Давлат фуқаролик хизмати: касб одобномаси, масъулият ва дахлдорлик

14:18 28 Октябр 2022 Жамият
345 0

Фото: Иллюстратив cурат

Янги Ўзбекистонда «Инсон қадри улуғ» тамойили асосида давлат идоралари ва фуқаролар ўртасида очиқ, шаффоф муносабатлар шаклланмоқда. Айни жараёнда инсон қадри, шаъни ва манфаатини ҳар нарсадан устун қўйиш эзгу қадрият сифатида тобора муҳим аҳамият касб этиб бораётгани эътирофга лойиқдир.

Хабарингиз бор, шу йилнинг 8 август куни Президентимиз Шавкат Мирзиёев «Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонунни имзолади. Икки йил давомида чуқур муҳокамалар асосида, маҳаллий ва хорижий экспертлар иштирокида ишлаб чиқилган ушбу ҳужжат расмий эълон қилинган кундан эътиборан уч ой ўтгач, кучга киради.

Хўш, бу Қонуннинг қабул қилиниши давлат хизмати соҳасида қандай ўзгаришларга туртки беради?

Мазкур саволга жавобан бир жиҳатни аниқ айтиш мумкин: янги Қонун ҳар бир давлат хизматчисининг келгуси фаолиятида муҳим дастуриламал бўлади.

Қонунга кўра, давлат фуқаролик хизматчиларининг касбий маданияти, хизмат фаолияти давомида ҳамда хизматдан ташқари вақтда одоб-ахлоқи, ташқи кўриниши ва кийиниш услубининг ўзига хос тартиби белгиланди. Давлат фуқаролик хизматчилари одоб-ахлоқининг намунавий қоидалари тасдиқлангани ушбу йўналишдаги ишлар кўламини сифат жиҳатдан янада яхшилаш имконини беради.

«Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида»ги Қонун 10 та боб ва 64 та моддадан иборат бўлиб, у мамлакатимизда ижро ҳокимияти вазифаларини амалга оширувчи давлат органлари ва ташкилотларидаги 118 мингдан ортиқ давлат фуқаролик хизматчиларининг фаолияти билан боғлиқ барча муносабатларни ягона қоидалар асосида тартибга солади. Шу тариқа эндиликда давлат фуқаролик хизматига татбиқ этиладиган барча вазирлик ва идораларда ходимларни ишга қабул қилиш, фаолияти самарадорлигини баҳолаш, уларни хизмат поғоналарида ўстириш, рағбатлантириш ёки интизомий жазолаш ва хизматни тугатиш масалаларида турлича ёндашувларга барҳам берилади.

Таъкидлаш жоизки, Қонунни ишлаб чиқишда халқаро тажрибалар ўрганилган, Япония, Буюк Британия, АҚШ каби илғор давлатлардаги амалиётнинг энг маъқул жиҳатлари миллий қонунчилигимиз меъёрлари билан уйғунлаштирилган.

Ўз навбатида 40 соатдан ошмайдиган иш давомийлиги белгиланиб, давлат хизматчиларига «ҳайфсан», «жарима» ишдан бўшатиш билан бир қаторда малака даражасини пасайтириш ва лавозимини пасайтириш тарзидаги интизомий жазолар ҳам қўлланилади. Уларга 27 кундан кам бўлмаган йиллик асосий таътил берилади. Давлат фуқаролик хизматчиларига «сиёсий» (вазир, раис, директор ва бошқа), «бошқарув» (департамент, бошқарма ва бўлим бошлиқлари) ва «ёрдамчи» (мутахассис, инспектор ва консультантлар) малака даражалари берилади. Бунда маълумоти, иш стажи ва малака ошириш курсларининг натижалари ҳисобга олинади. Яъни юристлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва мудофаа органларидаги ходимлар хизмат фаолияти давомида махсус унвонлар олгани каби эндиликда фуқаролик хизматчилари ҳам махсус мартаба – малака даражасига эга бўлади. Қонунга асосан коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахслар давлат фуқаролик хизматига қабул қилинмайди.

Қонун билан давлат фуқаролик хизмати соҳасида ваколатли орган этиб Президент ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги белгиланди.

Яқинда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси томонидан ташкил этилган қисқа муддатли малака ошириш курси давомида ушбу Қонун ва давлат хизмати соҳасига дахлдор бошқа меъёрий ҳужжатлар мазмун-моҳияти бўйича етарли билимга эга бўлдик. Бунда Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги, Давлат бошқаруви академияси ҳамда мутасадди вазирлик ва идоралар мутахассислари яқиндан ёрдам берди.

Шуниси аниқки, бундан буён ўз фаолиятимизни бу борада эгаллаган билим ва амалий кўникмаларимиз асосида ташкил этамиз.

Азаматжон ХОЛМАТОВ,

Монополияга қарши курашиш қўмитаси

Фарғона вилояти ҳудудий бошқарма бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер