Чақалоқларга гриппга қарши вакцинация қилиш мумкинми? — долзарб саволларга аниқ жавоблар берилди

11:49 25 Сентябр 2020 Жамият
2340 0

Бугун АОКАда Коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Наргиза Нуруллаева иштирокида брифинг ўтказилди. 
Брифингда коронавирус инфекцияси билан боғлиқ саволларга жавоб қайтарилди.

Савол: Чақалоқларга гриппга қарши вакцинация қилиш мумкинми?

Жавоб: 6 ойликдан кичик болаларга гриппга қарши вакцина қўлланилмайди.
Аммо ушбу ёшдаги болаларда бошқа ёшдаги болаларга нисбатан грипп асоратлари хавфи юқори ҳисобланади. Бу ёшдаги болаларни ҳимоялашнинг энг самарали усули бу боланинг оила аъзоларини касалликка қарши эмлаш ҳисобланади. 

Савол: Ҳомиладорлик даврида ҳам гриппга қарши эмлаш мумкинми? Агар ҳомиладорликдан аввал гриппга қарши эмланган бўлса, ҳомилада қандай ўзгаришлар кузатилиши мумкин?

Жавоб: Ҳомила ривожланишидаги ўзгаришлар гриппга қарши эмлаш билан боғлиқ эмас, аксинча бу грипп касаллиги билан боғлиқ бўлади. 

Фаоллаштирилмаган вакциналар билан гриппга қарши эмлаш ҳомиладорликни режалаштириш жараёнида, бундан ташқари ҳомиладорликнинг маълум муддатларида амалга оширилиши мумкин. Ушбу муддатни шифокор акушер-гинеколог белгилайди.

Савол: Коронавирус инфекциясининг юқумли бўлмаган тури ҳам мавжуд экан, шу тўғрими?

Жавоб: Коронавирус инфекцияси асосан касалланган бемор нафас чиқарганда майда зарралар билан атрофга тарқалади. Бу ҳолат хар сафар бемор акса урганда, йўталганда ва ҳатто гапирганда юз беради. 
Баъзи тадқиқотларнинг кўрсатишича заррачалар қўшиқ куйлаганда ва оддий нафас олганда хам тарқалади. Бу зарралар йирик бўлиб, улар маълум бир масофада тарқала олмайди ва тез пастга қулайди. 
Соғлом кишилар ушбу зарралар мавжуд бўлган ҳаводан нафас олганларида касалланишлари мумкин. Вирус инсон организмига шиллиқ қаватлар – оғиз, бурун ёки кўз орқали тушади. Вируснинг яшовчанлиги ташқи юзалар тури ва атроф муҳит шароитига боғлиқ равишда маълум муддат сақланиб қолади. 
Олимларнинг аниқлашларича, вирус паст ҳароратда бир неча ҳафта, хона ҳароратида картонларда 24 соатгача, темир буюмларда 48 соатгача, пластик буюмларда эса 72 соатгача яшаб қолади. 
Касаллик юқумлилиги ва оила аъзоларига юқиш хавфи юқоридаги омиллардан келиб чиқади.

Савол: ОИТС касаллиги билан рўйхатда турадиган шахсларда коронавирус касаллиги қандай кечади? 

Жавоб: ОИВ инфекцияси мавжуд бўлган ва касаллик ривожланганларда, шунингдек, паст даражада CD4 мавжуд бўлган ва вирус юкламаси юқори бўлганларда, бундан ташқари антиретровирус даво олмайдиган беморлар касалликларнинг асоратлари ва инфекция юқиш юқори хавф гуруҳига кирадилар. 
Барча ОИВ мавжуд бўлган ёки назорат қилиш қийин бўлган ОИВ бўлганда қўшимча эҳтиёт чораларини кўриш лозим.
Ҳозирги кунда ОИВ мавжуд бўлганлар ва оддий аҳоли орасида COVID-19 билан зарарланиш хавфи ёки унинг асоратлари тўғрисида ишончли фарқ кўрсатадиган маълумотлар йўқ. 
ОИВ мавжуд бўлган баъзи беморларда COVID-19 асоратларининг маълум хавф омиллари яъни, қандли диабет, гипертония ва бошқа инфекцион касалликлар кузатилиши мумкин. Шунга кўра ОИТС билан оғриганларда COVID-19ни оғир кечиши хавфи юқори бўлиши мумкин.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?