳуқуқига фақат Президент ва Олий Мажлис эга эканини инобатга олсак, мазкур шахслар қонунга зид ҳаракатлар содир этаётганини англаши зарур.

Сиёсат бобида етарли билим ва тажрибага эга бўлмай туриб, ўзини сиёсатчи қилиб кўрсатувчиларни популист, демагог, деб аташади. Чунки сиёсат бу — юксак илм ва сиёсий тажриба уйғунлашуви. Сиёсий фаолиятда билим ва тажрибанинг етишмаслиги халққа зиён, давлатчиликка путур етказади.

Дунё давлатчилиги тарихидан маълумки, сиёсий билим ва тажрибага эга бўлмаган шахсларнинг давлат тепасига келиши жамият тараққиётига салбий таъсир кўрсатади. Масалан, Россияда Иван Грознийнинг ўғли Фёдор, Францияда – Людовиг XVI, Англияда – «қонли Мария» жамиятни инқирозга олиб келган. Бу каби мисолларни бошқа давлатлар тарихида ҳам кузатиш мумкин.

Давлат раҳбарлигига даъвогар шахс халқаро миқёсида тафаккур юритадиган, бой сиёсий тажрибага эга, амалий ишлари билан халқ ишончини қозонган бўлиши лозим. Ўтмишда ҳам, бугун ҳам сиёсатдаги популист, демагогларга шуҳратпарастлик касали хос бўлган. Минг афсуски, айрим бошбошдоқлик, бошқариладиган хаос ҳукм сураётган мамлакатларда популистлар ўзларининг ғаразли мақсадларини илгари сурмоқда. «Осилсанг баланд дорга осил», «ётиб қолгунча отиб қол» каби ўзбек мақолларини популистларга нисбатан ишлатиш мумкин.

Таъкидлаш жоизки, жамият, расмий сиёсат «эксперимент» ўтказиладиган соҳа эмас. Халқаро ҳуқуқда жамият устида ўтказилган ҳар қандай эксперимент жиноят сифатида талқин этилади.

Популист жавобгарлик ва масъулиятдан қочади. Унинг наздида, ҳамма нарсани гапириш ва қилиш мумкин, аммо улар ҳеч нарсанинг оқибати учун жавоб бермаслиги керак. Ваҳоланки, сиёсат масъулият демакдир. Масъулиятсиз одамдан эса ҳеч қачон яхшилик чиқмайди.

Популист, биринчидан, ижтимоий фикрни давлат ҳокимиятига қарши шакллантириши билан хавфлидир. Иккинчидан, «ташқи кучлар» популистлардан ўз мақсадлари йўлида фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Энг хатарлиси ҳам, популистларнинг ўзлари англаб ёки англамаган ҳолда ташқи кучлар қўғирчоғига айланиб қолишидир. Чунки, сиёсат оламида популистлар ҳамиша «ташқи кучлар» манфаатларининг тарғиботчиси бўлади.

Глобаллашув жараёнлари жадал кечаётган ҳозирги даврда одамларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллашуви кузатилмоқда. Фуқароларнинг давлат ва жамият ҳаётига доир масалалар ечими юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини эркин баён этиши оддий ҳолга айланди. Албатта, бундай ижобий тамойилни қўллаб-қувватлаш зарур. Бироқ, афсуски, «гуруч курмаксиз бўлмайди», деганларидек, инновацион ахборот технологияларидан, хусусан, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишда одоб-ахлоқ қоидаларига зид ибораларни қўллаётган, сўз масъулиятини ҳис қилмайдиган, «ҳамма нарсани давлат муҳайё қилиб бериши шарт», деган боқиманда дунёқараш асосида фикрлаётганлар ҳам оз эмас.

Ўйлантирадиган жиҳати, улар Ўзбекистон эришаётган ютуқларни бир ёқлама баҳолаб, тарихий тараққиёт йўлимиздаги кенг кўламли ислоҳотларни ўзларининг тор манфаати ва дунёқараши билан ўлчамоқда. Жамиятдаги баъзи камчиликларни «пашшадан фил ясаш» қабилида ижтимоий тармоқлар орқали кўз-кўз қилиб, мамлакатимизнинг халқаро майдондаги обрўйига путур етказишга ҳаракат қилмоқда.

Ўзини «мухолифатчи» деб ҳисоблайдиган кучлар айнан ана шу қатлам орқали халқ норозилигини келтириб чиқаришга қаратилган ҳаракатлар содир этмоқда. Бундай вазиятда фуқароларнинг «сиёсий тарбияси» масаласи долзарб аҳамият касб этади. Инглиз файласуфи, демократик тафаккур соҳиби Жон Локк: «Тарбия инсон тафаккурини шунчалик бойитиши керакки, одамлар сиёсий ҳаёт ва амалий фаолиятга қодир бўлсинлар», дея бежиз таъкидламаган.

Дарҳақиқат, сиёсий тарбия орқали фуқароларга ўзини ўзи бошқариш, баҳолаш, назорат қилиш, масъулиятли бўлиш, қонун, ахлоқ доирасида ҳамда учинчи шахс ҳуқуқларига зиён етказмасдан яшаш қоидалари ўргатилади. Сиёсат – жамиятни бўлишга эмас, балки бирлаштиришга хизмат қиладиган қадрият.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, айрим мамлакатларда амалга оширилган «рангли инқилоб»лар фуқароларнинг сиёсий тарбиясига етарли эътибор берилмаганлиги натижасидир. Сиёсий тарбия орқали фуқаролар сиёсат текис, зиддият ва камчиликларсиз кечадиган ҳодиса эмаслигини, балки мавжуд қийинчилик ва муаммоларни тинч йўл билан ҳал қилиш санъати эканини англайди.

Бугун тараққиёт йўлида дадил одимлаётган янги Ўзбекистон учун унинг ривожига тўсиқ бўладиган, ўзи ишламай, ишлаётганларга халал берадиган, «қанча ёмон бўлса, шунча яхши» қабилида фикр юритадиган, кузатувчи ва томошабин позициясида турадиган одамлар эмас, аксинча, юртга дахлдорлик билан яшайдиган, мамлакатни ривожлантиришга ҳисса қўшадиган, халқ ва давлат учун ҳалол, виждонан ва сидқидилдан хизмат қиладиган, бир сўз билан айтганда, ватанпарвар, фидойи, ташаббускор шахслар керак.

Шундай экан, ижтимоий тармоқларда вақтни бемақсад ишлар, фисқу фасод гаплар билан зое кетказмай, Ўзбекистонни янада тараққий топтириш, унинг ёруғ истиқболи учун бир тану бир жон бўлиб бирлашиш, фақат ва фақат бунёдкорликка интилиш мамлакатимизда яшаётган ҳар бир фуқаронинг эзгу амалига айланмоғи зарур. Чунки юксак тараққий топаётган замон биздан янгича фикрлаш, ишлаш, муаммоларни ҳамжиҳатликда ечиш, интеллектуал ривожланишни талаб қилмоқда.

Рустам ҲОТАМОВ,
Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги
академияси бошлиғи

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?