Чемпион спортчиларнинг ота-оналари «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони билан тақдирланишди
Сир эмаски, бугун мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан жисмоний тарбия ва спорт соҳаси ривожига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу билан бир қаторда халқаро ареналарда Ватанимиз байроғини юқориларга кўтариб келаётган спортчиларни рағбатлантириш орқали уларга мотивация бериш, қолаверса, шу йўл билан ёш авлод қалбида спортга меҳр уйғотиш ҳам устувор йўналишлардан.
Одатда мамлакатимизнинг мард ва жасур, юрагида ўти бор спортчи ёшлари халқаро майдонларда ёрқин ғалабаларга эришиб келса, улар олқишланади, юксак давлат мукофотлари билан тақдирланади, уларнинг тренерларига ҳам, спорт федерацияси раҳбарларига ҳам юксак даражада ҳурмат кўрсатилади.
Аммо, ана шу спортчининг қалбида ёшлигидан спортга меҳр уйғотган, уни тўғри йўналтириб, йўл-йўриқ кўрсатган ота-оналари эса кўпинча эсланмайди, рағбат кўрсатилмайди. Ахир ўша спортчиларнинг ота-оналари ўз вақтида фарзандини сабрли бўлишга, машаққатларни чидам билан енгиб ўтишга, аввало Ватани, халқи, оиласини севишга ўргатмаганида, жигаргўшасини ҳақиқий ватанпарвар қилиб тарбияламаганида чемпионларимиз қаёқда эди...
Шуни инобатга олган ҳолда Республика «Нуроний» жамғармаси хайрли ташаббусни илгари сурди. Улар Туризм ва спорт вазирлиги ҳамда Миллий олимпия қўмитаси билан ҳамкорликда Ўзбекистон Республикаси мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида Олимпия, Паралимпия, Осиё, ПараОсиё ва Жаҳон чемпионатларининг ғолиб ва совриндорлари бўлган бир гуруҳ спортчиларнинг ота-оналари, қолаверса фахрий спортчиларни биринчи даражали олтин «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони ҳамда пул мукофотлари билан тақдирлашга қарор қилди.
Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали тақдирлаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири А.Абдухакимов, «Нуроний» жамғармаси раиси, Ўзбекистон қаҳрамони, сенатор С.Турдиев, «Нуроний» жамғармаси раиси ўринбосарлари Ш.Убайдуллаев, Шуҳрат Усмонов ва бошқалар иштирок этди.
Тадбирда сўзга чиққанлар нуфузли спорт анжуманларида жонажон юртимиз байроғини юқориларга кўтариб келаётган спортчиларимизни вояга етказган ота-оналар меҳнатини алоҳида эътироф этишди ҳамда ҳақиқий ватанпарвар ёшларни камолга етказган бундай жонкуяр юртдошларимизга ҳурмат бажо келтиришди.
Сўнгра Олимпия, Паралимпия, Осиё, ПараОсиё ва Жаҳон чемпионатларида ғолиб ва совриндор бўлган бир гуруҳ спортчиларимизнинг ота-оналарига биринчи даражали олтин «Меҳнат фахрийси» кўкрак нишони ҳамда пул мукофотлари тантанали равишда топширилди.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ҳокимлик Тошкентни “юва бошлади“. Хўш, сув сепиш ҳаво ифлосланишини камайтирадими?
- «Адабиёт ва ҳаёт»: Султонбой Деҳқоновнинг шахсий фотокўргазмаси очилди (+фоторепортаж)
- Ногиронлиги бўлган фуқароларга 30 млн сўмгача фоизсиз ссуда ажратилади
- Камбағалликни қисқартириш: пул эмас, ақл-идрок ва билим муҳим
- Ўзбекистонда хотин-қизларга нисбатан рақамли зўравонликка барҳам бериш бўйича 16 кунлик кампания бошланди
- «Инсон Фахри» миллий мукофоти соҳиблари тақдирланди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг