Чирчиқда белбоғли кураш бўйича ёшлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати бўлиб ўтди

17:27 30 Июнь 2021 Спорт
759 0

Жорий йилнинг 29-30 июнь кунлари Чирчиқ шаҳридаги Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг янгидан барпо этилган кураш залида белбоғли кураш бўйича 2001-2002 йилларда туғилган ўғил болалар ва қизлар ўртасида Ўзбекистон чемпионати беллашувлари бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Ўзбекистон белбоғли кураш федерациясининг йиллик-тақвим режасидаги мазкур чемпионатда Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлардан 200 нафарга яқин полвонлар белбоғли курашнинг классик ва эркин йўналишларида куч синашишди.

Юқори савияда ташкил этилган чемпионатнинг биринчи кунида регламентга мувофиқ, тантанали очилиш маросими ташкил этилди. Маросимда Ўзбекистон "Адолат” СДП Сиёсий Кенгаши раиси Баҳром Абдуҳалимов, Олий Мажлис қонунчилик палатаси депутати Қодир Жўраев, Ўзбекистон белбоғли кураш федерацияси раиси Равшан Дастиров, ЎзДЖТСУ ректори Маҳмуджон Болтабоев, Тошкент вилояти ҳокими ўринбосари Зухра Миргазиева, Чирчиқ шаҳар прокурори Хайрулла Бўриев, Ўзбекистон "Адолат" СДП Тошкент вилояти Кенгаши раиси Бобур Мамировлар иштирок этишди ва мусобақа қатнашчиларини қизғин табриклаб, медалларни қўлга киритишда омад ёр бўлишини тилашди. Шунингдек, очилиш маросимига таклиф этилган ушбу меҳмонлар иштирокида жисмоний тарбия ва спорт университетининг талабалар маданият саройида ташкил этилган университет музейидан жой олган белбоғли кураш тарихига оид экспонатлар билан ҳам танишишди.

Муросасиз ўтган мусобақанинг биринчи кунида ўғил болалар классик йўналишда 8 та вазнда, қизлар эса 6 та вазн тоифасида кураш тушишди. Чемпионатнинг иккинчи кунги баҳсларида ўғил болалар эркин йўналишда 8 та вазн тоифасида ғолиблик учун беллашишди.

Қуйида ғолиб спортчилар билан танишинг.

Ўғил болалар (классик йўналиш)

57 кг. – Нодир Абдумаликов (ЎзДЖТСУ)

62 кг. – Азизбек Азимжонов (Фарғона)

68 кг. – Ойбек Султонов (Андижон)

75 кг. – Нусрат Султанбоев (Андижон)

82 кг. – Муҳаммаджон Расулов (Андижон)

90 кг. – Ойбек Муҳаммедов (Фарғона)

100 кг.- Илёс Обитжонов (ЎзДЖТСУ)

+100 кг. – Муҳаммад Вахобов (Тошкент в.)

Қизлар (эркин йўналиш)

48 кг. – Мохигул Ибрагимова (Наманган)

52 кг. – Фарангиз Абдунабиева (Сирдарё)

58 кг. – Бийбигаўхар Полатбаева (Қорақалпоғистон)

66 кг. – Мафтуна Махмудова (Андижон)

76 кг. – Земпира Азатова (Қорақалпоғистон)

+76 кг. – Муниса Носирова (Наманган)

Ўғил болалар (эркин йўналиш)

57 кг. – Камрон Ортиқов (Тошкент в.)

62 кг. – Исмоил Умрзоқов (Наманган)

68 кг. – Фаёзбек Абдуғаффаров (Фарғона)

75 кг. – Асадбек Раҳматов (Андижон)

82 кг. – Фурқат Тўлқинов (Тошкент в.)

90 кг. – Диёр Худойберганов (Хоразм)

100 кг. – Азизбек Тошпўлатов (Наманган)

+100 кг. – Азат Орынбаев (Қорақалпоғистон).

Ғолиб ва совриндор қимматбаҳо эсдалик совғалари билан мукофотланишди.

Эслатиб ўтамиз, мазкур Ўзбекистон чемпионати ғолиблари жорий йил сентябрь ойида Қозон шаҳрида (Россия) Биринчи МДҲ ўйинларида иштирок этиш, шунингдек, октябрь ойида мамлакатимизда ўтиши кутилаётган жаҳон чемпионатига йўлланмаларни қўлга киритишди.

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?