Чиқиндилар билан боғлиқ масалаларда вужудга келган муаммолар ҳамон долзарблигича қоляпти

18:11 20 Ноябрь 2020 Сиёсат
323 0

Сенатнинг тўққизинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг биринчи ўринбосари А.Раматовга чиқиндилар билан боғлиқ масалаларда вужудга келган муаммолар ва уларнинг аҳоли саломатлигига таъсири юзасидан юборилган парламент сўрови натижалари муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, бу борада муайян ишлар амалга оширилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 29 сентябрдаги «Маиший ва қурилиш чиқиндилари билан боғлиқ ишларни бошқариш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори билан ушбу тизимни янада такомиллаштириш, чиқиндиларни қайта ишлашда юқори технологиялар қўлланиладиган ишлаб чиқаришларни жорий этиш, соҳага тадбиркорлик субъектларини кенг жалб қилиш янги тартиби жорий қилинди.

Шунга қарамай, соҳани мувофиқлаштирувчи ҳамда назорат қилувчи ягона давлат органининг мавжуд эмаслиги, чиқиндиларни сақлаш, полигонларга жойлаштириш ва уларни йўқ қилишга етарлича эътибор берилмаганлиги туфайли соҳада қатор муаммолар сақланиб қолаётганлиги сенаторлар томонидан алоҳида таъкидланди.

Хусусан, қурилиш чиқиндиларини жойлаштириш полигонлари ташкил қилинмаганлиги натижасида уларни автомобиль йўллари ёқаларига, сув объектларининг муҳофаза зоналарига ва бошқа қаровсиз ҳудудларга ташлаб кетиш ҳолатлари кўплаб учрамоқда.

Тиббиёт ва биологик чиқиндиларни хавфлилик даражасидан келиб чиққан ҳолда утилизация қилиш борасидаги муаммолар сақланиб қолаётгани аҳоли орасида турли юқумли ва бошқа турдаги касалликлар тарқалиш хавфини туғдирмоқда.

Бу борада мутасаддилар айбдорларга нисбатан керакли чораларни кўрмасдан жаримага тортиш билан чекланиб қолишмоқда.

Маиший чиқинди полигонларининг атрофини ўраш бўйича ишлар талаб даражасида олиб борилмаган, полигонлар рекултивация қилинмасдан ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Маиший чиқиндиларни кўмишга мўлжалланган санитария ва экологик меъёрлар талабларига жавоб бермаганлиги сабабли 51 та (умумий майдони 282,3 гектар) полигон фаолият олиб бормаяпти.

Шу жиҳатдан сенаторлар «Чиқиндилар тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунини янги таҳрирда қабул қилиш, саноат ва маиший чиқиндиларни қайта ишлаш, утилизация қилиш ва полигонларини санитария ва экологик меъёрлар талаби асосида ташкил қилишда юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқиши лозимлигини таъкидлаб ўтди. Шунингдек, бу борада мутасадди ташкилотлар жавобгарлигини кучайтириш зарурлиги ҳам билдирилди.

Мазкур масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?