Чор Бакрдан таралган зиё

Фото: Халқ сўзи
Бухоро шаҳридан олти чақирим ғарбда жойлашган қадимий Сумитан қишлоғидаги Чор Бакр меъморий мажмуаси маҳобати, тарихий аҳамияти жиҳатидан мамлакатимиздаги бебаҳо ёдгорликлар сирасига киради. Тарихчилар бу муқаддас гўшани Жўйбор хўжаларининг йирик вакили Абу Бакр Саъд номи билан боғлайдилар.
Зиёратгоҳнинг барпо этилиши эса милодий 1559 йилга бориб тақалади. Худди шу йили Бухоро хони Абдуллахон II томонидан бу ерда масжид, мадраса ва хонақо барпо этилган.
— Бу бежиз эмас, — дейди Чор Бакр жоме-масжиди имом-ноиби Зайниддин Шодиев. — Абдуллахон II Муҳаммад Ислом Жўйборийга мурид тушган. Бу ерда йигирмага яқин оилавий хилхона бор. Жўйборий хўжалари Нақшбандия тариқати ихлосмандлари саналган. Боғ-роғлар билан ҳисоблаганда ҳозир қадамжо ҳудуди тахминан 17-20 гектарни ташкил этади.
Тарихчи олим Ҳалим Тўраевнинг ёзишича, илмий адабиётларда «Жўйбор шайхлари» номи билан ҳам тилга олинадиган бухоролик бу нуфузли хонадон вакиллари XVI-XVII асрларда Бухоро хонлиги ижтимоий–сиёсий ва маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутганлар.
— Ҳайитларда Абдулазизхон томонидан Хожа Тожиддин Жўйборийга алоҳида ҳурмат кўрсатилиб, уни хоннинг ёнига ўтқазишарди, — дея ёзади олим. —Хон саройидаги олий мажлислар ҳам Хожа Тожиддин иштирокисиз ўтмасди.
Шу каби кўплаб мисоллар кўрсатадики, Жўйбор шайхлари эл орасида алоҳида мавқега эга бўлишган. Улар қатор қишлоқларда ариқлар қаздириб, деҳқончилик ривожига йўл очишган. Ўз ҳисобларидан масжиду мадрасалар, карвонсарой ва сардобалар қуриб, эҳтиёжманд кишилар, етим – есирларга ёрдам қўлини чўзишган. Уларнинг илму маърифатга ҳам меҳрлари баланд эди. Масалан, Хожа Саъднинг кичик ўғли Хожа Абдукарим шахсий кутубхонасида 400 жилдлик қўлёзма китоблар сақланган.
Буни қарангки, хону амалдорларни эзгу ишларга даъват этган, камбағалларга қайишган, хайру саховати, илму маърифати билан бошқаларга ўрнак бўлган Жўйборийлар мангу қўним топган қадамжо шўро тузуми даврида қаровсиз қолди. Масжиду мадраса нуради. Мўъжаз минора, мақбаралар таъмирталаб ҳолга келди. Бутун бошли қадамжони шўр тупроқ гирдобига олди.
Сир эмас, юртимиздаги айрим тарихий ёдгорликлар урушлар, техноген таъсирлар ва қаровсизлик оқибатида ер билан яксон бўлган. Чор Бакрни ҳам шундай кўргулик кутаётган эди. Аммо Ўзбекистон мустақилликка эришгач, қадриятларимизга муносабат тубдан ўзгарди. Буюк ипак йўлининг шундоқ ёқасида жойлашган бу меъморий мажмуа айнан истиқлол йилларида обод манзилга айлантирилди. Аждодлар ақл-заковати билан бунёд этилган ёдгорликлар сақлаб қолинди. Жўйборий хўжалар, улар қолдирган маънавий мерос ҳақида тадқиқотлар қилинди. Бу ердаги обидалар тарихи ўрганилди. Қадамжо давлат муҳофазасида.
...Қадимий Чор Бакрда бўлсангиз, руҳингиз аллақандай енгил тортади. Аждодлар хоки пойини зиёрат қилиб, дунёнинг ўткинчилигини, кишидан фақат эзгу ишлар қолмоғи зарурлигини юрак-юракдан ҳис этасиз. Дил хотиржам тортади. Ишдан, ҳаётдан ҳузур-ҳаловат топасиз. Буларнинг бари Чор Бакр зиёсидан. Шубҳасиз, бу зиё ҳеч қачон завол топмайди!
Истам Иброҳимов, «Халқ сўзи».
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Каримов Эркин Қодировичнинг “Суғориладиган тупроқлар сифатини баҳолаш ишларини такомиллаштириш (Бухоро вилояти Вобкент тумани мисолида)” мавзусидаги илмий иш ҳимояси эълони
- "Зарафшон" газетасининг 110 йиллиги ҳамда "Самаркандский вестник" газетасининг 105 йиллиги муносабати билан маърифий тадбир бўлиб ўтди
- 2020 йилдан бери ўзбекистонликлар 255 кг олтин қуймалар сотиб олган
- Ўзбекистонда илк бор UNWTO Бош Ассамблеяси сессияси ўтказилади
- Чустда боғча тарбияланувчилари доридан заҳарланганмиди ёки... Вазиятга аниқлик киритилмоқда
- Ўзбекистоннинг тоғли ҳудудларида 15 сентябрь куни қисқа муддатли ёмғир ёғади
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг