Давлат хизматлари: қўлай ва ортиқча оворагарчиликсиз

12:20 23 Август 2022 Жамият
259 0

Cўнгги йиллардаги ислоҳотлар натижасида аҳоли ҳамда тадбиркорлик субъектларига қулай ва тезкор давлат хизматларини тақдим этишнинг замонавий инфратузилмаси барпо этилди. Аҳолига давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимининг сифат жиҳатидан янги даражага ўтишини таъминлаш мақсадида 2017 йилда ҳар бир туман ва шаҳарда давлат хизматлари марказлари иш бошлади.

Бу марказлар орқали кўрсатилаётган хизмат турлари тўрт йил давомида 4,5 баробар ортиб, 37 тадан 176 тага етди. Ушбу хизматларнинг 10 таси жорий йилнинг 6 ойи давомида йўлга қўйилди, 52 таси бепул хизматдир. Ҳозир марказларда 2250 дан зиёд ходим меҳнат қилмоқда.

Таъкидлаш керакки, давлат хизматларини кўрсатиш ва ушбу соҳани ривожлантиришда аҳолига янада қулайлик яратишга алоҳида эътибор қаратилади. Сўнгги 3 йилда давлат хизмати кўрсатишни сифат жихатдан яхшилаш ва модернизация қилиш бўйича 30 дан ортиқ Президент ҳужжатлари қабул қилинди. Натижада 200 дан ортиқ давлат хизматлари қайта кўриб чиқилиб, соддалаштирилди, талаб этиладиган ҳужжатлар сони 2 бараварга (221 тадан 95 тага), хизмат кўрсатиш муддатлари 499 кундан 271 кунга (46 фоиз) қисқартирилди.

Давлат хизматлари марказлари орқали 2018—2022 йилларда жами 40 миллиондан ортиқ хизмат кўрсатилди. Бугунги кунда мамлакатимиз бўйича бир кунда ўртача 45—50 минг аҳоли давлат хизматлари марказлари хизматларидан фойдаланмоқда. Биргина жорий йилнинг олти ойи давомида 5,5 млндан ортиқ давлат хизматлари кўрсатилган.

Олис ва чекка ҳудудда яшовчи фуқароларимизга енгиллик яратиш, уларнинг вақтини тежаш мақсадида 900 мингдан ортиқ сайёр (мoбил) давлат хизматлари кўрсатилган. Шундан жорий йилнинг 6 ойи давомида кўрсатилган сайёр хизматлар сони 270 мингдан ортиқни ташкил қилди.

Фуқаролар оворагарчилигининг олдини олиш мақсадида туман (шаҳар) марказидан 50—100 километр узоқ ҳудудларда 141 та филиал ташкил этилди. Давлат хизматлари марказларининг 170 та замонавий биноси фойдаланишга топширилди. Қисқа муддатларда, барча марказларни замонавий бино билан таъминлаш чоралари кўрилди ва бу жараён давом этмоқда.

Бюрократияни олдини олиш мақсадида қабул қилинган 4 та “пакет” ҳужжат аҳоли ва тадбиркорлардан 73 турдаги ҳужжат ва маълумотномаларни талаб этилишини бекор қилиш, 400 тадан ортиқ тартиб-таомиллар соддалаштириш имконини берди. Натижада йилиги ўртача 20 млндан ортиқ фуқаронинг оворагарчилигига чек қўйилди ва уларнинг қарийб 300 млрд сўмдан ортиқ маблағлари тежалади.

Аҳолининг давлат хизматларидан фойдаланишини осонлаштириш мақсадида бугунги кунда шахсни идентификациялашнинг Мобил-ID тизими ишлаб чиқилмоқда. Ушбу тизим фуқароларга электрон рақамли имзодан фойдаланмаган ҳолда барча давлат хизматларидан фойдаланиш имконини яратади.

Масалан, ҳозирда 3,1 млндан ортиқ фаол электрон имзо мавжуд бўлиб, уларнинг амал қилиш муддати 2 йилни ташкил этади. Мобил-ID тизими эса, мобил алоқа хизматларидан фойдаланаётган 24 млн аҳоли учун алоҳида флеш-картани олиб юрмасдан хизматлардан фойдаланиш имконини беради.

Давлат хизматлари марказлари орқали кўрсатиладиган барча хизматларни “экстерриториал” тамойил асосида кўрсатиш йўлга қўйилди. Яъни, аҳоли ва тадбиркорларимиз доимий рўйхатдан ўтган жойидан (пропискага) ёки яшаш жойидан қатъий назар исталган жойдаги ёки ўзларига қулай жойдаги давлат хизматлари марказларига мурожаат қилиб, хизматлардан фойдаланишлари мумкин.

Давлат органларининг иш услуби ўзгариб, соҳасини рақамлаштириш чораларини кўрябди, бекор қилинган ҳужжатларни аҳолидан талаб қилмаслик учун ўзининг ахборот тизимини шакллантирябди.

