Чиқиндихоналарни оралаб…
Жиззах шаҳридаги «Заргарлик» ва «Олмазор» (Олмазор city) маҳаллалари ҳудудидан чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш пайсалга солинаётгани, атрофга қўланса ҳид тарқалаётгани, бу ҳолат бартараф этилмаса касаллик ўчоғига айланиши мумкинлиги ижтимоий тармоқларда кескин танқид қилинди.
Вазиятни ўрганиш мақсадида дастлаб «Заргарлик» маҳалла фуқаролар йиғинига борганимизда бир қатор мутасадди ташкилотлар вакиллари жам бўлгани ва «Eco house» масъулияти чекланган жамияти ходимлари томонидан чиқиндилар олиб кетилаётганига гувоҳ бўлдик. Шунингдек, «Зебо» савдо маркази атрофига чиқиндиларни ноқонуний тарзда ташлаб кетилган ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузар фуқароларга маъмурий жавобгарлик белгиланди.
Шу ўринда бир мулоҳаза: чиқиндиларни олиб чиқиб кетиш учун ижтимоий тармоқларда жар солиш орқали масъуллар эътиборини қаратиш лозимми? Мазкур вазиятдан келиб чиқиб айтилса, албатта ҳа. Бироқ ҳар ким ўз ишига масъулият билан ёндашса, бунга ҳожат йўқ.
«Заргарлик» МФЙ ҳудудида жойлашган 3 та чиқинди тўплаш шохобчаларидаги ҳолат ўрганилганда «Eco house» МЧЖ томонидан чиқиндилар ўз вақтида олиб кетилмагани аниқланди.
— Жорий йил январь ойида ишни янгича ёндашув билан бошладик. Жиззах шаҳрига аввал 3 та махсус техника хизмат кўрсатган бўлса, ҳозир бу кўрсаткич 20 тани ташкил этади, — дейди «Eco house» МЧЖ раҳбари ўринбосари Муҳаммад Ҳамроқулов. — Йил якунигача яна 10 та техника олиб келишни режалаштирганмиз. Шунингдек, Марказий Осиёда ягона бўлган, чиқинди ташиш учун мўлжалланган электромобилни олиб кирдик. Инвесторлар билан келишувларга эришилиб, яқин йилларда мана шундай турдаги электромобилларни ишлаб чиқариш режалаштирилган. Январь ойидан буён шаҳар ҳокимлигининг ҳомийлигида 30 та чиқинди ташиш контейнерлари берилди.
Бу рақамлар албатта шаҳар ободлиги йўлида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлардан далолатдир. Бироқ чиқинди масаласидаги вазият бунинг аксини кўрсатмоқда. Масъуллар бунга тўлов қобилиятининг пастлигини рўкач қилишди. «Заргарлик» МФЙда ижарада яшайдиган аҳоли сонини аниқлаш қийин, бу эса ўз-ўзидан чиқинди учун тўловга ҳам таъсир қилмай қолмайди.
Шунингдек, маҳаллада фаолият юритаётган 200 дан зиёд юридик ташкилотдан бор-йўғи 43 таси билан чиқиндиларни олиб-чиқиб кетиш бўйича шартнома тузилган. Бу ҳолатни оқламоқчи эмасмиз, албатта. Лекин сифатли хизмат кўрсатилгандагина тўловни амалга оширишда муаммо бўлмаслиги турган гап.
Шаҳримизнинг энг катта тураржой массивларидан бири — «Олмазор city»да ҳам аҳвол ачинарли. Ҳудудда 4 та чиқинди тўпланадиган жой бўлса, улардан иккитасида контейнерлар мавжуд. Қолган иккитасидаги ҳолатни тасаввур қилаверинг.
— Икки ой аввал шу ердаги аҳвол ҳақида видеони ижтимоий тармоққа жойлагандим, лекин натижа бўлмади. Орадан йигирма кунлар вақт ўтгач иккинчи маротаба видео жойладим, — дейди 1-уй 23-хонадонда яшовчи Ҳабиба Мансурова. — Шундан кейин икки марта чиқиндиларни олиб кетишди, шунда ҳам тўлиқ эмас. Куни кеча чиқинди ортиш учун машинани олиб келиб қўйишди, лекин олиб кетишмади.
Хуршида Қуронова 1-уй олдидаги чиқинди тўплаш шохобчада яшайди. 5 нафар фарзанди билан полиэтилен идишлар (баклажка) териб тирикчилик қилади.
— Турмуш ўртоғим вафот этгач, шу ерда яшашга мажбур бўлдим. Баклажка териб топширишдан ҳафтасига 70-80 минг сўм ишлаймиз. Чиқиндихонадан ташқари, кўчалар, уйлар атрофидан ҳам баклажка териб келамиз. Кучим борича чиқиндиларни машинага ҳам ортиб бераман — дейди у.
Ажабланарлиси, бу аёлга ҳеч қандай ойлик маош тўланмайди. У бор-йўғи шу бошпанадан фойдалангани учун чиқиндиларни ортиб беришга мажбур назаримизда. Суҳбат давомида ҳолидан бирон-бир ташкилот хабар олгани, Х.Қуронова ҳам ҳеч қаерга ёрдам сўраб мурожаат қилмагани маълум бўлди.
Биз бир муддат базўр чиқиндихона атрофида турдик. Йиллар мобайнида шу ерда яшашга мажбур аёл ва унинг фарзандлари сабрига қойил қолмасликнинг иложи йўқ.
Юқоридаги чиқиндихоналарнинг аянчли аҳволи, ахлатларнинг ҳафталаб, ҳатто ойлаб олиб кетилмаётганидан келиб чиқиб айтадиган бўлсак, ҳар бир ташкилот ўз ишига масъулият билан ёндашиши зарур. «Eco house» МЧЖ раҳбарияти энди қандай йўл тутар экан? Биз бу мавзуга яна қайтамиз.
Гавҳар САЙДУЛЛАЕВА
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- АҚШ Россияга босим ўтказишнинг муқобил усулларини ўрганмоқда
- Трамп Корея яриморолидаги можарога якун ясашга ваъда берди
- Ҳиндистонда «Монтта» циклони сабабли қарийб 90 минг киши эвакуация қилинди
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- Исроил зарбалари оқибатида Ғазода 90 дан ортиқ киши ҳалок бўлди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг