«Дастлабки лаборатория текширув натижалари ушбу тахминни катта эҳтимол билан тасдиқламоқда». Отабеков Ўзбекистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқлангани ҳақида

17:00 24 Июнь 2021 Жамият
653 0

Ўзбекистонда коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқлангани ҳақида хабар берган эдик. 

ССВ Матбуот хизмати Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати раҳбари ўринбосари Нурмат Отабековга мурожаат қилди.

"Дарҳақиқат, бугун юртимиз оммавий ахборот воситалари ва интернет сайтларида Инновацион ривожланиш вазирлиги томонидан берилган маълумот – яъни вазирлик ҳузуридаги Илғор технологиялар марказида коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқлангани тўғрисида хабарлар берилди.

Аслида юртимиз аҳолиси Ўзбекистон ҳудудига коронавируснинг янги штамми кириб келадиган бўлса, бунга жиддий эътибор беришга одатланиб қолди. Эсласак, бундан аввал мамлакатимизда “COVID-19»нинг «британча» штамми илк бор аниқланганда ҳам айнан мана шундай муносабатлар, шу каби шов-шувларнинг гувоҳи бўлганмиз. Аслида бутун Ер юзидаги мураккаб пандемия шароитида бу нарсани тўғри ва нормал ҳолат сифатида қабул қилиш лозим.

Дунё миқёсида коронавирусни илмий изланишлар мақсадида доимий кузатиб бораётган илғор лабораториялар мутахассислари берган маълумотларга кўра, бугунги кунда “COVID-19» касаллигининг 5000 та, айрим соҳа вакилларининг фикрича эса 7000 дан кўпроқ мутацияга учраган штаммлари пайдо бўлган. Мутацияга учраган штаммлар фақат касалликнинг тарқалиш тезлиги, уни юқтириб олган одамларда енгил ёки оғир ўтиши, ёш тоифасида фарқ бўлиши мумкин.

Айтиш мумкинки, аслида коронавируснинг мутацияга учраган ва учрамаган ҳамма штаммларининг энг асосий микроорганизми “COVID-19» штамми бўлганлиги ва ушбу штамм билан чақирилган касалликнинг клиник белгилари, лаборатория ташхиси, профилактикаси, олдини олиш чоралари, вакциналардан фойдаланиб, ҳимояланиш даражаси бир хил бўлгани учун уларни чуқур этиологик омилини аниқлаш ва қандай вирус эканлигини охиригача текшириб боришга эҳтиёж йўқ.

Илғор технологиялар марказида коронавируснинг «ҳиндча» штамми аниқлангани тўғрисидаги хабарга келсак, дастлабки лаборатор текширув натижалари ушбу тахминни катта эҳтимол билан тасдиқламоқда. Аммо тўғри хулосага келиш учун якуний таҳлилларни тўлиқ ўрганиб чиқиш керак бўлади", деди Отабеков.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?