Давлат болалар боғчаларида овқатланишни ташкил этиш ҳолати танқидий кўриб чиқилди

18:23 20 Сентябр 2022 Сиёсат
430 0

Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”

Жорий йилнинг 20 сентябрь куни Олий Мажлис Сенати Кенгашининг навбатдаги мажлисида Давлат мактабгача таълим ташкилотларида овқатланишни ташкил этиш тизимидаги муаммоларни ўрганиш бўйича ишчи гуруҳи олдида турган вазифалар кўриб чиқилди.

 

Сенат Раиси Танзила Нарбаева олиб борган йиғилишда сенаторлар, тегишли вазирлик ва идоралар, давлат ва нодавлат ташкилотлари раҳбарлари, шунингдек, ОАВ вакиллари иштирок этди.

 

Таъкидланганидек, 2017 йилда Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Мактабгача таълим вазирлиги ташкил этилди. Сўнгги йилларда амалга оширилган кўплаб ишларнинг натижаси бугунги кунга келиб кўринмоқда.

 

Хусусан, 2017 йилда республика бўйича жами 5 211 та мактабгача таълим ташкилоти фаолият юритган бўлса, бугунги кунга келиб уларнинг сони 28 012 тани ташкил этмоқда. Мазкур муассасаларда бола қамрови 708 минг нафардан қарийб 2 миллион нафар (69,4 фоиз) га етди.  2022 йил 1 январь ҳолатига мамлакатимизда 6300 та давлат мактабгача таълим ташкилоти фаолият кўрсатиб, уларда 1 миллион 276 минг бола қамраб олинган. 1185 та давлат мактабгача таълим ташкилотида овқатланиш аутсорсинг усулида ташкил этилган бўлса, 5145 таси ўз ошхонасига эга.

Сенат Раиси Танзила Нарбаева тизимдаги ютуқлар билан бирга, қатор камчиликларни ҳам санаб ўтди. Хусусан, болаларни аутсорсинг усулида овқатлантиришни ташкил этишда қатор жиддий камчиликлар мавжуд. Масалан, уларни назорат қилиш механизмлари тўлиқ ишлаб чиқилмаган. Шунингдек, овқатлантириш тизимида инсон омилининг юқорилиги коррупциянинг ривожланишига сабаб бўлмоқда.

  “Ҳокимликлар томонидан озиқ-овқат маҳсулотларининг нархлари пасайтириб қайд этилмоқда. Натижада етказиб бериладиган маҳсулот сифатининг пасайишига ёки ҳажмининг камайишига олиб келмоқда. Туман МТБ мутахассислари, давлат МТТ директорлари ва бошқа ходимлари овқатлантириш билан боғлиқ лавозим мажбуриятларини ҳамда ҳуқуқларини билмайди”, - дейди Танзила Нарбаева.

   Ўз ўрнида, мазкур масалалар юзасидан мутасадди вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ахборотлари ҳам эшитилди.

Йиғилишда қайд этилган муаммолардан келиб чиқиб таҳлилий материал тайёрлаш зарур эканлиги қайд этилди ва унда ўз аксини топиши лозим бўлган маълумотлар юзасидан тегишли вазирлик ва идораларга топшириқлар берилди.

    Жумладан, Мактабгача таълим, Соғлиқни сақлаш ва Молия вазирлигига болаларни мавсумга мос равишда овқатлантириш, уларнинг соғлом ва баркамол ўсишини таъминлаш мақсадида давлат мактабгача таълим ташкилотлари учун ягона мавсумий таомномалар ишлаб чиқиш ва мазкур таомнома бўйича бир бола учун сарфланадиган бир йиллик маблағ миқдорини ҳисоблаш топшириғи берилди.

   Бундан ташқари, Сенатнинг Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасига ишчи гуруҳ йиғилишини ташкил этиш ва уни ўтказиш ҳамда мазкур ишчи гуруҳ Мактабгача таълим вазирлиги билан биргаликда 10 кун муддатда умумлаштирилган таҳлилий маълумотларни Вазирлар Маҳкамаси билан келишилган ҳолда Олий Мажлис Сенатига киритиш зарурлиги белгиланди.

 

 

 

“Халқ сўзи”,
Фото: Юнус Бўриев / “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер