Чегарада отилган ўқ Корея ярим оролида эскалациясига сабаб бўладими?

Шимолий Корея аскарлари чегарани де-факто кесиб ўтганидан сўнг, Жанубий Корея ҳарбийлари икки давлат ўртасидаги қуролсизлантирилган ҳудуд (DMZ – Demilitarized Zone)да огоҳлантирувчи ўқ узди. Ҳодиса ҳақида «Yonhap» ахборот агентлиги Жанубий Корея армияси полковниги Ли Сон Жунга асосланиб хабар берди.
Полковник Лининг сўзларига кўра, воқеа 11 июнь куни маҳаллий вақт билан соат 12:30лар атрофида содир бўлган. Шимоллик аскарлар ҳарбий демаркация чизиғини (сулҳ чизиғи) кесиб ўтгач, жанубликлар томонидан огоҳлантирилган ва шундан сўнг улар ортига қайтиб кетган.
Қуролсизлантирилган ҳудуд нега қуролли?
Жанубий Корея армиясининг тезкор жавоби чегарада ҳушёрликни сақлаш муҳимлигини кўрсатиб қўйди. Дунёдаги энг мустаҳкам DMZлардан ҳисобланган Корея чегараси йиллар давомида кўплаб шунга ўхшаш ҳодисаларни бошдан кечирган бўлса-да, бугунги ҳолат ҳарбий шайликнинг аҳамиятини ошириб юборди. Дипломатик ҳамкорликнинг энг яхши даврлари ўтиб, тушунмовчиликлар пайти бошланганга ўхшамоқда. Жанубий Кореянинг ҳарбий тайёргарлиги бундай ҳодисаларнинг каттароқ можароларга айланиб кетишининг олдини олишда муҳим аҳамиятга эга. Шимолликларнинг эса ҳарбий фаоллиги юқори фазада сақланиб турибди.
DMZ 1953 йилда Корея урушидаги фаол ҳарбий ҳаракатларни тугатган, аммо тинчлик шартномасига эришилмаган Корея сулҳ битимининг бир қисми сифатида ташкил этилган. Узунлиги 250 километр ва эни 4 километр бўлган буфер зонаси ярим оролини кесиб ўтиб, Шимолий ва Жанубий Корея ўртасида амалда чегарани ифодалайди. Йиллар давомида эса DMZ ҳарбий провокациялар ва ҳодисалар учун қайноқ нуқта бўлиб келди. Ҳудуддаги ҳарбийларнинг тиш-тирноғигача оғир қуролланганлиги ва кескинлик осонгина авж олишини англатадигандек, гўё. 1976 йилдаги «Ахе» қотиллиги (Америка Қўшма Штатлари армияси офицерларининг DMZда ўлдирилиши) ва 2010 йилги Ёнпхёндо оролини ўққа тутилиши каби воқеалар бу ерда вазият баҳор ҳавосидай тез-тез ўзгариб туришини кўрсатади.
Шимолий Корея аскарларининг чегарани кесиб ўтишлари алоҳида эътиборга молик ҳодиса эмас, албатта. 2015 йилда улар томонидан DMZ ҳудудига ўрнатилган миналар Жанубий кореялик аскарларга жароҳат етказганди. Ваҳоланки, бу ҳудудда қуролли тўқнашувлар шартномага биноан тўхтатилган. Ушбу ҳодисалар кўпинча провокация бўлиб, қайсидир томоннинг қизишиб, воқеани жиддийлаштириб юборишигача давом этади. Бу эса барқарорликни сақлашни қийинлаштиради. Икки томон ҳам «Карнайчидан бир пуф» кутиб, жанжал учун баҳона излаб ўтиргандек туйилади. DMZ Шимолий ва Жанубий Корея ҳарбийлари учун урушга баҳона яратиш фабрикаси бўлиб, ҳар бир томон ҳар қандай таҳдидларга жавоб беришга тайёр туради. Худди қайсидир “учинчи томон” бир миллатнинг иккита давлат бўлиб яшашидан манфаатдордек туйилаверади.
Иккала томон ҳам тиғ устида “рақс тушаётгандек” кўринса-да, аслида бу реал уруш пайдо бўлиш учун жуда камлик қилади. Провокацияларга қарамай, Шимолий ва Жанубий Корея ўртасидаги дипломатик каналлар ҳозир очиқ. Ҳар икки томон ҳам йиллар давомида кескинликни юмшатиш ва тинчликни мустаҳкамлаш мақсадида турли музокаралар ҳамда саммитлар ўтказди. Шундай бўлса-да, ўзаро илиқлик секин ва доимий инсидентлар туфайли бузилаверди. Халқаро ҳамжамият эса мулоқот ва низоларни тинч йўл билан ҳал этишни рағбатлантиришда давом этмоқда. Каттароқ можароларга айланиб кетиши мумкин бўлган тушунмовчиликларнинг олдини олиш учун очиқ мулоқотни сақлаш жуда муҳимдир. Айниқса, қайсидир томон огоҳлантирувчи ўқ узганда бунга тайёр туриш зарур.
