Чилимкашлар даврасидан репортаж

17:54 17 Январь 2020 Жамият
1283 0

Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” қиссасида ажойиб бир лавҳа бор. Унда Қоравой ўзи билмасдан чилимкашларнинг гўшасига бориб қолади. Бу ерга доимий мижозлардан ташқари ҳунармандлар, косиблар, бойваччаларнинг болалари, шаҳарнинг ярмини қарздор қилиб қўйган судхўрлар келишади. Қоравой уларга чилимнинг сархонасига тамаки босиб, сувини янгилаб бергани учун хўжайинидан ҳар куни бир миридан чойчақа олади. Бошида бир-бирига тўнғиз қараш қилиб ўтирган, зиқна, битта майизнинг яримини бировга раво кўрмайдиган бу маҳлуқлар чилим тортгандан кейин шундай мулойим бўлиб қоладики, бир пастда бир-бирига чой узатган, нон суриб қўйган, бир-бирини уйига таклиф қилган, хуллас, бўлар-бўлмас гаплар билан хўроз қичқиргунча чилим чекиб ўтиришади. Бу Қоравойнинг жонига тегиб, охири носдан бўшаган шишага сув солиб, оғзини маҳкам ёпади-да, манқалдон чўғига кўмиб қўяди. Шишадаги сув кутилмаганда портлайди. Бу даҳшатдан ўзига зўрға келган Ҳожи бобо уста Мирсалимга “ўлинг, ҳамма иш сиздан бўлди, ҳукуматнинг ишига аралашманг, демаганмидим”, деса, Султон пучуқ ҳам “тўп шу ерда отилди. Мана шу отди”, деб Қоравойни кўрсатади. Шундан кейин текширув бошланиши, бунга миршаблар ҳам аралашиши, чилимхўрларни маҳкамага судраши, бундан қутулиш учун Ҳожи бобо уларга бир ҳовуч танга узатиши ва миршаблар бир-бирига кўз уриштириб, бу галча сийладик, деб чиқиб кетишларини мароқ билан ўқиганмиз.

Ёзувчи қаттиқ танқид остига олган қаймоқ бозорининг бурилишида, маҳкаманинг бошидаги Илҳом самоварчининг каттакон чойхонасидаги ҳангомалар бугун ҳаётимизга даҳшатли тарзда кўчиб ўтганига ишонгингиз келмайди. Гарчанд, “Шум бола”даги чойхоналар замон ўзгариши билан кафе, бар, ресторанларга айланган бўлса-да, лекин кўпчилик ҳали ҳам бу ерга ичиш, чекиш, маишат ва ўйин-кулгу учун келиши ўзини соғлом деб билган ҳар қандай одамни ўйлантиради. Бундай тунги гўшаларни истаган жойдан топа оласиз. Дейлик, қайсидир ҳудудда кутубхона ёки хиёбон бўлмаслиги мумкин, аммо, тунги клуб албатта, топилади.

Тўғри айтасиз, бундай жойларга кўпроқ эркаклар келишади. Бироқ тонг отаргача мижозларнинг кўнглини “ов”лайдиган кафе, барлар эндиликда аёлларнинг ҳам кўнгилхушлик қиладиган жойига айлангани ва улар бир лаҳзалик ҳою-ҳавасни деб бутун ҳаётини қўлдан бой бераётгани, Аёллик шаънига доғ тушираётгани ачинарли.

Бу муаммо бизни Қоравой кезган эски шаҳардаги айрим гўшаларга боришга, искабтопарлар ҳам тополмайдиган “подвал”лардаги хуфиёна ишларни кузатишга ва мулоҳаза юритишга ундади.

Чегирма ва “тегирмон”

Кечаси соат ўн бирларда чилимкашларнинг “ҳордиқ” оладиган энг тинч жойи – аэропорт йўлидаги кафе, барларнинг бирига бордик. Даставвал, тамаддихона пештоқида “аёллар учун 20% чегирма”, деган реклама эътиборимизни тортди. Бу одамларни ром қилиш учун ўйлаб топилган пухта режа эканини сезиш қийин эмас. Кириш жойини қаттиқ назоратга олган барзангиларни кўриб, “Шум бола” асаридаги уч зарбли паҳлавонларнинг тўқсон олти минг ботмонлик гурзигарони ёдимизга тушди. Ўзимизни кўчада кўрмаслик учун бир четда туриб, вазиятни кузата бошладик. Соат ўн иккиларга бориб, бу гўша гавжумлашди. Мижозларнинг ёши турлича. Кафенинг тепаси чойхона, подвали навқиронларнинг “иштаҳа”сини очадиган жой. Ташқаридагиларга хизмат қилиб юрган официантлардан бири бизни подвалга таклиф қилди. Бир қараганда, бу ердан тинчроқ, ҳолироқ жой йўқдек. Истаган жойингизга ўтказишади. Лекин чилимнинг аччиқ тутуни кўзни ачиштиради. Аҳвол яна ўша... Чилимхўрликка берилиб, ҳаётини ҳалокат ёқасига олиб бораётганлар, мижозларга эпчиллик билан хизмат қилаётган официантлар, даврани қизитган яллачилар ва ўзларини Фаранг маликаларидек ҳис қилиб, минг хил нозу карашмалар билан хиром айлаётган раққосалар.

