Чустда йирик цемент ишлаб чиқариш корхонасининг иккинчи навбати фойдаланишга топширилди

13:32 04 Январь 2023 Жамият
512 0

Фото: Халқ сўзи

Наманган вилояти қурилиш индустриясида амалга оширилаётган йирик лойиҳалардан бири — “Naмаngan sement” масъулияти чекланган жамияти янги йилни корхона ишлаб чиқаришининг навбатдаги босқичи қувватларини ҳаракатга келтириш билан бошлади. Бу ерда дастлабки босқичда йилига 300 минг тонна маҳсулот тайёрланаётган эди. 49 миллион АҚШ доллари қийматидаги кейинги лойиҳа ижроси билан айни кўрсаткични бир миллион тоннага етказиш имконияти юзага келди. Меҳнат ўринлари эса икки баравардан кўпроқ ортиб, 650 тани ташкил этмоқда.

Чуст туманида жойлашган мазкур корхона қувватининг ошиши мазкур тадбиркорлик субъектининг маҳаллий бюджетга қўшаётган ҳиссасини ҳам кескин кўпайтирди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, “Naмаngan sement«нинг давлат ғазнасига йўналтирадиган йиллик солиқ тушуми 100 миллиард сўмдан ошади.

— Президентимиз Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига Мурожаатномасида наманганлик тадбиркорлар салоҳиятига юқори баҳо бердилар, — деди корхона иккинчи навбати тақдимотида сўзга чиққан Наманган вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов. — Бинобарин, эътироф этилганидек, кейинги беш йилда Наманган саноат, тадбиркорлик, таълим ва маданият соҳаларида минтақавий марказ сифатида ўз ўрнини топмоқда. Ҳудудда бугунгача 73 та кичик саноат, 2 та эркин иқтисодий ва битта фармацевтика саноати зонаси ташкил қилиниб, уларда минглаб лойиҳалар амалга оширилгани бунинг тасдиғидир.

 

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, «Халқ сўзи».

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер