Дарё ва каналлар бўйида сайёҳлик ва дам олиш масканлари ташкил этилади

11:06 15 Январь 2025 Жамият
238 0

Абдулазиз ЙЎЛДОШЕВ/«Халқ сўзи». Самарқанд узоқ йиллардан буён тарихий шаҳар сифатида сайёҳларни ўзига жалб этиб келаётган бўлса, эндиликда бу масканда туризмнинг эко ва этно йўналишларини ривожлантиришга ҳам катта эътибор қаратиляпти.

Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 29 ноябрда қабул қилинган “Самарқанд вилоятида инвестиция ва тадбиркорлик муҳитини янада ривожлантириш ҳамда аҳоли турмуш даражасини яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига мувофиқ, жорий йилда вилоятга 5 миллион маҳаллий, 2,5 миллион хорижлик сайёҳни жалб қилиш режалаштирилган.

Бунинг учун туризм инфратузилмасини ривожлантириш, янги сайёҳлик объектлари ташкил этиш ва хизмат кўрсатиш сифатини ошириш чоралари кўриляпти. Вилоятнинг 9 туманидаги 14 та маҳаллани “туризм қишлоғи”га айлантириш кўзда тутилган. Тоғли ва сўлим табиат қўйнида жойлашган ҳудудларнинг инфратузилмасини яхшилаш, сайёҳларнинг дам олиши ва мароқли ҳордиқ чиқариши учун қулай шароит яратиш бўйича хориж тажрибаси асосида дастур ишлаб чиқилиб, амалга оширилади.

Сув иншоотлари ва улар атрофидан самарали фойдаланиш мақсадида Дарғом канали бўйидаги 35,7 километр масофада кўнгилочар савдо ва хизмат кўрсатиш объектларидан иборат туристик маршрут ташкил этилади.

Ургут, Тойлоқ, Самарқанд, Пастдарғом туманлари ва Самарқанд шаҳри ҳудудидан ўтган канал бўйи муҳофаза ҳудудлари 20-40 метр этиб белгиланиб, ер майдонлари электрон онлайн аукцион савдоларига қўйилади.

Каналларда кўп функцияли кўприклар қуриш лойиҳаларини амалга оширишга ҳам эътибор қаратилади. Бу кўприклар хориждаги сингари савдо ва кўнгилочар масканлар бўлади.

Нарпай каналининг Каттақўрғон шаҳри ҳудудидан ўтган қисмида ташаббускор инвестор маблағлари ҳисобидан гастрономик кўприк мажмуаси қуриш режалаштирилган. Гастрономик кўприк туну кун фаолият кўрсатади ва унда енгил конструкцияли савдо ва маиший хизмат кўрсатиш объектлари ташкил этилади.

Мазкур ҳудудларни кўздан кечирганда туризм учун қулай муҳит ва ресурс борлигига амин бўласиз. Қуриладиган лойиҳалар ҳам кичкина эмас, туризм йўналишида Самарқанддаги энг қизиқарли нуқталар бўлиши шубҳасиз.

Қолаверса, ушбу объектларнинг иш бошлаши орқали сайёҳларнинг ҳудудда кўпроқ бўлишига эришиш бюджет учун ҳам, сайёҳларга хизмат кўрсатувчи маҳаллий аҳоли учун ҳам даромад нуқтаи назаридан жуда муҳим.

Бу борадаги ишларни мувофиқлаштириш ва тизимли йўлга қўйиш мақсадида Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳузурида “Дарё ва каналлар бўйи инфратузилмасини ривожлантириш дирекцияси” тузилади.

Дунёда замонавий туризмнинг энг муҳим йўналишига айланган экотуризм атроф-муҳитни муҳофаза қилишни тақозо этади, биоранг-баранглиликни, табиий ресурсларни сақлаш ва кенгайтириш экология мувозанат учун ҳам беқиёс аҳамиятга эга.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?