Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш нега керак?

18:40 30 Ноябрь 2020 Жамият
512 0

Ўзбекистон Республикаси «Фуқаролиги тўғрисида»ги Қонунга асосан 2020 йил 28 сентябрда Вазирлар Маҳкамасининг 592-сонли қарори қабул қилинган. Ушбу қарор билан Низом асосида Ўзбекистон Республикаси фуқаролигига қабул қилишда чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш тартиби ишлаб чиқилган.

Тартибга кўра Ўзбекистон Республикасининг фуқаролигига қабул қилишда талабгорларнинг давлат тилини билиш даражасини аниқлаш Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети ҳузуридаги Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш маркази ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан тўлов (базавий ҳисоблаш миқдорининг 20 фоизи миқдорида) асосида амалга оширилади.

Давлат тили бўйича имтиҳон талабгорнинг доимий яшаш ёки вақтинча турган жойи бўйича Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларида ўтказилади.

Давлат тилини билиш даражасини аниқлаш учун синов имтиҳони топширилади.

Талабгор давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича синов имтиҳонида қатнашиш учун ариза билан Марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига шахсан ўзи (узрли сабаблар мавжуд бўлганда, яъни касаллик ва консуллик муассасаси мавжуд бўлмаганда нотариал тартибда тасдиқланган илтимоснома ишончли шахслар орқали) ёхуд электрон тарзда мурожаат қилиб, қуйидаги ҳужжатларни тақдим этади:

1. шахсини тасдиқловчи ҳужжат (чет давлат фуқароси ёки фуқаролиги бўлмаган шахснинг туғилганлик ҳақида гувоҳномаси ҳамда Ўзбекистон Республикасида яшаш гувоҳномаси ёки ID-картаси) (ҳужжатлардан нусха олиниб, асли эгасига қайтариб берилади);

2. 3,5 х 4,5 см ўлчамли рангли, орқа фони оқ рангдаги 2 дона фотосурат;

3. тўлов тўланганлиги тўғрисидаги квитанция.

Ҳужжатлар қабул қилиб олинганидан сўнг, талабгорга ҳужжатлар қабул қилинганлиги тўғрисидаги синов имтиҳонини ўтказиш вақти кўрсатилган маълумотнома (электрон қилинган мурожаатга маълумотнома электрон тарзда) тақдим этилади.

Синов имтиҳони топшириш ҳужжатлар тақдим этилганидан сўнг бир ой муддатда ўтказилади.

Синов имтиҳонлари Алишер Навоий номидаги Тошкент давлат ўзбек тили ва адабиёти университети томонидан тасдиқланган таркибдаги давлат тилини билиш даражасини аниқлаш бўйича синовларни ўтказиш учун ҳудудий имтиҳон комиссиялари томонидан ўтказилади.

Синов имтиҳонларида иштирок этиш учун оммавий ахборот воситалари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамда бошқа фуқаролик жамияти институтлари вакиллари кузатувчи сифатида иштирок этиш учун таклиф этилиши мумкин.

Синов имтиҳони тест, ёзма ва оғзаки шаклларда ўтказилади.

Тест талабгорнинг кундалик турмушида фойдаланувчи содда хабарлар, тил эгаси билан таниш ва махсус мавзуда мулоқотга киришганда фойдаланиладиган маълумотлар асосида тузилган 10 та мантиқий саволлардан иборат.

Тест саволларига тўғри жавоблар учун бериладиган энг кўп балл 30 баллни ташкил этади. Тест саволларини ечиш учун 15 дақиқа вақт берилади.

Ёзма синов шакли диктант шаклида ёки талабгорнинг содда анкеталарни шахсий маълумот билан тўлдира олиш, расмий хат, иш юритиш қоғозларини (ариза, розилик хатлари, резюме) ёза олиш даражасини аниқлаш мақсадида маълум бир топшириқни (анкета тўлдириш, ариза ёзиш каби) ёзиш тарзида ўтказилади.

Ёзма синов учун бериладиган энг кўп балл 30 баллни ташкил этади. Ёзма синовни бажариш учун 15 дақиқа вақт берилади.

Оғзаки синов шакли талабгорнинг ўзи ҳақида оғзаки маълумот бера олиш, ижтимоий-маиший мавзуда таклиф этилган суҳбатга кириша олиш, фикрини содда тарзда тушунтириб бера олиш, таниш мавзуларда ўз фикрини билдира олиш (китоблар, фильмлар, мусиқа хусусида), ҳикоя ёки муҳокама мазмунини содда иборалар билан қисқача гапириб бера олиш даражасини билиш мақсадида тузилган саволлар асосида ташкил қилинади.

Оғзаки синов учун бериладиган энг кўп балл 40 баллни ташкил этади. Оғзаки синовни бажариш учун 10 дақиқа вақт берилади.

Синов имтиҳони якунлари бўйича энг юқори баллнинг 50 фоизидан (50 баллдан) кам балл олган талабгор синов имтиҳонидан ўтмаган деб ҳисобланади ва қайта қатнашиш учун синов имтиҳони ўтказилган кундан бошлаб камида бир ойдан кейин ариза (қайта тўлов амалга оширилганлиги тўғрисидаги квитанция илова қилинган ҳолда) билан мурожаат қилади.

Синов имтиҳони натижалари уч кун муддатда эълон қилинади.

Минимал талаблар асосида синов имтиҳонларидан муваффақиятли ўтган талабгорларга Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан белгиланган шаклдаги давлат тилини билиш тўғрисидаги малака сертификати берилади. Малака сертификати муддатсиз амал қилади.

Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан малака сертификатлари реестри юритилади.

Малака сертификатлари реестрида қуйидагилар кўрсатилиши лозим:

  1. талабгорнинг фамилияси, исми, отасининг исми;
  2. туғилган санаси ва жойи;
  3. шахсини тасдиқловчи ҳужжат (церийаси ва тартиб рақами, ким томонидан ва қачон берилганлиги);
  4. Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг малака сертификати бериш тўғрисидаги тегишли буйруғи санаси ва тартиб рақами;

5. малака сертификатининг церийаси, тартиб рақами ва берилган сана.

Малака сертификати шахсини тасдиқловчи ҳужжат кўрсатилган тақдирда талабгорга ёки унинг қонуний вакилига берилади.

Малака сертификати QR-код (матрикс штрихли код) билан тасдиқлаган ҳолда электрон тарзда тақдим этилиши ҳам мумкин.

Йўқолган, талабгорнинг айби билан маълумотлар нотўғри киритилган ёки яроқсиз ҳолга келтирилган малака сертификати ўрнига талабгорнинг аризасига кўра Марказ ва унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан унинг дубликати берилади.

Бунда малака сертификати дубликати тайёрланганлиги учун йиғим ундирилмайди ҳамда аввал берилган (йўқотилган малака сертификатларидан ташқари) малака сертификати марказ ёки унинг ҳудудий бўлинмаларига қайтарилади.

Ш.Бахронов,
Учқудуқ туман иқтисодий суди ходими

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?