Давлат дастури ижроси белгиланган муддатда бажарилса, жамиятда, одамлар ҳаётида ўзгариш бўлади

23:36 29 Апрель 2021 Иқтисодиёт
336 0

Ортда қолган 2020 йил дунё халқлари учун синовли келди. Коронавирус пандемияси жаҳон мамлакатлари қатори юртимизда ҳам кўпгина режаларни амалга оширишга жиддий таъсир кўрсатди. Лекин пандемиянинг республикадаги ижтимоий-иқтисодий вазиятга таъсирини юмшатиш борасида ўз вақтида кўрилган чоралар натижасида 2021 йилнинг биринчи чорагини ялпи ички маҳсулотнинг ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 103,0 фоизга ўсиши билан якунлашга муваффақ бўлдик.

Биринчи чоракнинг макроиқтисодий таҳлиллари натижаларига кўра, Ўзбекистон иқтисодиёти кучли ўсиш траекториясига қайтмоқда. Иқтисодиётнинг барча тармоқларида ишлаб чиқариш ҳажмининг ўсиши кузатилди. Дастлабки уч ойда қишлоқ, ўрмон ва балиқ хўжалиги маҳсулотлари кўрсаткичлари 3,1 фоиз ўсиш билан якунланди. Саноат соҳасида ҳам маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмининг 3,8 фоизгача ўсиши жадаллашмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 3 февралдаги тегишли фармони билан Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили»да амалга оширишга оид давлат дастури тасдиқланган эди. 273 та банддан иборат, умумий қиймати 29,5 триллион сўмга тенг лойиҳаларни амалга ошириш назарда тутилган мазкур Дастурнинг ҳар бир бандида ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, камбағалликни қисқартириш ва одамларни рози қилишдек муҳим мақсадлар турибди.

Хўш, Дастурда назарда тутилган бандлар ўз вақтида, белгиланган муддатларда сифатли бажариляптими? Жорий йилнинг биринчи чорагига қадар амалга оширилиши лозим бўлган бандларнинг ижроси охирига етказилдими? Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикасининг 2021 йилга мўлжалланган Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини эшитиш жараёнида шу саволлар ўртага ташланиб, уларга жавоб изланди.

1 278 та қўшимча янги иш ўринлари яратилди

Таҳлилларга кўра, мамлакатимизда жорий йилнинг 3 ойи давомида савдо айланмаси ҳажми 46,7 триллион сўмни ташкил қилиб, ўтган йилга нисбатан 102,8 фоизга ўсиш кузатилди. Барча соҳалардаги молиявий ўсишлар натижасида давлат бюджети даромадлари 33,9 триллион сўмга ижро этилган. Бу борада тадбиркорлик соҳасининг ривожланиши, айниқса, эркин иқтисодий зоналар фаолияти муҳим ўрин тутмоқда.

Сўнгги йилларда эркин иқтисодий зоналар мамлакат иқтисодиётига инвестицияларни жалб этиш, уни диверсификация қилиш ва инновацион ривожлантиришда энг самарали воситаларидан бирига айланди. Бундай зоналарнинг ташкил этилиши ишлаб чиқариш, юқори технологияли саноат, муҳандислик, транспорт ва бошқа йўналишлар, янги турдаги маҳсулотлар ишлаб чиқариш, туризм ҳамда дам олиш соҳаларини ривожлантиришга хизмат қилади.

Бугунги кунда мамлакатимизда 23 та эркин иқтисодий ва 348 та кичик саноат зонаси фаолият юритаётган бўлиб, уларда мингга яқин лойиҳалар амалга оширилиб, 70 мингдан зиёд иш ўринлари яратилган. Бу юртимизда махсус иқтисодий ва кичик саноат зоналари муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини янада ривожлантириш, шу аснода эркин иқтисодий зоналарда рақобатдош маҳсулотлар тайёрлаш, бу каби махсус зоналарда фаолият кўрсатадиган тадбиркорлик субъектларига турли имтиёз ва қулайликлар тақдим этилаётганининг амалдаги ифодасидир.

Чунончи, жорий йилнинг ўзида эркин иқтисодий зоналарда қиймати 1,1 миллиард доллар бўлган 332 та лойиҳани амалга ошириш ҳисобига 20 298 та янги иш ўринларини ташкил этиш режалаштирилган бўлиб, биринчи чорак якунларига кўра, қиймати 168,2 миллион доллар — 51,7 миллион доллари тўғридан-тўғри инвестициялар, 14 та инвестиция лойиҳалари ишга туширилиши орқали 1 278 та қўшимча янги иш ўринлари яратишга эришилди. Айни вақтда бу борадаги ишлар изчил давом эттирилиб, ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш мақсадида 200 та шаҳар ва туманларда 219 та ёшлар саноат ва тадбиркорлик зоналарини ташкил этилиши кўзда тутилган.

