Чиқиндидан экспортбоп ёнилғи маҳсулоти тайёрланмоқда

18:21 16 Март 2023 Жамият
822 0

Фото: Халқ сўзи

Президентимизнинг 2020 йил 11 ноябрдаги «2020–2023 йилларда Қорақалпоғистон Республикасини комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори ижроси доирасида Хўжайли туманида ҳам қатор янги корхоналар ишга туширилди. Улардан бири - "FARMERGY" хорижий корхонасида қизилмия илдизини қайта ишлашдан чиққан чиқиндилардан ёнилғи тайёрлаш йўлга қўйилди.

— Қорақалпоғистонда қизилмия ўсимлиги табиий ҳолда ўсади, —дейди хитойлик инвестор, "FARMERGY" хорижий корхонаси раҳбари Чеол Ким. — Ушбу ўсимликни қайта ишлаш жараёнида чиқиндиларидан гранула шаклида тайёрлаётган ёнилғи маҳсулотимиз бемалол кўмир ўрнини боса олади. Жорий қиш мавсумида маҳаллий харидорлар маҳсулотимиздан фойдаланиб, юқори баҳо беришди.

Қувонарлиси, ҳали иш бошлаганимизга энди уч ойча вақт бўлса ҳамки, маҳсулотимизни Европа бозорига экспорт қилиш имкониятига эришиш арафасида турибмиз.

Мазкур лойиҳанинг умумий қиймати 17 миллиард 482 миллион сўмни ташкил этади. Шундан 1 миллион 500 минг доллари хорижий инвестиция маблағлари ҳисобига тўғри келади.

Корхона йилига 1 миллиард 250 миллион сўмлик қизилмия илдизи қолдиқларидан гранулалар ишлаб чиқариш қувватига эга.

Маълумот учун. Қорақалпоғистонда 2020–2023 йилларда 1 минг 359 та инвестициявий лойиҳани амалга ошириш орқали 17 минг 561 та иш ўрни яратиш белгиланган. Ҳозирги кунгача 1 минг 247 та лойиҳанинг тўлиқ ишга тушиши натижасида 13 мингдан ортиқ киши бандлиги таъминланди.

Ғ. ОТАЖОНОВ, «Халқ сўзи».

 

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?