Чорвадорлар наслчилик қоидаларига қай даражада амал қиляпти?

13:48 30 Ноябрь 2020 Иқтисодиёт
216 0

Нурота азал-азалдан чорвачиликда донг таратган ҳудуд. Бепоён яйлов, чорвабоп қиру адирликларда мол бош сонини кўпайтиришнинг бир қатор имкониятлари мавжуд. Мазкур ресурсларда сўнгги йилларда кенг фойдаланиш, хусусан четдан наслли қорамоллар келтириш ва маҳаллий қорамоллар зотларини яхшилаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Чунончи, жорий йилда қорамолчиликни ривожлантириш дастурига асосан «Шерзод нур томорқа хизмати» масъулияти чекланган жамияти томонидан 1 миллиард 800 миллион сўмлик банк кредити эвазига Франциядан 66 бош гольштейн зотли сут йўналишидаги қорамолчилик лойиҳаси ишга туширилди. Бундан ташқари, «Барот бобо 2022» МЧЖ томонидан 60 бош ва «Голден ФФФ» фермер хўжалиги томонидан 41 бош гўшт йўналишидаги қорамолчилик лойиҳаларини ишга тушириш бўйича тармоқ жадваллари тасдиқланиб, амалда «Голден ФФФ» фермер хўжалигининг 450 миллион сўм ўз маблағлари эвазига Қозоғистон давлатидан 41 бош гўшт йўналишидаги наслли қорамол келтирилди.

Туманда наслли чорвани талаб даражасида сақлаш ва кўпайтириш, бу борадаги қонун, меъёр ва қоидаларга амал қилиниши қай даражада? Республика Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Нурота туман бўлими томонидан 2020 йилнинг ўтган даврида айрим чорвачилик-наслчилик фаолияти билан шуғулланувчи хўжалик юритувчи субъектларда ана шу саволга жавоб топиш ва йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш мақсадида назорат тадбирлари ўтказилди. Ўрганиш ва текширишларда Ўзбекистон Республикасининг «Наслчилик тўғрисида»ги Қонунига ҳамда бу соҳадаги ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя этилмаётганлиги ҳолатлари аниқланди.

Хусусан, 2020 йилнинг ўтган даврида «Чорвачиликда наслчилик ишларини назорат қилиш соҳаси»да 3 та қонунбузилиши, унинг келиб чиқиш сабаблари ва бунга имконият яратиб бераётган шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимнома киритилди, 17 нафар шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилди, 43 нафар шахс норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида расман огоҳлантирилди. 6 та ёзма кўрсатмалар берилди.

— Ўтказилган назорат тадбирлари давомида қоракўлчилик-наслчилик фаолияти билан шуғулланувчи масъулияти чекланган жамиятларда бир қанча қонунбузилишлар содир этилгани аниқланди — дейди «Ўзагроинспекция» Нурота туман бўлими катта инспектори Муҳаммад Ҳошимов. — Жумладан, қоракўл-наслчилик билан шуғулланувчи «Нурота қоракўл наслчилик», «Қизилча қоракўл наслчилик», «Истиқлол қоракўл наслчилик», «Ғозғон наслчилик» МЧЖларнинг 17 нафар бош чўпонлари Ўзбекистон Республикасининг «Наслчилик тўғрисида»ги Қонунининг 11-моддаси талабларини бузиб, МЧЖга тегишли бўлган жавобгарлигидаги наслли майда шохли чорва моллари билан биргаликда ўзининг шахсий бошқа турдаги майда шохли чорва молларни қўшиб боқиб, қонунбузарлик ҳолатларини содир этган. Уларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси МЖтКнинг 92-моддаси билан маъмурий жавобгарлик тўғрисида иш қўзғатилиб, мазмунан кўриб чиқиш учун туман маъмурий судига юборилди. Суднинг қарорларига асосан маъмурий ҳуқуқбузарликларга нисбатан жарима жазоси тайинланди.Ушбу ҳолат бўйича МЧЖ раҳбарларига қонунбузилиш ҳолатлари, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш юзасидан тақдимнома киритилди.

Шунингдек, назорат тадбирларида сунъий уруғлантириш ҳисоботларини ҳаққоний тўғри юритмаганлик ҳолати бўйича ҳам камчиликлар аниқланган. Ҳолат бўйича йиғилган материалларга қонуний чора қўллаш учун туман прокуратурасига юборилди.

Хулоса ўрнида таъкидлаш жоиз чорвада насл бузилиши унинг маҳсулдорлиги, маҳсулот сифати ва пировард натижада ташқи бозорда рақобатбардошлилигига жиддий путур етказади. Бунга Нурота қоракўлчилигининг яқин ўтмиши яққол мисол бўлиши мумкин. Наслни тозалаш эса узоқ ва машаққатли меҳнатни талаб этади.

Темур ЭШБОЕВ,

(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?