Бюджет сиёсатидаги муҳим янгиланишлар қандай самара бермоқда? — Қарши тумани мисолида

10:56 28 Апрель 2021 Иқтисодиёт
229 0

Юртимизда бюджет тизимида маҳаллий ҳокимликларнинг молиявий барқарорлигини таъминлаш, ички имкониятларини янада кенгайтириш, бюджет соҳасидаги марказий бўғин ваколатларини босқичма-босқич қуйи бўғинга ўтказиш бўйича катта саъй-ҳаракатлар амалга оширилмоқда. Бу борада Президентимизнинг 2017 йил 7 июндаги «Маҳаллий бюджетларни шакллантиришда жойлардаги давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Хусусан, Қарши туманида ҳам фармонга мувофиқ, маҳаллий бюджет маблағларини бошқариш соҳасида берилган ваколатлардан унумли фойдаланилмоқда. Бунда албатта, маҳаллий бюджет режасидан ортиқча маблағнинг туманнинг ўзида қолдирилиши муҳим аҳамият касб этмоқда.

-Илгари маҳаллий бюджетларнинг қўшимча манбаларини бошқариш, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлигининг рухсати билан амалга оширилган бўлса, эндиликда бу ваколатлар маҳаллий ҳокимликлар ихтиёрига ўтказилди,- дейди Қарши тумани ҳокими Мақсуда Мустафоева. - Натижада ҳудудларни комплекс ривожлантириш дастурларини барқарор молиялаштириш ва шу асосда аҳолининг реал даромадлари, ҳаёт даражаси ва сифатини ошириш имкониятлари янада кенгайди. Бюджет сиёсатидаги бу муҳим янгиланишлар самараси ўлароқ 2020 йилда 54 млрд 498,9 миллион сўм қилиб белгиланган маҳаллий бюджет режаси 64 млрд 262,5 миллион сўмга ёки 117,9 фоизга бажарилди. Натижада режадан ортиқча 9 млрд 763,6 миллион сўм маблағ ўзимизда қолди. Бу маблағнинг 30 фоизи «темир дафтар», «аёллар дафтари» ва «ёшлар дафтари»да қайд этилган фуқароларни ижтимоий аҳволини яхшилаш, касбга ўқитиш, бандлигини таъминлаш каби мақсадларга сарфланади. Хусусан, «темир дафтар»га 765 млн сўм, «ёшлар дафтари»га 378 млн сўм, «аёллар дафтари»га 295 млн сўм ажратилди.

Туманимизда 3807 нафар «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар бўлиб, уларнинг ҳар бирининг ёрқин ҳаёт сари қадам ташлашлари учун кенг имкониятлар яратяпмиз. Бизни қийнаётган энг катта муаммо бу - 2840 нафар аёлнинг ишсизлигидир. Ушбу ишсиз аёлларнинг 410 нафари бўш иш ўринларига жойлаштириш, 389 нафари ҳақ тўланадиган жамоат ишларига жалб этиш, 384 нафари кооператив ва шахсий томорқаларига субсидия ажратиш, 1268 нафари тадбиркорликка жалб этиш, 246 нафари ишсизлик нафақаси тайинлаш ва 143 нафари касб-ҳунарга ўқитиш орқали бандлиги таъминланади.

Туманда маҳаллабай тизими орқали барча муаммолар ўрганилиб, жойида ҳал этиш бўйича зарур чора-тадбирлар белгиланмоқда. Бундай ўткир масалаларни ҳал этишда ҳам маҳаллий бюджет режасидан ортиқча маблағ туманга қолдирилганининг аҳамияти катта бўлмоқда. Масалан “ бир маҳалла – бир маҳсулот» тамойили асосида «Каҳлак» МФЙда қулупнай етиштириш, «Боғобод» МФЙда кўчатчилик ва паррандачилик, «Талликурон» МФЙда кўкат етиштириш, «Нуқробод» ва «Батош» МФЙларда иссиқхоналарда сабзавот етиштириш драйвер эканлиги аниқланди. Бу маҳаллардаги «Аёллар дафтари»га киритилган 476 нафар хотин-қизга дастур доирасида кредит ажратилмоқда.

Туман марказидан 40 километр масофада жойлашган «Чўлибўстон» МФЙ биносида устоз-шогирд анъанаси асосида 30 млн сўм кредит ҳисобига 8 нафар хотин-қизга тикув машиналари олиб берилди. Жорий йилда “LT textile International” хорижий корхонасига янги технологиялар олиб келиниб, ишга туширилади. Шу ҳисобдан 250 нафар маҳаллий хотин-қиз бандлиги таъминланади.

Туманда 3104 нафар йигит-қиз «Ёшлар дафтари»да қайт этилган бўлиб, уларнинг 680 нафари касб-ҳунарга ўқитилмоқда,- дейди Қарши тумани ҳокимлиги бош мутахассиси Ғайрат Эргашев. – Асосий масала «Ёшлар дафтари»да қайд этилган йигит-қизларни касбли, ҳунарли, ишли ва эртанги кунга ишончи юксак фарзандлар сафига қўшишдан иборатдир.  Бу борада ўтказилган сўров натижасига кўра, 1398 нафар йигит-қиз ишлашга тайёр, 571 нафар йигит-қизнинг ўз бизнес-режаси бор, уларни албатта, молиявий қўллаб-қувватлаймиз. 455 нафар ижтимоий ҳимояга муҳтож ёшлар бўлиб, уларга кўмаклашишда маҳаллий бюджет имтиёзларидан унумли фойдаланилади. Энг муҳими, 534 нафар йигит-қиз доимий иш ўрнига эга бўлди. Шундан 126 нафари бандлик томонидан ишга жалб этилди.

Ёшлар етакчи куч. Агар навқирон авлод вакиллари доимий эътиборда бўлса, имкониятлар яратиб берилса, улар ғайрат билан меҳнат қилади, фидойилик кўрсатади. Буни 218 нафар ёшнинг онлайн тарзда рўйхатга киритилиб, шартнома асосида 454,5 гектар ер ажратилгани мисолида яққол кузатиш мумкин. Ерга эгалик қилган ана шу шижоатли ёшлар астойдил меҳнат қилаётганини алоҳида эътироф этиш жоиз. Яна 389 нафар йигит-қиз онлайн рўйхатга олинган бўлиб, уларга ҳам ер ажратиб берилади. 82 нафар ўғил-қиз эса касб-ҳунарга ўқитиляпти. Улар ҳунарли бўлгач, бизнесини бошлаши учун давлат томонидан субсидия ажратилади.

Бир сўз билан айтганда туманда маҳаллий бюджетга тушган қўшимча даромадлардан мустақил равишда фойдаланиш натижасида нафақат «Темир дафтар», «Аёллар дафтари» ёки «Ёшлар дафтари»га кирган шахсларни қўллаб-қувватлаш балки, кўчаларни таъмирлаш ва ободонлаштириш, ташқи ёритгичларни ўрнатиш, ижтимоий соҳа объектларини ва кам таъминланган оилалар хонадонларини таъмирлашга йўналтирилмоқда. Зеро, мамлакатимизда Президентимиз раҳнамолигида амалга оширилаётган изчил ислоҳотлар Қарши тумани мисолида ўзининг самараларини бермоқда

Фахриддин Бозоров,
«Халқ сўзи»

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?