Аҳолининг электрон (масофавий) давлат хизматларидан фойдаланиш улуши 15 фоиздан ошди.

Юздан ортиқ хизатларнинг тўловлари қисқартирилди. 2 турдаги хизмат учун тўлов ундириш бекор қилинди. 50 таси хизматлар бепул кўрсатилмоқда.

Аҳолига қўлайлик яратиш ва тадбиркорлик соҳани ривожлантиришда муҳим йўналиш — лицензиялаш ва рухсат бериш тартиб-таомилларини соддалаштириш. Бир йил олдин “Лицензиялаш, рухсат бериш ва хабардор қилиш тартиб-таомиллари тўғрисида”ги Қонунининг қабул қилиниши муносабати 100 га яқин қарорлари ўз кучини йўқотган деб топилди ва ягона тартиб белгиланди.

Лицензия ва рухсат бериш ҳужжатлари 30% га қисқартирилди. 102 та лицензия бекор қилинди (68 та лицензия, 34 та рухсатнома). Қонун билан 49 та лицензиялар, 120 та рухсат бериш ҳужжатлари, 33 та хабарноманинг якуний рўйхати тасдиқланган. Соҳада илк маротаба хабардор қилиш институти жорий этилди.

Битта ҳужжат билан барча низомлар тасдиқланди, шу соҳани тартибга солувчи 250 дан ортиқ ҳужжатлари бекор қилинди. Аҳолимиз, аввалгидек 200 дан ортиқ ҳужжатга мурожаат қилиб юрмайди.

“Лицензия” ахборот тизими яратилди ва жараён электронлаштирилди. Натижада лицензия ва рухсатномлардаги мавжуд 15 мингдан ортиқ талаблар ва шартлар 2 бараварга, лицензия ва рухсатномаларни расмийлаштириб бериш муддатлари 2—3 бараварга қисқартирилди. Лицензия ва рухсатномаларни махсус бланкаларда чоп этиш учун ҳар йили сарфланадиган 13 млрд сўмлик маблағлар ва қарийб 1,2 млн дона қоғоз тежалишига эришилди. Фуқароларнинг 5-10 та идорага бориб келишига чек қўйилди.

Тўлиқ электрон тизим орқали 80 дан ортиқ лицензиялар бериш йўлга қўйилди, 32 мингта электрон лицензия берилди. Натижада 40 минг нафар фуқарони лицензияловчи органларга овора бўлиб боришини, 100 минг маротабадан ортиқ келишиш учун бошқа органларга боришини олди олинди. Уларнинг бориш-келиши билан боғлиқ 2 млрд сўмга яқин маблағлари тежалди.

Шу билан бирга, давлат хизматлари кўрсатиш соҳасини ривожлантиришдаги ҳали қилинадиган ишлар талайгина.

Хусусан, бугунги кунда барча давлат хизматларини комплекс ривожлантириш ва рақамлаштириш бўйича дастурий ҳужжат мавжуд эмас. Барча давлат идоралари хизматларини ўзига мос тарзда кўрсатмоқда. Ваҳоланки, давлат хизматини кўрсатишда, биринчи навбатда, аҳоли манфаатлари ва уларга қулайлик нуқтаи назаридан ёндашиш лозим.

Аҳолига давлат хизматларининг аксарияти ҳамон анъанавий шаклда кўрсатилмоқда. Масалан, 750 та давлат хизматидан 325 таси Ягона интерактив давлат хизматлари портали, шундан 172 таси давлат хизматлари марказлари ҳиссасига тўғри келади.

Кўрсатилаётган хизматлар улушида электрон давлат хизматларидан фойдаланиш жуда кам. Шу сабабли электрон давлат хизматлари кўрсатиш кўламини кенгайтириш бўйича ҳам давлат сиёсатининг асосий йўналишлари белгилаб берилган. Бу эса мамлакатда қулай ишбилармонлик муҳитини янада ривожлантириш, фойдаланувчиларга сифатли ва тезкор давлат хизматларини тақдим этиш имконини беради.

Бугунги кунда 3 миллиондан кўпроқ фаол электрон рақамли имзо мавжуд. Бироқ 25 миллион аҳолимиз мобиль алоқа хизматидан фойдаланади. Бундан келиб чиқиб, аҳолининг электрон хизматлардан фойдаланиш имконияти кенгайишига йўл очиб берилади. Электрон рақамли имзодан фойдаланиш учун тезкор хотирали қурилманинг (“флешка”) мавжуд бўлиши талаб этилса, Мобиль-ID учун мобиль телефон бўлиши кифоя.

Ўйлаймизки, бу соҳадаги ислоҳотлар аҳолининг давлат хизматларига талабини самарали қондириш, мустақил равишда масофадан туриб фойдаланиш имконияти ошиши, давлат хизматларининг барча ҳудудларга кириб бориши, аҳоли ва тадбиркорларга қатор йўналишларда қулайликлар яратилишига хизмат қилади.

Р. Давлетов,

адлия вазири

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер