Давлат раҳбари Қорақалпоғистоннинг ишга солинмаган имкониятларини кўрсатиб берди
Фото: Президент матбуот хизмати
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида ўтган йиғилишда Қорақалпоғистон аҳолисини рози қилиш, ҳаётини яхшилаш, инсон қадрини улуғлаш бўйича ҳудуд раҳбариятида ташаббускорлик етишмаётгани, туман ҳокимлари эса бунга масъулиятсизлик билан ёндашаётгани кўрсатиб ўтилди, амалга оширилаётган ишлар етарли эмас, деб топилди.
Йил бошидан Бўзатов, Беруний, Қораўзак, Кегейли, Мўйноқ, Тахиатош, Тахтакўпир, Хўжайли ва Шуманайда инвестиция 5 миллион долларга ҳам етмагани қайд этилди.
Инвестиция ҳисобига ташкил қилинган баъзи корхоналар ишламаётгани, ҳудудда экспорт 100 миллион доллардан кам бўлгани танқид қилинди.
Йил бошидан Қорақалпоғистондаги корхоналар 350 миллиард сўмлик солиқ имтиёзларидан фойдаланди.
Натижада тадбиркорлар “соя”дан чиққани, фаолиятини кенгайтиргани ҳисобига 4 минг аҳоли ишли бўлди. Лекин, имтиёз олган айрим корхоналарда иш ўринлари камайган.
Нукус, Кегейли, Чимбой, Қораўзак ва Тахтакўпир туманларини “ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудуд”га айлантириш ишларида сусткашликка йўл қўйилаётгани қайд этилди.
Қорақалпоғистонда бизнес учун яратилган имконият ва шароит бошқа бирорта вилоятда йўқлиги ҳисобга олинса, шаҳар-туман ҳокимлари бу имкониятларни лойиҳа ва иш ўрнига айлантира олганда, кўрсаткичлар 5-10 карра юқори бўларди, деди давлатимиз раҳбари.
Давлатимиз раҳбари ҳудуднинг ишга солинмаган имкониятларини кўрсатиб берди.
Масалан, туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаси. Йил бошидан Қорақалпоғистонга 1 миллион 300 минг сайёҳ ташриф буюрди. Лекин меҳмонхона ўринлари 2,5 мингга ҳам етмагани учун туристлар нари борса 1-2 кун вақтини Қорақалпоғистонда ўтказаяпти.
Нукус шаҳрида жойлашган Аччиқ-кўл атрофидаги 20 гектарда турар-жой комплекси, замонавий меҳмонхона ва дам олиш масканларини ташкил қилиш мумкин.
Нукус шаҳри ва туманидан ўтган Дўстлик канали ва Кегейлидаги “Кегейли” канали бўйида йирик савдо ва сервис мажмуаларини барпо қилса бўлади.
Нукус шаҳрида жойлашган “Истиқлол” парки 5 йилдан буён ишламаяпти. Ушбу боғ хусусий шериклик асосида фойдаланиш учун берилса, тадбиркорлар 10 миллион доллар сармоя киритиб, замонавий парк барпо этиш таклифини берган.
Амударё, Тўрткўл, Беруний, Хўжайлида туристларни жалб қилиш бўйича жуда катта салоҳият борлиги таъкидланди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Вазир ўринбосари хотинини алдагани учун ишдан бўшатилди
- Қурилиш материаллари уюшмаси қошида синов лабораторияси ташкил қилинади
- Ўзбекистондаги МЧЖлар сони 470 мингтага яқинлашди
- Ўзбекистонда доллар курси кўтарилди
- Сенатда коррупцияга қарши курашиш борасидаги ишлар муҳокама қилинди
- Доллар курси узоқ вақт кўтарилишдан сўнг пастлади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг