Чилонзор туманида пандемия сабаб қасддан одам ўлдириш жиноятлари кескин ошиб кетди

17:24 01 Декабрь 2020 Жамият
670 0

Тошкент шаҳри – нафақат Ўзбекистон пойтахти, балки мамлакатимизнинг кўзгуси ҳамдир. Халқаро ҳамжамият ҳам, юртимизга ташриф буюрган меҳмонлар ҳам, аввало, пойтахтдаги вазиятга қараб, мамлакатга баҳо бериши табиий.

Шу сабабдан пойтахтда ҳуқуқбузарлик ва жиноятчилик ҳолати ҳамда қонунийлик аҳволи энг намунали даражада бўлиши лозимлиги катта аҳамиятга эга.

Бугун Чилонзор туманида ушбу масалаларга бағишланган мувофиқлаштирувчи кенгашнинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раислигида ўтган йиғилишда Ички ишлар вазири Пўлат Бобожонов, Миллий гвардия қўмондони Рустам Джураев, вазирлик ва идораларнинг масъул ходимлари, Тошкент шаҳар ҳокимияти, Чилонзор тумани сектор раҳбарлари иштирок этди.

Кун тартибидаги масала юзасидан Бош прокуратура бошқарма бошлиғи вазифасини бажарувчи Бахтияр Бабаджановнинг ҳисоботи эшитилди.

Йиғилишда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев лавозимга киришган илк кунлариданоқ, мамлакатимизда, айниқса, пойтахтда тинчлик ва осойишталикни сақлаш, ижтимоий-сиёсий, криминоген вазият барқарорлигини таъминлашга жонкуярлик билан алоҳида эътибор қаратиб, қолаверса, пойтахт туманларига бевосита ташрифларида ҳам бу масалани шахсан ўрганиб, ҳуқуқбузарликларни барвақт аниқлаш ва олдини олиш бўйича муҳим вазифаларни, йўналишларни ҳамда эътибор қаратиш долзарб саналган асосий чора-тадбирлар кўламини белгилаб бераётган бўлсаларда, айрим раҳбарларнинг, масъулларнинг бепарволик ва лоқайдликка берилгани оқибатида сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида юзага келган криминоген вазият, ҳудудда уюшган жиноятчилик ҳолатлари танқид остига олинди.

Таъкидландики, Тошкент шаҳри бўйича олдини олиш мумкин бўлган жиноятлар сони бошқа вилоятларга нисбатан энг кўп, яъни ҳар 100 минг аҳолига 138 тадан тўғри келган бир вақтда, Чилонзор туманида бу кўрсаткич шаҳар кўрсаткичидан қарийб икки бараварга кўп бўлиб, 246 тани ташкил этган.

Шунингдек, пандемия сабабли жорий этилган карантин муносабати билан ҳаракатланиш бир мунча чекланиб, назорат тадбирлари кучайтирилган бир шароитда, Чилонзор туманида криминоген вазиятнинг бундай аянчли ҳолатга келгани туман масъулларининг ўз ишига ўта лоқайд ва юзаки муносабатда бўлганлигидан далолат бераётганлиги қайд этилди.

Оқибатда, тумандаги вазият барқарорлиги ва аҳоли хотиржамлигига жиддий салбий таъсир қиладиган мудҳиш жиноятлар, жумладан, қасддан одам ўлдириш, фирибгарлик, ўғирлик, безорилик жиноятлари ҳамда аёллар ва ишламайдиганлар томонидан содир этилган жиноятлар кескин ошиб, қасддан баданга оғир шикаст етказиш, босқинчилик, талончилик ҳамда рецидив ва гуруҳлар томонидан содир этилган жиноятлар кўрсаткичи юқорилигича қолганлиги айтиб ўтилди.

Йиғилишда ҳуқуқбузарликлар таҳлили, содир этилган жиноятларнинг ижтимоий хавфлилик даражаси ва кўрсаткичлари, очилмаган жиноятлар, қидирувдаги шахслар, уларнинг сабаблари ва содир этилишига имкон берган шарт-шароитлар тумандаги ҳар бир ҳудуд, шунингдек, аёллар, вояга етмаганлар, ёшлар ва бошқа тоифадаги фуқаролар кесимида танқидий кўриб чиқилди ва атрофлича муҳокама қилинди.

Тадбир якунида соҳада йўл қўйилган камчиликлар юзасидан масъулларнинг тушунтириш ва изоҳлари тингланди.

Раислик этувчи томонидан туман ҳудудидаги тоифаланган объектлар, катта бозорлар ва аҳоли гавжум бўладиган жойларда жамоат тартиби назорат қилинишига замонавий усул ва воситаларни кенг татбиқ этиш чоралари кўрилиши, жамоат тартиби сақланишини таъминлаш ва қидирувдаги шахсларни тезкор аниқлаш мақсадида интеллектуал камералар, дронлар, “SOS” тугмачаси ва бошқа техник воситалар билан таъминлаш чоралари кўрилиши юзасидан аниқ ва асослантирилган таклиф ва тавсиялар берилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?