Сеул Шимолий Кореяни сулҳ чизиғини ҳурмат қилишга чақирди
Шимолий Кореянинг тинимсиз ахлат тўлдирилган шарларни жанубга учириши, аскарларининг қуролсизлантириш ҳудудига кириб боришидан сўнг Жанубий Корея ҳарбийлари ҳар қандай провокацияларга жавоб беришга тайёр ҳолда эканлигини амалда кўрсатди.
Ўз навбатида, расмий Сеул Шимолий Кореяни сулҳ чизиғини ҳурмат қилишга ва кескинликни кучайтирувчи ҳаракатлардан тийилишга чақирди. Можаролар хавфини камайтириш ва минтақада барқарорликни таъминлаш мақсадида дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этмоқда.
Шимолий Кореянинг DMZ доирасидаги ҳаракатлари кўпинча Жанубий Кореянинг ҳарбий тайёргарлиги ва қатъиятини синаб кўриш воситаси сифатида қаралади. Бундай провокациялар кўп мақсадларга хизмат қилиши мумкин. Жумладан, ички ташвиқот ва халқаро позицияни аниқлаштириб олиш, Сеулга ўзининг борлигини эслатиб қўйиш ҳам бундан кўзланган мақсадлар бўлиши мумкин. Шимолий Кореянинг мотивларини тушуниш бу воқеаларни изоҳлаш ва тегишли жавоб бериш учун калитдир.
Халқаро ҳамжамият минтақавий беқарорлик потенциалини ҳисобга олган ҳолда Корея DMZ бўйлаб содир бўлаётган воқеаларни диққат билан кузатиб бормоқда. Аммо ушбу кузатувдан нарига ўтмаслиги ҳам мумкин. Чунки глобал лидерларнинг муаммоси Корея урушисиз ҳам етарли: Украина — Россия, Исроил — Фаластин можаролари. Катта эҳтимол билан Корея ярим оролидаги ҳолатга фақатгина АҚШ ва Хитой каби манфаатдор давлатлар жавоб реакциясини бериши мумкин.
Эскалация ва можаро эҳтимоли қандай?
Назарий жиҳатдан олиб қарасак, ушбу инсидент урушга айланмайди. Аммо потенциал можаролар занжирини инкор ҳам этмайди. Агарда ҳарбий ҳаракатлар назоратдан чиқиб кетса, бу янги уруш учун арзимас баҳона бўла олади. Қолаверса, Шимолий Кореянинг йиллар давомида тўплаган қуролларини реал уруш зоналарида ишлатиб, синаб кўриш Ким Чен Иннинг орзуларидан бири бўлиши мумкин.
«Қинсиз қилич қонсирар», деган нақл бор халқимиз. Зеро, Ким Чен Ин ҳар қанча ракеталарини кўз-кўз қилиб, парадлар уюштирмасин, улар ҳақиқий урушда қўлланилганликчалик катта обрў олиб келмайди.
Хулоса шуки, чегарада отилган огоҳлантирувчи ўқ Корея ярим оролида мавжуд бўлган тинчликнинг мўртлашиб бораётганини кўрсатаётгандек. Минтақада барқарорликни сақлаш учун босиқлик ва доимий дипломатик ҳаракатларни талаб қилинади. Мулоқотга киришиш ва кескинликни пасайтириш бўйича олдинга силжиш борасидаги саъй-ҳаракатлар Корея ярим оролида тинч келажак учун жуда муҳимдир.
Санжар ШОМУРОДОВ.
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- Ўзбекистонда 8 июндан чиқиндидан қарздорлар электр учун тўлов қилолмайди
- Энди таълим гранти талабаларнинг ўзлаштиришига қараб ҳар йили қайта тақсимланади
- АҚШда журналист қиз Трампнинг юзига микрофон билан уриб юборди
- Ўзбекистонда Имом Мотуридий таваллудининг 1155 йиллиги кенг нишонланади
- Тадбиркор аёлларга гаровсиз кредит ажратилади
- «Қамчиқ» довонида фуқароларга ёрдам кўрсатилмоқда. Қўшимча поезд қатнови йўлга қўйилган
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг