Дарахтни бир тепсанг, гув этиб кинорежиссёрлар тушади — Жаҳонгир Қосимов

19:36 19 Ноябрь 2020 Маданият
1040 0

Таниқли режиссёр бу ҳақда «Дунё» АА мухбирига берган интервьюсида айтиб ўтган.

Хабарингиз бор, Америка кинематография санъати ва фанлари академиясининг Оскар мукофотига Ўзбекистондан илгари суриладиган фильмлар қисқа рўйхати (шорт-лист) ҳам эълон қилинган эди.

Ундан «Ўзбеккино» Миллий агентлиги буюртмасига биноан Жаҳонгир Қосимов томонидан суратга олинган «Ибрат», Аюб Шаҳобиддиновнинг «Рангсиз тушлар» ва Ёлқин Тўйчиевнинг «Фариданинг икки минг қўшиғи» фильмлари ҳам ўрин олган. Мазкур ижод маҳсулларидан бири Ўзбекистон Оскар қўмитаси томонидан танланиб, мукофотга тақдим этилади.

— Оскар қўмитаси талабига биноан тақдим этилган фильмлар илгари намойиш этилмаслиги керак. Шунинг учун томошабин сизнинг фильмингизни билмайди. Шундан келиб чиқиб, фильмга қисқача таъриф бера оласизми?

— Оскар қўмитасига тақдим этилган фильм телевизор, “Youtube”да намойиш этилмаган бўлиши керак эмас деган талаб бор. Аммо фильм ўз давлатингиз кино экранларида қўйилган бўлса, унда Оскарга тақдим этиш мумкин. Талабга кўра, мукофотга тақдим этилаётган картина бир ҳафтадан кам бўлмаган муддатда экранда қўйилган бўлиши керак.

Шу боис биз «Ибрат» фильми премьерасини ўтказдик. Менимча, ушбу фильм ҳозир ҳам кинотеатрларда қўйиляпти, қизиққан одам бемалол бориб кўриши мумкин. Жумладан, пойтахтимиздаги Алишер Навоий номидаги киносарой, «Primer Hаll» кинотеатри ва республикамизнинг бошқа кинотеатрларида ушбу кино намойиш этилмоқда.

— Ушбу мавзуда фильм суратга туширишга қизиқишингиз қандай пайдо бўлди?

— «Ибрат» фильмини суратга олиш истаги давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Наманган вилояти Тўрақўрғон туманида Исҳоқхон Ибрат ҳайкали бунёд этилгани ва у киши номидаги адабиёт мактаби ташкил қилингандан сўнг пайдо бўлди.

Мен Ибрат домла ҳаёти ва фаолиятини ўрганишга киришдим. Тўғриси, улуғ аждодимиз амалга оширган маърифий ишлар катта таассурот уйғотди. Аллома ҳақида биз билмас эканмиз, мактаб дарсликларида ҳам у киши ҳақида ўқимаганмиз-да. Масалан, мен ҳатто институтда таҳсил олиб юрган кезларимизда ҳам домла ҳақида бирор бир маълумот ўқимаганман.

Исҳоқхон Ибрат ҳақида маълумотлар тўплаб юрган пайтларим қўлимга ушбу фильм сценарийси келиб тушди. Уни ўқиб чиққач, янги бадиий фильмни суратга олиш иштиёқи янада кучайди.

Бу тарихий шахс халқимизни маърифатли бўлиши учун жуда кўп машаққатларни бошдан ўтказган. Лекин, афсуски, биз бу ҳақда жуда ҳам кам биламиз. Икки-уч йил аввал Ибрат домлани илмий доирадаги кишилардан ташқари ҳеч биримиз билмас эдик. Бу инсоннинг меҳнатларини кўрсатиш мақсадида ушбу фильмни суратга олишга қарор қилдим.

Кейин фильмни суратга олиш гуруҳини туздик. Унинг таркибида сценарий муаллифлари Нурилло Аббосхон ва Абдуқаюм Йўлдошев тасвирчи Рустам Муродов, рассомлар Дониёр Абдураҳмонов, Акмал Саидов, иккинчи режиссёр Аҳмад Анорбоев билан биргаликда фаолият олиб бордик. Ушбу тарихий фильмда марҳум Пўлат Саидқосимов ҳам иштирок этиши керак эди. Афсуски, у кишининг вафоти режаларимизни ўзгартириб юборди.

Суратга олиш жараёнида Исҳоқхон Ибрат домла ҳақидаги жуда кўп қизиқарли маълумотлар билан танишдик. Маълумотларга кўра, у киши 7 та тилни мукаммал билган экан. Бундан ташқари, 20 та тилни гаплаша оладиган даражада ўрганган. Энг ажабланарлиси ва ачинарлиси, ана шундай зиёли, билимли инсон улуғ ёшга, яъни 75 ёшга кирганига қарамасдан қатағон қилинган. Мана шу далилда ҳам собиқ тузум ваҳшийлигини кўриш мумкин.

Буюк ватанпарвар, миллий мустақиллигимиз учун жонини фидо қилган инсон фожиаси ҳақида фильм олиш насиб қилганининг ўзи мен учун катта бахт, деб ҳисоблайман.

— Бугунги кунда Ўзбекистонда кинорежиссёр бўлиш қанчалик мушкул?

— Биласизми ҳозирги кунда ўзини кинорежиссёр деб атайдиганлар жуда кўпайиб кетган. Айтиш мумкинки, дарахтни бир тепсанг гув этиб кинорежиссёрлар тушади.

Лекин масалага жиддийроқ қарасак, кинорежиссёр бўлиш осон эмас, бунга алоҳида иқтидор ва маҳорат керак. Ана шу иккита жиҳат сизда мужассам бўлмаса, ушбу касб сирларини мукаммал ўрганиш жуда қийин бўлади. Учинчиси, албатта, билим. Билимингизга ишончингиз комил бўлмаса, бу соҳага яқинлашмаган маъқул.

Маҳоратли кинорежиссёр бўлиш учун албатта, жуда кўп китоб ўқиш керак. Мукаммал билим қилаётган ишингизнинг сифатли чиқишида муҳим аҳамият касб этади. Фақат қизиқиш билан яхши кинолента суратга олиб бўлмайди.

— Биламизки, Оскар мукофотини қўлга киритган фильм режиссёрлари саҳнага чиқиб, нутқ сўзлайди, агар фильмингиз мукофотга лойиқ, деб топилса саҳнада айтар сўзингиз?

— Тўғри, Оскар мукофотини қўлга киритган фильм режиссёрлари, актёрлар ва бошқа мутахассислар саҳнага чиқиб, нутқ сўзлайди.

Лекин мен учун олдиндан бу ҳақда гапириш кулгили туйиляпти... Албатта, Оскарни олиш ниятимиз жуда кучли. Мабодо сиз айтгандай бўлса, биринчи ўринда раҳматли бувим, отам ва, Яратганга шукрлар бўлсин, умрлари узоқ бўлсин онамга раҳматлар айтган бўлар эдим. Чунки уларсиз мен бундай ютуқларга эриша олмасдим, албатта.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?