Бюджет очиқлиги тартибига риоя этмаган мансабдорларга жарима миқдорини ошириш зарур — ЎзХДП фракцияси

20:19 30 Ноябрь 2020 Сиёсат
240 0

Халқ демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг йиғилиши бўлиб ўтди. Унда депутатлар «2021 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисида»ги қонун лойиҳасини иккинчи ўқишда муҳокамадан ўтказди.

Дастлабки муҳокамада аҳоли турмуш даражасини ошириш, янги иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлиги ва даромадлари ўсишини таъминлаш, эҳтиёжманд оилаларни ижтимоий ҳимоя қилиш 2021 йилда давлат сиёсатининг асосий йўналишлари сифатида белгиланаётгани ҳисобга олиниб, фракция аъзолари бундай сиёсатни қўллаб-қувватлашларини маълум қилган эди.

Бунинг учун аниқ, шу билан бирга, партия электорати манфаатларига хизмат қиладиган асослар, рақамлар бор. Хусусан, 2021 йилда Давлат бюджетининг ижтимоий соҳа ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш харажатларига жами 86 трлн. 379 млрд. сўм, 2020 йилги тасдиқланган параметрларга нисбатан 15 фоиз кўп режалаштирилмоқда. Фракция аъзолари бу пандемия даврида молиявий қийинчиликларга дуч келган, даромадидан вақтинча айрилган оилаларни ижтимоий танг аҳволга тушиб қолишдан ҳимоялашда долзарб аҳамият касб этишини алоҳида таъкидлашди.

Фракция аъзолари халқ таълими, дори-дармон харажатларини аниқ кўрсатиш, бюджет ижроси шаффофлигини таъминлаш бўйича берган таклифларнинг аксарияти ҳисобга олингани қайд этилди.

Шу билан бирга, депутатлар мамлакатда ижтимоий барқарорликни таъминлаш учун катта маблағлар йўналтирилаётган пайтда бюджет интизомини қатъийлаштириш, очиқликни таъминлаш тартибига амал қилиш зарурлигини таъкидлашди.

Чунки, Давлат бюджети ижроси ҳақидаги маълумотлар очиқланмаса, вазирлик, ҳокимликларнинг расмий сайтларига жойлаштирилмаса, жамоатчилик ва депутатлик назоратини кучайтириш қийин бўлади. Шаффофлик тартибига амал қилмасдан, бюджет маблағлари тўғри ва самарали сарфланишини таъминлаш мумкин эмас. Бу масалада дунё юрган йўлдан юришимиз керак, дейишди депутатлар.

Аммо ҳукумат бюджет ижроси бўйича шаффофликни таъминлаб бера олмаяпти. Жорий йилда 58 вазирлик ва идоралардан 33 таси бюджет ижроси бўйича ҳисоботларни ўз сайтларига умуман жойлаштирмай, 2020 йил учун Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети тўғрисидаги қонун билан белгиланган талабни бажармаган. 200 га яқин туман-шаҳар ҳокимият органларидан эса ҳеч бири 2020 йил бюджет ижроси бўйича ҳисоботларни веб-сайтларига жойлаштирмаган.

Фракция аъзолари бундай ҳолат билан умуман муроса қилиб бўлмаслигини, бюджет шаффофлиги бўйича мансабдорларга жазо чораларини кучайтириш шарт, деган қатъий фикр билдиришди.

Шу асосда «Бюджет жараёни такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонуни лойиҳасига фракция таклифи тайёрланди.

Ҳукумат киритган мазкур қонун лойиҳасига кўра, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга (1757-модда) бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг икки баравари миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

ЎзХДП фракцияси аъзолари гап Давлат бюджети ижроси, миллионлаб фуқаролар ҳуқуқлари ҳақида кетганда, бундай жарима мансабдорларга жуда енгил жазо бўлади, деган қатъий фикрни билдиришди. Бу эса бюджет маблағлари ишлатилишида шаффофлик ва очиқликни таъминлашга хизмат қилмайди, аксинча, бюджет маблағларининг ишлатилиши устидан жамоатчилик назоратини ўрнатиш имкониятларини йўққа чиқаради. Натижада бюджет ижросида камчиликлар, суистеъмолчилик ва коррупция ҳолатларига йўл очиқ бўлиб қолаверади.

Шунинг учун ЎзХДП фракцияси аъзолари бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузаётган мансабдорларга жазони оғирлаштиришни таклиф этишди.

Хусусан, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга бюджет жараёнининг очиқлигини таъминлаш тартибини бузган мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима белгилаш, худди шундай ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, мансабдор шахсларга базавий ҳисоблаш миқдорининг ўн бараваридан йигирма бараваригача миқдорда жарима қўллаш таклиф қилинди.

Йиғилишда бошқа бир қатор қонун лойиҳалари партия дастурий мақсадларидан келиб чиқиб, муҳокама этилди ва тегишли таклифлар билдирилди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?