Давлат экологик экспертизаси: бугун ва эртага

09:58 23 Август 2022 Жамият
491 0

Фото: Архив сурат

Ўзбекистон Республикасининг «Экологик экспертизаси тўғрисида»ги қонунига кўра, республика ҳудудида режалаштирилаётган ёки амалга оширилаётган хўжалик ва бошқа хил фаолиятнинг экологик талабларга мувофиқлигини белгилаш ҳамда объектини рўёбга чиқариш мумкинлигини аниқлаш мажбурий ҳисобланади.

Давлат экология қўмитасининг ихтисослаштирилган эксперт бўлинмалари томонидан атроф муҳитга таъсир кўрсатишнинг юқори (I), ўрта (II), паст (III) ва маҳаллий (IV) тоифаларига мансуб фаолият турларини давлат экологик экспертизасидан ўтказишни ташкил қилиш, экспертизадан ўтказишга материалларни тайёрлаш ва тақдим этиш каби хизматлар амалга оширилади

Ўзбекистонда давлат экологик экспертизасини ўтказиш тизими бундан 24 йил аввал, яъни 1997 йили жорий этилган. Айтиш керакки, айни пайтда замон талабидан келиб чиқиб бу борада қатор самарали ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 7 сентябрдаги «Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш механизмини янада такомиллаштириш тўғрисида»ги қарори ижросидан келиб чиқиб давлат экологик экспертизаси хулосаларини бериш бўйича рақамлаштирилган интерактив хизмат жорий этилди.

Ҳозирги глобаллашув шароитларидан келиб чиққан ҳолда Республикамизда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш кўламини кенгайтириш, хорижий сармоядорлар учун аниқ ва тушунарли атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнини татбиқ этиш, қулай инвестицион ва экологик муҳит яратиш масалалари атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш ҳамда давлат экологик экспертизасини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий базани концептуал равишда такомиллаштириш тақозо этмоқда.

Бугунги кунда Республикамизда инвестицион лойиҳаларни амалга ошириш кўламини кенгайтириш, инвесторлар учун аниқ ва тушунарли экологик баҳолаш тизимини татбиқ этиш, ишлаб чиқариш лойиҳаларининг аҳоли соғлиғи ва атроф-муҳитга таъсирини самарали баҳолашга тўсқинлик қилувчи қатор омиллар мавжуд. Жумладан, Тадбиркорлик субъектларини давлат рўйхатидан ўтиш жараёнида, фаолият турига мувофиқ, қонунчиликдаги экологик баҳолаш ва меъёрлаш талаблари ҳақида хабардор қилиш амалиёти мавжуд эмас. Бунинг яққол далили сифатида қуйидаги рақамларни келтириб ўтиш мумкин.

Давлат рўйхатидан ўтган 656,1 мингта тадбиркорлик субъектидан
333,1 мингтаси (51 фоизи) экологик экспертиза объекти ҳисобланиб, шундан фақатгина 46,5 мингтаси (14 фоизи) экологик экспертизадан ўтказилган.

Атроф-муҳитга таъсири юқори ва ўрта тоифага (I ва II-тоифалар) мансуб жами 30 210 та объектлар мавжуд, ҳозирги кунда шундан 24 797 та объект (82,1 фоизи) давлат экологик экспертиза билан қамраб олинмаган.

Давлат экологик экспертизасининг ижобий хулосаси бўлмай туриб, лойиҳаларнинг банк ва бошқа кредит ташкилотлари томонидан молиялаштирилиши бўйича қонунбузилиш ҳолатлари учрамоқда.

Шунингдек, Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича ягона автоматлаштирилган ахборот тизими мавжуд эмас, бошқа давлат органлари (молия, статистика, солиқ, банк) ахборот тизимлари билан интеграция қилинмаган.

Бундан ташқари, Бугунги кунда атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича материаллар ва экологик нормативлар лойиҳаларини (I ва II-тоифалар учун) ишлаб чиқувчилар сони 256 тани, шундан 231 таси (90,0 фоизи) хусусий ташкилотлар ташкил этмоқда. Атроф муҳитга таъсирни баҳолаш бўйича лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқувчиларнинг жавобгарлиги, лойиҳаларнинг сифати ҳамда ходимлар малакасига оид талаблар қонунчиликда белгиланмаган.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бўйича ваколатли орган томонидан лойиҳа ишлаб чиқувчиларга нисбатан малака сертификати жорий этиш ва лойиҳачи ташкилотлар рейтингини шакллантириш орқали мутахассислар ва экспертларнинг малакасини ошириш ҳамда экспертизага тақдим этиладиган лойиҳа ҳужжатлари сифатини таъминлашга эришилади.

Маълумот учун: Чехия, Словакия, Қозоғистон ва Хитойда атроф муҳитга таъсирни баҳолаш лойиҳаларини ишлаб чиқувчилар фаолияти ваколатли орган томонидан малака сертификати тақдим этиш йўли билан тартибга солинади.

Юқорида кўрсатиб ўтилган ҳолатларни бартараф этиш мақсадида ҳозирги кунда қатор устувор вазифалар белгилаб олинди. Хусусан, Атроф муҳитга таъсирни баҳолашнинг электрон тизимини (eco-service.uz) статистика, солиқ ва кадастр идоралари ҳамда давлат хизматлари кўрсатиш бўйича тегишли ахборот тизимлари билан интеграция қилиш, хўжалик юритувчи субъектларни давлат рўйхатидан ўтиш жараёнидан бошлаб фаолият турига мувофиқ экологик баҳолаш ва меъёрлаш талаблари ҳақида хабардор қилиш тартибини жорий этиш шулар жумласидандир.

Бундан ташқари, халқаро ва хорижий экспертларни жалб қилган ҳолда амалдаги қонунчиликни экологик компонентлардан оқилона фойдаланиш нуқтаи назаридан кўриб чиққан ҳолда «Атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисида»ги миллий қонун лойиҳаси ишлаб чиқилиши лозим.

Янги Қонун лойиҳасини Эспо ва Орхус конвенциялари талаблари ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисидаги баённомада белгиланган масалаларни ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиш таклиф этилмоқда.

Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикасининг «Экологик экспертиза тўғрисида»ги Қонуни 2000 йил қабул қилинганлиги инобатга олинса, сўнгги 20 йил давомида Республикамизда иқтисодий, ижтимоий ва саноат тараққиётида сезиларли ўзгаришлар рўй берди.

Илғор хорижий тажриба асосида атроф-муҳитга таъсирни олдиндан баҳолашнинг икки босқичли (скрининг ва скоупинг) тизимини, техник топшириқ асосида лойиҳа ҳужжатларини ишлаб чиқиш заруратини олдиндан аниқлаш тизимини жорий этиш орқали, тадбиркорларнинг ортиқча маблағ ва вақт сарфини олди олинади.

Маълумот учун: скрининг – ҳар бир лойиҳага индивидуал ёндашишни кўзда тутилиши ҳамда давлат идораси томонидан буюртмачининг аризаси асосида техник топшириқни ишлаб чиқишда тўлиқ атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш жараёнини ўтказиш зарурияти кўриб чиқилади;

Скоупинг – давлат идораси томонидан ҳар бир лойиҳа бўйича атроф-муҳитга таъсирни баҳолашнинг барча босқичларини қамраб олиш, муҳим бўлиб кўринган муаммолар ва таъсир доирасини аниқлаш тушунилади.

Мўлжалланаётган фаолиятни скрининг ва скоупингдан ўтказишда халқаро ва хорижий илғор тажрибага асосланган ҳолда амал қилиши кафолатланади, шунингдек, жамоатчилик экологик экспертизасининг ҳуқуқий асослари яратилади, тадбиркорларнинг асосланмаган капитал қўйилмаларни сарфланиши, атроф-муҳитга бўлаётган салбий таъсир ҳамда қонунбузилиш ҳолатлари олди олинади.

Мазкур лойиҳаларни амалга оширилиши натижасида Давлат экология қўмитасининг ҳам миллий ҳам халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузини оширишга эришилади, шунингдек, Миллий қонунчилик базасини такомиллаштириш орқали «Трансчегаравий контекстда атроф муҳитга таъсирни баҳолаш тўғрисидаги конвенция»сига (1991 йил, Эспо шаҳри) қўшилиш имконияти яратилади.

Баҳром Холхўжаев,

Давлат экологик экспертизаси маркази бўлим бошлиғи.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер