Cамарқандда яроқсиз дори воситалари йўқ қилинди

20:23 26 Ноябрь 2021 Жамият
681 0

Мажбурий ижро бюроси Самарқанд шаҳар бўлими иш юритувида бўлган, судлар томонидан тақдим қилинган, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2009 йил 15 июлдаги “Давлат даромадига ўтказиладиган мол-мулкни олиб қўйиш, сотиш ёки йўқ қилиб ташлаш тартиби тўғрисида”ги низомнинг тегишли бандларига асосан, сифати кафолатланмаган ва истеъмолга яроқсиз бўлган дори-дармонлар ҳамда тиббиёт воситаларини йўқ қилиш бўйича навбатдаги тадбир ўтказилди.

Тадбирда вилоят божхона, санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати ҳамда экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармалари вакиллари иштирок этди.

– Самарқанд “Дори-дармон” акциядорлик жамияти омборхонасида сақланаётган, жиноят иш материаллари бўйича ашёвий далил сифатида қайд этилган дори-дармонлар ҳамда тиббиёт воситалари сифати кафолатланмагани учун қурилиш чиқиндилари полигонида ташкил этилган куйдириш печида йўқ қилинди,– дейди МИБ Самарқанд шаҳар бўлими давлат ижрочиси Элмурод Каримов. – Булар 224 турдаги тиббиёт уколли ампула дорилар, “Клексан 4000 Анти ХА/МЕ 0,4 мл”, “Клексан 6000 Анти ХА/МЕ 0,6 мл”, “Клексан 8000 Анти ХА/МЕ 0,8 мл”,  нитрат кислота, глицирин ва бошқа дори воситаларидир.

Шунингдек, қиймати 25 миллион сўмлик ноқонуний кириб келган тамаки маҳсулотлари ҳам тадбир давомида йўқ қилинди.

Абдулазиз Йўлдошев, “Халқ сўзи”.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?