Чегара ортидаги Ватан
Ботир МАДИЁРОВ/«Халқ сўзи». Инсон қалбида Ватанни англаш туйғуси қачондан бошланади? Айтайлик, тақдир тақозосига кўра, бир муддат Ватандан олисда яшашга тўғри келса, бирор юмуш билан вақтинча хорижга чиққанда қалбингизда бир кемтиклик пайдо бўлади. Энг замонавий ва қулай шароитлар бўлиши мумкин, лекин ҳаётингиз соғинчларга айланади.
Ана шундай изтироблар билан яшаб, ота юртга қайтаётганда, бутун вужудингизни ўзгача ҳис-ҳаяжон қамраб олади. Чегаранинг у томонидаги қадрдон масканни кўзингизга тўтиё қилгингиз келади. Кўзингизнинг оқу қораси, суянган тоғингиз, ишонган боғингиз бағрида эркин, тўйиб-тўйиб нафас оласиз. Қалбингиздан Ватан, Ватанжон деган ҳайқириқ отилиб чиқади.
Айтиш жоиз, бугунги кунда Фарғона вилоятида 82 та чегара олди маҳалла фуқаролар йиғини бўлиб, уларнинг 66 таси Қирғизистон, 16 таси Тожикистон Республикаси билан чегара ҳудудида жойлашган. Бу маҳаллаларнинг 14 тасида 75 минг нафар қирғиз, 38 тасида эса 220 минг нафардан ортиқ тожик миллатига мансуб ҳамюртларимиз истиқомат қилади.

Агар таъбир жоиз бўлса, тақдири икки юрт билан чамбарчас боғланган бундай ҳамюртларимиз ўн йиллар мобайнида ширин дийдор умиди, оғриқлари билан яшади. Яхшики, кейинги йилларда бу борадаги вазият ижобий томонга ўзгарди – ўртадаги бегоналик туйғуси йўқолди, деворлар олиб ташланди...
Бешариқ туманининг «Андархон» МФЙ қўшни Тожикистоннинг Конибодом туманига қарашли Патар, Яккатерак қишлоқларига чегарадош ҳудудда жойлашган. Асрлар мобайнида бозори, мозори бир бўлган, битта ариқдан сув ичган. Чегаранинг икки томонидаги ўзбек ва тожик битта дарахтнинг икки япроғидек бўлиб, қуда-анда, оға-ини сифатида умргузаронлик қилади.
Маҳалла раиси Саидали Бобоқуловнинг айтишича, 6 минг нафарга яқин аҳоли яшайдиган Андархонда яқин ўтмишнинг аччиқ хотираларини ҳамон кўзда ёш билан эслайдиганлар кўпчиликни ташкил этади. Конибодомдан Андархонга келин бўлиб тушган Маҳбуба Ҳамроқулова фарзандлари улғайиб, набирали бўладиган ёшда Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.
— Шу кунни жуда узоқ кутдим, — дейди Маҳбуба опа. — Чунки доимий фуқаролигим йўқлиги учун чегарадан ўтолмай, 15 йилга яқин вақт мобайнида яқинларимни кўролмадим. Эҳ-ҳе, соғинчдан кечалари йиғлаб чиққан кунларимни санаб адоғига етиш қийин...

Андархонда туғилиб ўсган Мушарраф Юсупова Конибодомнинг Кўчки қишлоғига келин бўлиб, 4 фарзандни улғайтирди. Мушарраф опага ҳам Ватан соғинчи бегона эмас. Энди барчаси ортда қолганидан у жуда ҳам мамнун. Яқинда турмуш ўртоғи билан Ўзбекистон орқали муборак ҳаж зиёратига бориб келди.
— Яқинда ҳисоблаб кўрсам, қўшни Конибодомдан Андархонга мен каби 24 нафар қизлар келин бўлиб тушган экан, — дея суҳбатимизни давом эттиради меҳнат фахрийси Қумрижон Насриддинова. — Барчамиз шу ерда илдиз отиб, бахтимизни топганмиз. Ҳозирда 4 нафар фарзандларим ардоғида яшайман. Конибодомда ҳам, Андархонда ҳам одамларнинг асосий тирикчилик манбаи боғдорчилик, қовун етиштириш ҳисобланади.
Қувасой шаҳрининг «Найман» маҳалла фуқаролар йиғинида асосан қирғиз миллатига мансуб қардошларимиз яшайди. 75 ёшли Аминжон Ёқубов кўп йиллар шифокор бўлиб ишлади, 10 йил маҳаллага раис бўлди. Ҳозирги кунда маҳалла нуронийлари кенгашига раҳбар. Турмуш ўртоғи Махсудахон Юнусова фахрий педагог. Зиёлилар оиласи Найманнинг фахри.

— Қарийб 15 йил баландроқ овозда чақирсангиз эшитадиган, нари борса бир ариқ наридаги Қирғизистоннинг Қизилқия туманида яшайдиган ака-ука, амма, хола, тоғаларимни кўролмадим, — дейди Аминжон ота. — Ҳатто укам вафот этганида, вақтида таъзиясига етиб боролмай, дийдор қиёматга қолди. Бугун тўй ёки маъракага ҳеч бир қийинчиликсиз бориб келмоқдамиз. Баъзан дам олиш кунлари машинамда набираларимни Қизилқияга олиб бориб, сайр қилдириб келаман.
Қизларимиздан бирини Қозоғистонга келин қилиб узатганмиз. Чегара масаласида ҳеч бир қийинчилик йўқ. Шу тарзда оиламиз тақдири уч давлат чегараси билан чамбарчас боғланган. Яқинда Хўжандда уч қардош юрт Президентлари иштирокида ўтказилган тадбирларни кузатиб, барча ҳамюртларимиз қатори беҳад қувондик.
Фарғона туманининг «Улуғбек» МФЙ ҳудудида яшовчи Тўтихон Раҳимова уч қизнинг онаси. Иккинчи қизи Раънохонни қардош Қирғизистоннинг чегара ҳудуддаги Халмиён қишлоғига келин қилиб узатган. Ҳозирда Раънохоннинг 2 қизи ва 1 ўғли бор.

— Эшик тиқ этса, кўчага югуриб, кўзим болажонимнинг йўлида интизор эди, — дейди Тўтихон ая. — Чегара билан боғлиқ муаммолардан қалбимиз зада бўлиб, ҳамиша ҳадик ва хавотирда яшаганмиз. Шукрки, эндиликда мушкулимиз осон, йўлларимиз яқин бўлди. Дориламон кунларимизга асло кўз тегмасин деймиз!
Бу қардошлик оиласидаги туташ тақдирлар. Чегаранинг икки томонида орзу-мақсадлари муштарак, эту тирноқ бўлиб яшаётган оилалар. Ўзаро ҳамфикр ва ҳаммаслак бўлган қадрдонлар. Турли тилда сўзлашувчи битта халқ.
Чегаранинг ортидаги Ватан! Қон-қардошларга бағрикенг, сахий қучоғингда яйраб-яшнаб яшаш бахти боқий бўлаверсин, Ватанжон!..
Тавсия этамиз
Кўп ўқилганлар
- G20 саммитининг Жанубий Африкада ўтказилиши шармандали ҳолат – Трамп
- АҚШ ва Британия Сурия муваққат президенти Ахмад аш-Шаръани «қора рўйхат»дан чиқарди
- «Олтин куз» II Халқаро камер ва симфоник мусиқа фестивали бўлиб ўтади
- Ўзбекистон U-17 терма жамоаси Жаҳон чемпионатидаги иккинчи ўйинида мағлуб бўлди
- Машинада хавфсизлик камарини тақиш мумкин бўлмаган касалликлар рўйхати тасдиқланади
- Ўзбекистон миллий терма жамоасининг халқаро мусобақа учун қайдномаси эълон қилинди
Изоҳлар
Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?
Изоҳ қолдириш учун тизимга киринг