Чортоқлик алиментчи отанинг қарзи махсус жамғарма томонидан тўлаб берилди

15:00 21 Сентябр 2022 Жамият
256 0

Фото: Халқ сўзи

Албатта, вақтинча тўлов қобилиятига эга бўлмаган ота томонидан қайтариш шарти билан берилган бу маблағ унинг вояга етмаган фарзандларининг моддий таъминотини ўйлаб амалга оширилди. Шу ўринда Давлатимиз раҳбарининг “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги Фармони билан Мажбурий ижро бюроси ҳузурида “Алимент тўловлари” давлат мақсадли жамғармаси ташкил этилганини таъкидлаб ўтиш лозим. Мазкур жамғарма маблағлари вояга етмаган фарзандини моддий таъминлашдан бўйин товлаганлик учун қарздор жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда, алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни қоплаб беришга йўналтирилиши белгилаб қўйилган. Бунда қарздорликни қоплаб бериш учун мажбурий ижро ҳаракатини амалга оширган давлат ижрочисининг алимент тўловларини қоплаб бериш тўғрисидаги қарори асос бўлиб ҳисобланади.

Аниқланишича, фуқаролик ишлари бўйича Янгиқўрғон туманлараро судининг 2015 йил 9 апрелдаги буйруғига кўра Д.Соттихўжаевдан ундирувчи Х.Соттихўжавева фойдасига икки нафар фарзанди учун алимент ундириш белгиланган. Мазкур ижро ҳужжати МИБнинг Чортоқ туман бўлими иш юритувига киритилиб, тегишли ҳаракатлар олиб борилган. Бироқ, қарздор жами 64 ой давр учун ҳисобланган 42 миллион 116 минг 832 сўм алимент тўловларидан юзага келган қарздорликни тўламагани учун дастлаб маъмурий, ундан сўнг эса жиноий жавобгарликга тортилади. Шундан кейин ҳам ижро ҳаракатлари давомида қарздорликни ундириш самарасиз бўлган.

Айнан янги ташкил этилган жамғарма қарздор учун имконият тақдим этди. Яъни, давлат ижрочисининг қарорига асосан қарздорлик жамғарма маблағлари ҳисобидан ундирувчи номига очилган пластик картага ўтказиб берилиши таъминланди.

— Албатта, бундай имконият яратиб берилгани учун раҳмат айтаман, — дейди қарздор Д.Соттихўжаев. — Тўғриси, алимент тўловларни тўламай дастлаб маъмурий, кейин жиноий жавобгарликка тортилдим. Чорасиз қолган пайтимда жамғарманинг ёрдами қўл келди. Энди бу пулларни ўз вақтида қайтариш учун астойдил меҳнат қиламан.

Маълумот учун, кейинги пайтларда бўлимлар иш юритувидаги жиноят ишлари натижасида алимент тўловлари учун етказилган зарарни ундириш билан боғлиқ жами 107,7 миллион сўмлик 4 та ижро ҳужжати бўйича қарздорлик жамғарма ҳисобидан қоплаб берилди.

Қудратилла НАЖМИДДИНОВ, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер