Давлат дастурининг ижроси бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди

00:52 13 Май 2021 Сиёсат
365 0

Жорий йилнинг 12 май куни Сенатнинг Ёшлар, маданият ва спорт масалалари қўмитаси томонидан 2021 йил – «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили» Давлат дастурининг ижроси бўйича жамоатчилик эшитуви бўлиб ўтди.

Унда сенаторлар, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати мутахассислари, мутасадди вазирлик ва идоралар вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, амалдаги тартибга мувофиқ Олий Мажлис палаталари ҳар чоракда Бош вазир ва Ҳукумат аъзоларининг Давлат дастури бажарилиши юзасидан ахборотларини эшитиб боради ҳамда бу борада вазирлик ва идоралар фаолияти самарадорлигини оширишга қаратилган таклифларни ишлаб чиқади.

Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида 2021 йилнинг II чораги мобайнида 7 та қонун, 2 та Олий Мажлис палаталари қарорлари, 47 та Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармон, қарор, фармойишлари, Вазирлар Маҳкамаси қарори, фармойишлари ҳамда 9 та чора-тадбирлар дастурлари ва бошқа ҳужжат лойиҳаларини ишлаб чиқиш назарда тутилган.

Эшитув давомида Давлат дастуридаги ёшларнинг халқаро “IT” сертификатларини олиш харажатларининг 50 фоизгача бўлган қисмини бюджетдан қоплаб бериш тартибини ишлаб чиқиш, жорий этилишини таъминлаш, иш ва ўқиш билан банд бўлмаган ёшлар билан масъуллар ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатишга хизмат қилувчи «Ёшлар мурожаати» электрон платформасини яратиш ҳамда ёш оилаларни арзон уй-жойлар билан таъминлаш мақсадида 2021-2023 йилларда Ёшлар уйларини қуриш дастурини амалга ошириш каби вазифалар атрофлича муҳокама этилди.

Шунингдек, ўтган йилги Давлат дастуридаги Республика олий таълим муассасаларида талабаларни турар жой билан қамраб олиш даражасини ошириш бўйича 2021 – 2025 йилларга мўлжалланган дастурни ишлаб чиқиш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг «Кинематография тўғрисида»ги қонуни лойиҳасини ишлаб чиқиш борасидаги ижроси якунига етказилмаган масалалар ҳам кўриб чиқилди.

Эшитув сўнгида давлат дастуридаги топшириқларнинг жойлардаги ижроси сенаторлар томонидан назорат қилиб борилиши таъкидланди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?