Давлат бюджети маблағлари мақсадли сарфланяптими?

14:56 14 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
293 0

Айни кунларда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари мамлакатимизнинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга бўлган Давлат бюджети ва давлат мақсадли жамғармалари бюджетларининг 2020 йилнинг 9 ойи якунлари ижроси тўғрисида тайёрланган ҳисобот билан яқиндан танишишмоқда.

Мазкур ҳисобот билан танишиш жараёнида бугунги пандемия шароитига қарамасдан вазирлик ва мутасаддилар томонидан ислоҳотлар ўз вақтида олиб борилганлиги, соҳаларни ривожлантиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар бажарилганлиги ижобий ҳолат сифатида баҳоланмоқда.

Аммо юқоридаги каби ютуқлар билан бир қаторда 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджетининг бажарилишида айрим камчиликларга ҳам йўл қўйилган. Жумладан, ҳозирги пандемия даврида иқтисодиётнинг асосий локомотивларидан бири бўлган табиий газ ишлаб чиқариш ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19,6 фоизга, газ конденсати ишлаб чиқариш эса 34,7 фоизга камайишига йўл қўйилган.

Шунингдек, бугун эртамиз эгалари бўлган ёш авлод вакилларининг узлуксиз таълим тизимига қайтариш, барча даражадаги ўрта ва олий таълим муассасаларини пандемия шароитларидан келиб чиққан ҳолда ўқув жараёнларига тайёрлаш масаласи кун тартибининг устувор вазифаси бўлиб туришига қарамасдан вазирликлар томонидан давлат бюджетидан ажратилган маблағлар ўз вақтида ўзлаштирилмаган.

Хусусан, ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб олис ҳудудлардаги мактаб филиалларининг бугунги кун талабига жавоб бермаслиги юзасидан эътирозлар кўпайиб бораётган бир вақтда Халқ таълими вазирлиги томонидан жойлардаги объектларни лойиҳалаштириш, қуриш (реконструкция қилиш) ва жиҳозлаш учун ажратилган маблағларнинг 87 фоизи, мактабгача таълим вазирлиги томонидан эса 86 фоизи ишлатилган холос. Олий таълим вазирлиги томонидан ҳам давлат бюджетидан ажратилган маблағларнинг 90 фоизи сарфланиб, 10 фоизи ишлатилмасдан қолмоқда.

Юқоридаги каби камчиликлар бўйича сайловчилар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда Қонунчилик палатасининг барча даражадаги депутатлари томонидан тизимли тарзда ўрганишлар олиб борилмоқда. Мазкур масалалар фракциямизнинг келгуси йиғилишларида ҳам партия электорати ҳамда фуқаролар манфаатларидан келиб чиққан ҳолда кенг муҳокама қилинади. Барча даражадаги вазирлик ва идораларга мазкур камчиликларни бартараф этиш юзасидан тегишли кўрсатма ва тавсиялар берилади.

Мақсуд ҚУРБОНБОЕВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
«Адолат» СДП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?