Давлат бюджети маблағлари қандай мақсадларга сарфланди?

19:18 15 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
399 0

Кейинги пайтда оммавий ахборот воситаларида, ижтимоий тармоқларда «Бюджетдан шунча маблағ ажратилади», «Олий Мажлис бюджетни қабул қилди», деган хабарларни кўп ўқияпмиз, эшитяпмиз.

Сир эмаски, давлат белгиланган вазифаларни ҳал қилиши учун пул маблағлари керак. Давлатнинг ихтиёрида бўлган энг йирик пул жамғармаси Давлат бюджети деб аталади.

Бюджет даромадлари эса бюджетга беғараз тушган ва қайтариб олинмайдиган пул маблағларидир. Давлат бюджети даромадларининг асосий қисми солиқлар ҳисобига шакллантирилади. Йиғилган маблағлар жамият манфаати учун, халқ ҳаётини яхшилаш учун ишлатилади.

Айни дамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасига давлат бюджетининг ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йил учинчи чорагидаги ижроси якунларини кўриб чиқиш учун киритилган. Ҳозир бу масала парламент қўйи палатасидаги қўмиталар, сиёсий партиялар фракцияларида кўриб чиқилмоқда.

Унда келтирилишича, жорий йил тўққиз ойлик Давлат бюджети даромадлари 94 457,2 млрд сўмни ташкил этиб, белгиланган 91 795,9 млрд сўм прогноз 102,9 фоизга ёки 2661 млрд сўмга ошириб бажарилган. Даромадлар 2019 йил мос даврига нисбатан солиштирганда 15 297, 4 млрд сўмга ўсган.

Ҳисобот даврида бюджет даромадлари Давлат солиқ қўмитаси томонидан 72 783,9 млрд сўм, Давлат божхона қўмитаси томонидан 16 185млрд сўм ва бошқа даромад манбалари ҳисобига 5 475 млрд сўм шакллантирилган.

Давлат бюджети даромадлари таркибида билвосита солиқлар улуши 35,1 фоизни, бевосита солиқлар улуши 33,2 фоизни, ресурс солиқлари 16,2 фоизни ва бошқа даромадлар 15,5 фоизни ташкил қилган.

Шу билан бирга, республика ҳудудида ишлаб чиқариладиган товар ва хизматлар бўйича тушумларнинг камайиб кетиши саноат маҳсулотлари ҳажмининг ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,7 фоизга камайиб кетиши (2018 йилдаги мос кўрсаткич 9.5 фоиз, 2019 йил 5.3 фоиз қурилиш ҳажмининг ўтган йиллардагидек (2018 йил 17,0, 2019 йилда 24,2 фоиз) камроқ яъни, 8,6 фоизга ўсганлиги шароитида юз берди.

Ўз навбатида, қўшилган қиймат солиғи тўловчилар сони йил бошига нисбатан 82 405 та бўлиб, жорий йил октябрь ҳолатига 22 825 тага ошиб, 105 230 тани ташкил этди.

Давлатнинг вазифалари ва функцияларини молиявий таъминлаш учун йўналтириладиган пул маблағлари бюджет харажатлари ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан давлат бюджетини тузишда даромадлар ва харажатлар функционал, иқтисодий, ташкилий ва бошқа мезонлар бўйича гуруҳларга бўлинади. Ушбу мақсадлар учун бюджет таснифидан фойдаланилади.

Давлат бюджетининг жорий йил 9 ойлик харажатлари (давлат мақсадли жамғармаларисиз) 102 164,8 млрд сўмни (аниқланган режа кўрсаткичларига нисбатан 94, 5 фоиз) ёки ЯИМга нисбатан 25,0 фоизни ташкил этди. Эътиборлиси, бюджет ташкилотларининг қарийб 33,6 трлн сўмлик иш ҳақи ва унга тенглаштирилган тўловлари ҳамда 7,1 трлн сўмлик иш ҳақига нисбатан ажратмалари ўз муддатларида тўлиқ молиялаштирилиши таъминланди.

Ҳисобот даврида иқтисодиётга амалга оширилган харажатлар жорий йилнинг 9 ойида 12 593,6 млрд сўмни ташкил қилиб, ушбу харажатлар жами давлат бюджети тўққиз ойлик харажатларининг 12,3 фоизини ташкил этган. Шунингдек, жорий йилнинг 9 ойида иқтисодиётнинг турли йўналишларида қатор долзаб вазифалар амалга оширилиши таъминланди.

Масалан, эркин иқтисодий зоналар индустриал зоналар, эркин иқтисодий фарм-зоналар ва бошқа махсус эркин ва кичик саноат зоналарига олиб борувчи ва ички йўлларни қурилиш таъмирлаш ишларига 120,0 млрд сўм маблағ ажратилиши назарда тутилган бўлиб, ишлаб чиқилган лойиҳа-смета ҳужжатлари ва тасдиқланган манзилли рўйхатларга мувофиқ, 51,2 млрд сўмлик маблағлар молиялаштириб берилди. Мазкур ажратилган маблағлар ҳисобига 55,1 км узунликдаги автомобиль йўллари фойдаланишга топширилди.

Бюджет харажатларининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш – ҳозирги давр талаби. Шундай экан, депутатлар томонидан давлат бюджети ва уни ижросини кўриб чиқиш жараёнлари, ҳозирги мураккаб вазиятда маблағлардан ўз ўрнида, мақсадли сарфланишига алоҳида эътибор қаратиш, шунингдек, бюджет ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг келгуси давр учун ўз вақтида, сифатли ижро этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш ғоят муҳимдир.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?