Қишлоқ хўжалиги соҳасида эришилган натижалар қандай бўлди?

Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги соҳасида улкан салоҳиятга эга. Шу боис, жорий йилда 320 минг гектар ерларни қайта фойдаланишга киритиш, лалми ва яйлов ерларни ўзлаштириш юзасидан суғориш қудуқларини қазиш, насос агрегатларини ўрнатиш ҳамда янги мевали боғлар ва токзорлар барпо этиш ишлари тизимли равишда амалга оширилмоқда.

Бугунги кунга қадар ерларни фойдаланишга киритиш учун 1 070 км суғориш тармоқлари қурилиб, 258 км коллектор тармоқлари таъмирланди. 1 011 дона суғориш қудуқлари ва 132 дона насос агрегатлари ишга туширилди, 1 679 км электр узатиш тармоқлари тортилди. Бу борадаги ишлар натижасида республика бўйича жами 161,0 минг гектар, шундан 77,9 минг гектар фойдаланишдан чиққан ерлар ҳамда ер ости захира сувлари мавжуд бўлган 83,1 минг гектар чўл, адир ҳудудлардаги лалми ва яйлов ерлар ўзлаштирилиб, қишлоқ хўжалиги фойдаланишига киритилди.

Янги ўзлаштирилаётган ерларнинг 17,1 минг гектарига сув тежовчи технологиялар жорий қилинди. Республика бўйича 42,2 минг гектар майдонда мевали боғлар ва 29,0 минг гектар узумзорлар барпо этилиб, 111 та лойиҳа ташаббускорлари томонидан 270 гектар майдонда иссиқхоналар ташкил этилди.

Яна бир муҳим жиҳат, айни чоғда 191,9 минг нафар ёшларни қишлоқ хўжалигида иш билан таъминлаш орқали қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етиштириш учун 55,7 минг гектар майдонлар ажратиб берилгани ва ушбу майдонларда даромадли қишлоқ хўжалиги экинлари экилгани ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни ишбилармонликка ўргатиш ва даромадини кўпайтиришда катта аҳамиятга эгадир.

Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш йўналишида ҳар бир туман (шаҳар)ларда ёшлар баланси «маҳаллабай» шакллантирилиб, «Ёшлар дастурлари» ижроси тизимли йўлга қўйилгани ва шунга асосан, жорий йилнинг I чораги давомида 271 минг 495 нафар йигит-қизларнинг бандлиги таъминланганини алоҳида таъкидлаш жоиз.

Инвестиция — ривожланиш сари муҳим қадам

Мамлакатнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан тараққий этиши ва аҳоли даромадларининг ошиши миллий иқтисодиётнинг турли соҳаларига жалб этилаётган инвестиция маблағларининг ҳажми ва таркибига боғлиқлиги ҳаммамизга яхши маълум. Бугунги долзарб вазиятда ҳеч бир мамлакат инвестицияларсиз ижтимоий-иқтисодий ривожланишга эриша олмайди. Инвестиция ресурсларини ўз вақтида миллий иқтисодиётига жалб қилиш имконияти бўлмаган, пул маблағлари танқислигини бошидан кечираётган давлатлар ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўйича дунё мамлакатларидан анча ортда қолиши мумкин.

Шу жиҳатдан, биз Ўзбекистоннинг бизнес юритиш ва инвестиция киритиш учун энг жозибадор мамлакатлар қаторидан ўрин олишини таъминлаш, саноатнинг юқори технологияли тармоқларига тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар жалб қилинишини рағбатлантириш, рақобатбардош маҳсулот ишлаб чиқаришни ташкиллаштиришга йўналтирилган фаол инвестициявий сиёсат юритилиши тарафдоримиз.

Жорий йилнинг I чораги якуни бўйича мамлакатимизда 1,7 миллиард доллар хорижий инвестициялар ўзлаштирилди ёки режа прогнозга нисбатан 140 фоиз бажарилди. 1,4 млрд доллар тўғридан-тўғри хорижий инвестициялар ва кредитлар ўзлаштирилди.

Эътиборли жиҳати, бу йил 226 та лойиҳа, шундан I чоракда 4 та лойиҳани ишга тушириш белгиланган бўлиб, амалда қиймати 642,8 миллион долларга тенг 16 та лойиҳа ишга туширилиб, 2978 та янги иш ўрни яратишга эришилди. Ҳудудий дастурларга асосан, 2021 йил I чорагида 7,2 триллион сўмлик 1 374 та лойиҳа фойдаланишга топширилиб, 17 187 та иш ўринлари яратилди. Бу, албатта, қувонарли ҳолат. Зотан, Ўзбекистон иқтисодиётига жалб қилинган инвестициялар ҳажмининг сезиларли ортиши аҳоли турмуш даражасини ошириш ва кўрсатилган хизматлар сифатини яхшилашда муҳим ўрин тутади.

Юқоридагилардан келиб чиқиб, Давлат дастурининг биринчи чоракдаги ижроси юзасидан Вазирлар Маҳкамасининг ҳисоботини тўлиқ қўллаб-қувватлаган ҳолда, иккинчи чорак давомида қуйидаги 4 та масалага алоҳида эътибор қаратиш бўйича ўз таклифларимизни билдирдик.

Биринчидан, Давлат дастурининг 61 бандида оилавий тадбиркорлик дастурларини амалга оширишни давом эттириш вазифаси қўйилган. Президентимизнинг жорий йил 27 мартдаги тегишли қарори асосида 1 апрелдан бошлаб аҳоли ва тадбиркорлик субъектларининг кредит олиш учун аризалари Оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари ягона электрон платформаси орқали қабул қилинадиган бўлди. Ўзини-ўзи банд қиладиган фуқаролар касаначилик, ҳунармандчилик, иссиқхона қуриш ва шу кабилар учун зарурий хомашё, эҳтиёт қисм ҳамда қурилиш молларини сотиб олиши учун 5 миллион сўмгача миқдорида кредит маблағларини нақд пулда олиш имконига эга бўлишди. Лекин жойлардаги ўрганишлар бу борада изчил чора-тадбирларни амалга оширишни талаб этмоқда. «Ҳар бир оила — тадбиркор» деган олижаноб ғояни изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш, оилавий тадбиркорлик дастурларини амалга оширишни фаол давом эттирган ҳолда, ҳар бир маҳалланинг мавжуд имкониятларидан келиб чиқиб тадбиркорлик салоҳиятини оширишни муҳим деб ҳисоблаймиз.

Иккинчидан, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва даромадларини оширишда хизмат кўрсатиш ва сервис соҳасининг алоҳида ўрни бор. Шу сабабли ҳозирги қийин шароитга қарамай, соҳага 500 миллион доллар пул ажратиляпти. Энди бу маблағдан самарали фойдаланиб, ҳар бир вилоят, шаҳар ва туманларда хизматлар ҳажмини ошириш чораларини кўриш лозим. Жорий йилда хизматлар соҳаси учун банклар томонидан ажратилиши кутилаётган 18 триллион сўм кредитлар, шунингдек, давлат томонидан тижорат банклари орқали қўшимча 300 миллион доллар, шундан 1 июлгача 150 миллион доллар маблағларни ҳар бир лойиҳа бўйича ўз йўналишида мақсадли ва самарали ишлатилиши устидан назоратни кучайтириш зарурлиги сўралди.

Учинчидан, барча даражада мулк ҳуқуқи дахлсизлиги, шунингдек, тадбиркорларнинг ишига ҳар қандай аралашувларга чек қўйиш борасидаги ишларни оғишмай давом эттириш керак. Бунда, давлат идоралари ва маҳаллий ҳокимликларнинг ҳаракати ва ҳаракатсизлиги, тадбиркорларнинг ишига ҳар қандай аралашув натижасида тадбиркорлик субъектлари кўрган зарарларни ёки олинмай қолинган фойдани масъул мансабдор шахсларнинг ўзидан ундириш амалиётини йўлга қўйиш масаласини кўриб чиқиш таклиф этилди.

Тўртинчидан, жорий йилда «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурларини амалга ошириш учун 21 триллион сўм маблағ ажратилмоқда. Ҳудудлар учун бундай катта маблағларнинг ажратилиши кўплаб бунёдкорлик, қурилиш, таъмирлаш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имконини беради. Шу сабабли «Янги Ўзбекистонда эркин ва фаровон яшайлик!» деган ғоя асосида мазкур дастурларни ўз вақтида, сифатли амалга оширишни таъминлаш учун ижро органи билан депутатлик корпуси ҳамкорликни кенг йўлга қўйиб, назорат ишларини кучайтириш кераклиги тавсия этилди.

Хулоса шуки, тақдим этилган ҳисоботда барча муҳим масалалар кенг қамровда акс эттирилган. Унинг аввалгиларидан фарқли жиҳати, бажарилган ишлар баробарида Ҳукумат жорий йилнинг иккинчи чорагида адо этилиши белгиланган режаларини аниқ объектлар, рақамлар орқали маълум қилган. Шу нуқтаи назардан Давлат дастурининг ҳар бир бандида белгиланган вазифалар ўз вақтида сифатли бажарилиши жуда муҳимдир.

Актам ҲАИТОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари,
ЎзЛиДеП фракцияси раҳбари

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?