Central Asia — 2021: бу йилги конференциянинг ўзига хослиги нимада?

19:09 18 Май 2021 Маданият
656 0

Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси томонидан ахборот-кутубхона фаолияти бўйича ҳар йили анъанавий тарзда “Central Asia: фан, таълим, маданият ва бизнесда интернет ва ахборот-кутубхона ресурслари» мавзуида халқаро конференция ўтказиб келинмоқда.

Шу йилнинг 19 — 21 май кунлари бўлиб ўтадиган ушбу анжуман доирасида қандай янгиликлар кўзда тутилмоқда?

Зиё масканида мазкур тадбир олдидан ўтказилган матбуот анжуманида ушбу саволга жавоб берилди.

Қайд қилинганидек, ўн тўртинчи бор ташкил этилаётган халқаро конференция доирасида Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига аъзо мамлакатларнинг гуманитар ҳамкорлик бўйича «Китоб ва мутолаа — жамият тараққиётининг стратегик ресурси» мавзусида форуми, Ўзбекистон Миллий кутубхонасининг 150 йиллик юбилейини нишонлаш, «Ахборот-кутубхона аълочиси» кўкрак нишони билан тақдирлаш маросимлари ўтказилади.

Шунингдек, китобхонлик масалалари, кутубхоначиликнинг олдида турган истиқболли вазифалар ҳамда соҳада ўз ечимини кутаётган масалаларга бағишланган илмий-амалий семинарлар, маҳорат дарслари ташкил этилади.

Россия, Арманистон, Тожикистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Озарбайжон, Беларус каби қатор давлатлардан соҳа мутахассислари қатнашадиган тадбирлар онлайн ва оффлайн форматда ўтказилиши режалаштирилган.

Раҳматжон БОБОЖОНОВ
(«Халқ сўзи»).

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?