Одатда кашанда деганда кўпинча эркаклар кўз олдимизга келарди... Фалакнинг гардишини қарангки, бугун кашандачилик аёлларнинг ҳам тарк этиб бўлмайдиган одатига айланиб улгурган. Бунинг оқибатида қанча ногирон болалар дунёга келяпти. Бу ерда ҳам хотин-қизлар чилим чекиб, отамлашиб ўтирибди. Қизиқ: ўз оиласи бағрида бўлиш ўрнига, бу ойимчаларни тунги клубларда тонгни қарши олишига сабаб нима? Уларни ҳеч ким уддалай олмайдиган – аёллик, оналик, келинлик вазифасини ким бажаради? Кейинги тақдири нима кечади?..

“Шум бола” қиссасида Ҳожи бобо етимлик азобини тортиб, ҳардамхаёл бўлиб қолган Қоравойни ёнига чақириб, меҳрибонлик билан сўрайди:

– Болам, бу гап икковимизнинг ўртамизда қолади. Тағин, Худо уриб, анови қурғурдан тотиниб-потиниб юрганинг йўқми?

 Ўзим чилимхўрларнинг аҳволини кўриб юрибман. Мен бу заҳарни оғзимга олмайман. Тепамда Худо бор.

- Баракалла, болам, ҳа, шунақа бўлсин,  деб Ҳожи бобо Қоравойнинг елкасини қоқиб қўяди.

- Келинг, акалар, опалар. Мижозга қара, чой, чилим олиб кел,  ишбошилардан бири официант ўспиринга тайинлади. У-бу нарса буюрган бўлдик. Тамаддидан кейин у биздан сўради:

Бу ердаги шум болалар эса Қоравойдан ҳам қувроқ. Мижозларга чилимни бир-икки қулдиратиб, обдон тортиб, пишитиб беради. Яхши гаплар билан руҳига таъсир кўрсатиб, чилимга ўргатиб олади. Бизни тонг қолдирган нарса: булар ҳам кимнидир яхши ниятлар билан дунёга келтирган болалари. Бир гул ўстирсангиз, шу гулнинг бирор япроғига шикаст етса, қанчалар ачинасиз. Айни кучга тўлган пайтда бирор касб-ҳунарнинг бошини тутиш ўрнига, улар бу ерларда нима қилиб юрибди? Наҳотки, тирикчилик шу гўдакларнинг гарданига тушган бўлса?.. Шўхлик, бебошлик ортидан боши берк кўчаларга кириб қолганлар камми? Булар ҳаётда ҳали нимани кўрибди?

 Чилим олиб келайми?

– Раҳмат, биз дам олгани келганмиз.

– Бу ерга кўпчилик чилим чекиш, ўйин-кулгу учун келади. Шунчаки ҳордиқ бўлса, тепада ҳам жой бор.

– Одам унчалик кўп эмас-ку!

– Ёзда бу ердан жой тополмайсиз.

– Бошқа ерда ҳам шунақа жойлар бордир.

– Бу ер тунги клубларнинг амрикони бўлади. Буюртмага қараб, истаганча чилим тайёрлаб берамиз.

 Чилимнинг кукунидан тортиб, кўмиригача четдан кириб келади. Биз фақат мижозларнинг хоҳиш-истагига қараб, тайёрлаймиз. Шу холос.

У бизга нимани тавсия этаётганини ўзи билармикан? Чилимга қўшилган маҳсулотлар таркибида қандай моддалар бор? Уни инсон саломатлигига зарар келтирмаслигига ким кафолат беради?

Луғатларда чилим сўзи тортиш яъни, тутунни тортиш, кайф қилувчи нарсалардан фойдаланиш маъносини англатади. Чунки чилим тамакиси ёпишқоқ масса кўринишида бўлиб, унга мевали ҳидга эга асал ёки қиём кўринишидаги қўшимча моддалар қўшилади. Қадимда Ўрта Осиёда, шунингдек, Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Хитой, Афғонистонда кенг тарқалган. Тарихий манбаларда чилим чекиш инсон соғлиғи учун ўта зарарли экани қайд этилган. Шифокорларнинг таъкидлашича, юрак-қон, томир ва нафас олиш тизими хасталикларини келтириб чиқараркан. Ҳатто саратон касалликларига чалиниш хавфини ошираркан. Ҳафтасига уч-тўрт марта чилим чекадиган одам унга тобе бўлиб, руҳияти, тафаккури, идроки ва хотираси пасайиб кетаркан. Айниқса, ҳомиладор аёл чилим чекса, фарзанди она сутини эммай қўяркан.

Қўшни давлатларда ҳам бир неча йилдан бери чилим чекишга қарши кураш олиб борилади. Масалан, Қозоғистонда чилимга қарши қарорни мамлакатнинг бош санитар шифокори Жандарбе Бекшин имзолади. Ҳужжатга кўра, барча жамоат жойларида чилим чекиш ман қилинади. Бизда ҳам шу пайтгача чилим (колян) чекиш одати бўлмаган. Умуман, руҳиятимизга бегона бу нарса ҳозирги кунда республикамизнинг барча ҳудудларида фаолият кўрсатиб келаётган кафе, ресторанларда умумий тарзда ғовлаб кетишига сабаб нима? Буни ғовлатиб юбораётганлар эса қаршимизда турибди.

– Ундан хушбўй меваларнинг ҳиди келади. Озгина тортиб кўрасизми? Аёллар учун йигирма фоиз чегирмаси бор,  дейди официант йигит.

Гапини қаранг,бир чилим тортиш қирқ беш мингдан, икки юз мингача эмиш. Устига-устак қуруқ меванинг ҳиди келармиш. Ол-а, бели оғримаганнинг нон ейишини кўр, деб шуни айтсалар керак-да. Икки юз мингга қанча мева беради. Ҳатто Африка кокос-ю, Эрон хурмасидан ҳам сотиб олиш мумкин. Бир чилим, ярим чилим чекаман, деб шунча пулни беҳуда сарфлаб, эвазига саломатликка зарар етказгунча, меваларнинг ўзини истеъмол қилган минг чандон фойдали эмасми?! Назаримизда, бунинг тагида бошқа гап бор. Айрим устаси фаранг тадбиркорлар чилимга тамаки баргидан ташқари гиёҳ моддалар ҳам қўшади. Баъзиларни кўзига чилимдан бошқа нарса кўринмай қолганининг сабаби шунда. Нимани чекаётганини пайқамайди.

– Раҳмат, ўзингиз чекаверинг. Барибир чилимни зарарсизлигига ишонгимиз келмайди, – деймиз биз.

 Ўзим ўн йилдан бери чекаман. Кечагина шифокорга боргандим, ўпкам тоза чиқди...

Официант йигит Алдар кўса янглиғ чилимни қанча зарарсиз деб лоф урмасин, чойнак тутишга қалтираган қўллари-ю, рангининг докалиги бор ҳақиқатни айтиб турарди. Чилимга мубтало бўлганлар чилимни “хурр-хурр”латиб ўзини еттинчи фалакда сезар, чиққан тутунидан ҳавода турли ҳалқачалар ясаб, завқ оларди.

“Шум бола”да Қоравой Ҳожи бободан ўзи қаерга келиб қолганини сўраганда, бу ерга келувчиларнинг кимлиги уни умуман қизиқтирмаслигини айтади. Бу кафенинг хўжайини ҳам мижозларнинг катта-кичиклигига қарамасдан, ҳамёнини қоқиб олаётгани сезилиб турибди. Буни ортидан қанча инсонларнинг ёстиғи қуриётгани билан иши йўқ. Фойда деган жойда “Шум бола”даги Ҳожи бобога ўхшаб, ҳатто носни ҳам “иштаҳа очади” деб зар қоғозга ўраб сотишдан қайтмайди.

Дурбиндаги ҳурлиқолар

“Шум бола”да яна бир ажойиб манзара бор. Илҳом самоварчининг укаси Иброй дурбиндан ҳар хил аёлларнинг суратини кўрсатиб, шуни орқасидан тирикчилик қилади.Қоравой дурбиннинг ичида нима борлигини қизиқиб кўради. Ўртоғи Убайни ҳам ҳоли-жонига қўймай, шунга ўхшаш томошаларга етаклаб боради.

 Биринчидан қиммат. Иккинчидан, Майрамхон деган ярим-яланғоч кийимда чиқармиш. Мен яланғоч хотинлардан қўрқаман,  деб бормайди Убай.

Кечаси соат иккилардан кейин тунги клубда бошланган “томоша” бизни ҳам қўрқитиб юборди. Овропача мусиқий жазавалар, ярим-яланғоч кийимлардаги раққосаларнинг беҳаё рақсга тушишлари, эркаклар уларни ёнига чақириб, истаган “мақом”га солишлари, истаганча хиралик қилишлари куракда турмайди. Тўғри, бундай ҳаром-хариш ишлар ботқоғига ботиш-ботмаслик ҳар кимнинг ўзига боғлиқ. Лекин бу раққосалар худди гулдан-гулга қўниб юрган капалаклардек гоҳ унинг, гоҳ бунинг бўйнига осилиб фарангча, ҳиндча, арабча рақсларга тушишлари Аёллик шаънига иснод. Энг ачинарлиси, эркаклар бу ерга шунчаки пивохўрлик ёки чилимхўрлик қилиш учунгина эмас, аёлларнинг кўнглини “ов”лаш, ўз навбатида, аёллар ҳам профилактика инспекторлари томонидан қаттиқ назоратга олинган жойларда қилолмаган фаҳш ишларини яширин жойларда амалга ошириш учун келгандек таассурот қолдиради. Қўшмачи ҳам, ахлоқсиз ҳам, маишатхўр ҳам, ароқхўр ҳам, чилимхўр ҳам шу ерда. Буларнинг фикрида, кўнглида нима борлиги билан ҳеч кимнинг иши йўқ. Бу ердан чиқиб, қаерга бориши ва нималар қилиши ўзингизга ҳавола. Яна бир мулоҳаза.

Кафедаги мижозларнинг аксарияти 20 дан 35-40 ёшгача. Биз ҳафтанинг муҳим иш кунлари бу ерга келган бўлсак-да, улар ҳеч ғами, ташвиши йўқ инсондек чилимхўрлик қилиб ўтирибди. Нима, улар ўқиш ёки ишга бормайдими?! Наҳотки, уларни сўрайдиган “эга”си бўлмаса? Ёки ҳамма шунчалик бекорчи бўлиб кетганми? Балки бундай хулосага келиш бироз ноўриндир. Чунки бекорчи одамда бунча пул қаердан бўлади? Агар кармон бақувват бўлмаса, бундай тунги клубларнинг ёнига ҳам яқинлашиб бўлмаслиги кундек равшан.

Журналистик кузатув жараёнида бир-икки кафеда тамадди қилишга тўғри келди. Шунга салкам бир ойлик маошимиз кетди. Ўзимизга қолса, бу ерга ҳеч қачон қайтиб келмаймиз. Лекин чилимхўрларнинг ҳаммаси пўрим кийинган, стол усти сархил мевалар, қиммат овқатлар ва салқин ичимликларга тўла. Бир ўтирганда, қанча маблағни сарфлаб юборади. Улар шунча пулни қаердан олаяпти?! Фақат ойликка ишлайдиганлар бундай жойларга кела олмайди-ку! Оғир меҳнат билан топилган пулни ҳеч ким бемаънигарчиликларга сарфлашга кўзи қиймайди. Кимдандир нуқсон ахтариб, камчилик топиш ниятимиз йўқ, лекин бу ерда ошкор қилиш мумкин бўлган шундай нозик муаммолар борки, тегишли мутасаддиларнинг эътиборидан четда қолмаслиги керак.

Кейинги пайтда инсоннинг қадр-қиммати тушиб кетяпти, деган гаплар рост. Бунга ўзимиз сабабчи. Мана бу манзарага эътибор беринг: тамаддихонада чилимдан миясини пешлаб олган биттаси оёқлар тагида узала ётибди. Қанча тирмашмасин, туришга мажоли етмайди. Барзангилардан иккитаси келиб, кўчага шундай улоқтирдики, ўша одамнинг бирор жойи синиб кетмадимикан, деб сиқилиб ўтирдик. Бу ҳеч кимсанинг парвойига келмади. Қаранг-а, биргина чилимхўрлик қанча одамларнинг ҳаёти издан чиқараяпти. Меҳнат қобилиятини йўқотаяпти. Беобрў, қашшоқ, тиланчи-гадога айлантираяпти. Эътиқодини сусайтириб, иродасини бўшатаяпти. Миллат генофондини бузаяпти. Хўш, айтинг-чи, бизга буни нима кераги бор?

Бу ерга кашандалар ўз-ўзидан келиб қолаётгани йўқ. Кафе, ресторанларнинг реклама ва чегирмалари ортидаги қаллобликлар, “Ҳайдар ота”, “Афғонча ош”, “Чўпли кавоб”, “Паровоз” сингари кўпчиликни эътиборини тортадиган сирли номлар – лекин бунинг замиридаги ғараз ниятлар атрофига хира пашшадек одамларни йиғиб оляпти.Биз ҳам шу ерга келиб, “Ҳайдар ота”га ишқибозларни шерга айлангани, “Афғонча ош”идан татиб, хўроздек қичқирганларни, “Чўпли кавоб”нинг “лаззат”идан ўзига-ўзи ташвиш орттираётганларни кўрдик. Истараси иссиқ, қош-кўзлари қоп-қора, сочлари узун гулдай бир нарсани “паровоз” илинжида ўргимчак тўрига илиниб қолганидан афсус чекдик. Нега мижозларни бошқача билан кутиб олишининг сабабларини англадик. Ширин сўзлар билан ичимизга оғу солиб, кейин ўзларининг йўриғига солишидан ҳушёр тортдик. Чунки буларнинг бир марта йўриғига тушсангиз, ўлиб қутуласиз. Мана, бунга бир мисол.

Алламаҳалда энди кафедан кетамиз, деб турганимизда қўшни столга ўтирган ўрта яшар бир аёл келиб, бизга ҳамроҳ бўлишини айтиб қолди. Гап-гапга қовушиб, қалбимизни кўпдан бери изтиробга солаётган, лекин бировдан сўрашга хижолат тортаётган саволларимизга ойдинлик киритди. 

- Қандай қилиб?

- Хорижда бўлганмисиз,  деб сўраб қолди асли наманганлик (исмини келтиришимизни истамаган) нозик ойимлардан бири.

-Йўғ-э. Сиз-чи?

- Жин чалиб, ўша ёқларда кетиб қолганман. Уларда ҳамма нарса очиқ ва ойдин. Тамакими, чилимми, истаганча, чекиш мумкин. Илк бор кафе-барларга кирганимда, ярим-яланғоч кийинганларни кўриб, ноқулай авҳолга тушганман. Ўзим чет элларда юрган бўлсам-да, худди ота-онам кўриб қоладигандек, улар билан бир жойда ўтирсам, шаънимга доғ тушириб қўяётгандек қўрқув босган. Узоқ вақт ўзимни шундай жойлардан олиб қочиб юрдим. Кейин буларнинг ҳаммаси кўзимга оддий кўрина бошлади. Эркаклар қатори аёллар ҳам “дам” олишга ҳақли. Чилим чекишни ўша ерда ўргандим. Дугонам шу ернинг чилимининг тутуни кўпроқ, деганига келгандим. У ёқларда чилимга кўзингизнинг олдида тамаки кукуни ёки ҳар қандай чарчоқни оладиган (...) дори солиб беришади. Эсимда, бир марта кафеда ўтирганимизда, ҳамроҳларимиздан бирини чилимхўрликдан тутқаноғи тутиб қолган. Шунда ўртага пул ташлаб, зўрға ўлимдан қутқариб қолганмиз...

Мана, сизга ҳангома-ю, мана  фожиа. Чилим шундай бир иллатки, буни қурбонига айлаганини рўпарамиздаги ойимчанинг ўзи ҳам ҳали тушуниб етганича йўқ. Балки тушунганда, кеч бўлар.

Бизда ҳам Олий Мажлис Сенати томонидан “Жамоат жойларида чилим ва электрон сигареталар чекишни чеклаш тўғрисида”ги қонун қабул қилинган. Унда “чилим”, “чилим учун тамакисиз чекиш аралашмаси”, “чилим чекиш учун дамлама”, “чилим учун чекиш тоши”, “электрон сигарета”ларни текшириш ва аҳоли хавфсизлигини таъминлаш юзасидан амалга ошириш учун бир қанча чора-тадбирлар назарда тутилган. Чилим ва электрон сигареталарни чекиш мумкин бўлмаган жамоат жойларини назорат қилиб бориш ҳам қонундаги тегишли моддаларда белгиланган.Агар қонун ижроси ҳаётда кучга кирса, биз муҳокама қиладиган иллатлар ўз-ўзидан бартараф бўлади. Тирноқ остидан кир қидириш ниятимиз йўқ. Номус ўлимдан қаттиқ. Одамлар чилимхўрликка ўрганиб қолмасликлари учун ҳозирдан эҳтиёт чораларини кўрсак,чилимхўрликдан бўшамай “кўча”да юрган ёшларимиз Шум бола каби оиласига қайтади.

Адиба УМИРОВА,

(“Халқ сўзи”)

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?