Cоғломлаштириш акцияси доирасида оғир беморларда мураккаб операциялар ўтказилмоқда

15:25 24 Июль 2022 Жамият
488 0

Дарднинг яхшиси йўқ. Кези келса, унинг ҳар қандай тури инсонни тўшакка михлаб қўйиши ҳеч гап эмас. Бу ҳолат эса кўпинча саломатлигига ўз вақтида эътибор қилмаслик натижасида келиб чиқади. Оқибатда касаллик янада зўрайиб, бемор қийин аҳволда қолади.

Бироқ уларнинг ҳаммасида ҳам шифохонада ётиб даволанишга, ўз вақтида керакли муолажаларни олишга имкон йўқ.

Давлатимиз томонидан бугун ана шу каби юртдошларимиз саломатлигига алоҳида эътибор қаратилиб, кам таъминланган, ногиронлиги бор, боқувчисини йўқотган шахсларнинг мураккаб операциялари бепул амалга оширилмоқда.

Президентимизнинг тиббиёт ходимлари билан очиқ мулоқотида белгилаб берилган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида Соғлиқни сақлаш вазирлиги ташаббуси билан Андижон вилоятида бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси эса айни шу мақсадларни кўзда тутган.

Тадбир доирасида шу кунларда вилоятдаги қатор тиббиёт муассасаларида пойтахтдан келган малакали шифокорлар бошчилигида кўплаб юқори технологияли жарроҳлик амалиётлари бажарилмоқда. Хусусан, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Андижон филиали ҳамда Вилоят кўп тармоқли тиббиёт марказида бир қанча оғир беморларда мураккаб операциялар ўтказиляпти.

Мисол учун, Андижон шаҳар Алишер Навоий маҳалласида яшовчи 33 ёшли Сарвиноз Қаландарова 5 йилдирки, ўт қопи хасталигидан азият чекади. Шу вақт ичида касаллик уни анчайин ҳолдан тойдирди. Қилинган муолажалар эса кутилган натижани бергани йўқ.

Бироқ давлатимиз ана шундай оғир дамларда ҳам уни ёлғизлатиб қўймади. Андижонда бошланган соғломлаштириш акцияси унинг қалбида соғайишга яна умид уйғотди.

Пойтахтдан келган юқори малакали мутахассислар беморда лапароскопик усулда жарроҳлик амалиётини бажаришди. Муҳими, операция муваффақиятли якунланди. Ҳозир Сарвинознинг аҳволи яхши.

Шифокорларнинг айтишича, авваллари бундай хасталик билан операция қилинган беморларнинг оёққа туришига узоқ вақт талаб этиларди. Жисмоний зўриқиш, ортиқча ҳаракатлар эса мутлақо мумкин эмасди.

Эндиликда эса лапароскопик усулда, кичик кесмалар орқали амалга оширилаётган ушбу амалиёт туфайли беморга шу куннинг ўзидаёқ уйига рухсат берилади.

Сурункали буйрак етишмовчилиги – оғир хасталик. У билан касалланган беморларнинг кун тартиби, ҳаёт сифати бошқаларникидан анчагина фарқ қилади. Уларнинг аксарияти доимий эътиборга, муолажаларга муҳтож. Акс ҳолда касаллик янада зўрайиб, бемор қийин аҳволда қолиши ҳеч гап эмас.

Балиқчи туманида яшовчи 33 ёшли Гулмира Бобомирзаева ана шундай беморлардан. Кучли бош оғириғи, бош айланиши, юқори қон босими туфайли унинг кейинги пайтлардаги ҳаётига сира ҳавас қилиб бўлмасди. Шу боис беморнинг отаси, 60 ёшли Насимжон Маҳмудов ўз жигарбандига бир буйрагини беришга қарор қилди. Бироқ ушбу амалиёт жуда қиммат эканлигидан хабар топгач, чорасизликдан нима қилишни, қаердан нажот кутишни билолмай қолди.

Ана шундай пайтда Андижонда бошланган соғломлаштириш акцияси Гулмира ва унинг яқинлари жонига оро кирди. Пойтахтдан келган етакчи шифокорлар ва маҳаллий мутахассислар иштирокида отанинг бир буйраги қизига олиб ўтқазилди. 4 соат давом этган операция эса муваффақиятли ўтиб, бемор яна ҳаётга қайтди.

Ҳозирда у ва донор ўзини анча яхши ҳис қилмоқда. Шифокорларнинг айтишича, бемор яқин кунларда яна соғлом ҳаётга қайтади.

Асакалик 39 ёшли Акмалжон Зокиров учун бу йил анча оғир келди. Жисмоний тарбия ўқитувчиси бўлган юртдошимиз жорий йил февраль ойида спорт машғулотлари пайти хушидан кетади. Тиббий текширувлардан сўнг эса унда ҳам ўткир бурак етишмовчилиги аниқланади.

Шу кунгача дори-дармон билан даволанган беморда соғломлаштириш акцияси доирасида буйрак кўчириб ўтказиш амалиёти бажариладиган бўлди. Донор ҳам бегона эмас — унга турмуш ўртоғи, 37 ёшли Шоҳида Зокирова бир буйрагини беради.

Бир сўз билан айтганда Андижонда бўлиб ўтаётган соғломлаштириш акцияси қанчадан қанча беморлар ҳаётига ёруғлик, қалбларга умид ва ишонч олиб киряпти.

Акция давом этмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер