«Чорвоқ»да 19 ёшли йигит гидроскутер бошқарувини йўқотиб, икки кишининг ўлимига сабабчи бўлди

12:32 22 Июль 2024 Жамият
324 0

Иллюстратив фото

«Чорвоқ» сув омборининг «Бурчмулло» сув ҳавзасида 19 ёшли йигит гидроскутер бошқарувини йўқотиб, икки кишининг ўлимига сабабчи бўлди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ахборот хизмати хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 20 июль куни Бўстонлиқ тумани, Бурчмулла МФЙ ҳудудида жойлашган «Чорвоқ сув омбори» ҳавзасида 19 ёшли Қ.Ф. «Yamaxa» русумли гидроскутерни ҳайдаб бораётиб, бошқарувни йўқотган ва сув ҳавзасида сузиб юрган «Катамарон» сув-транспорт воситасига бориб тўқнашган.

Оқибатда «Катамарон» сув-транспорт воситасидаги 28 ва 26 ёшли йўловчилар воқеа жойида вафот этган.

Манбага кўра, вафот этган фуқаролар фарғоналик, гидроскутерда бошқарувни йўқотган йигит эса зангиоталик бўлган.

Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдиновнинг «Халқ сўзи»га хабар беришича, мазкур ҳолат юзасидан Қ.Ф.га нисбатан Жиноят кодексининг 260-моддаси (Темир йўл, денгиз, дарё ёки ҳаво транспортининг ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 3-қисми «а» банди билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Бўстонлиқ туман ИИБ томонидан тергов олиб борилмоқда.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?