Бюджет кодексига қандай ўзгартишлар киритилмоқда?

19:37 22 Август 2022 Жамият
414 0

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзЛиДеП фракциясининг навбатдаги йиғилишида ижтимоий-иқтисодий соҳаларни янада такомиллаштиришга қаратилган бир қатор қонун лойиҳалари муҳокама қилинди.

Дастлаб фракция аъзолари “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига волонтёрлик фаолияти соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида”ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда кўриб чиқди.

Мазкур ҳужжатда “Волонтёрлик фаолияти тўғрисида”ги қонунни 91-модда билан тўлдириш, ушбу моддада Ёшлар ишлари агентлигини волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгилаш ва унинг ушбу йўналишдаги ваколатлари назарда тутилмоқда.

Депутатларнинг фикрича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши Ўзбекистон Республикасида волонтёрлик фаолияти соҳасидаги давлат сиёсатини амалга ошириш бўйича ваколатли давлат органини белгилашга, бу орқали давлат органлари ва бошқа ташкилотларда волонтёрлик фаолиятини амалга ошириш бўйича услубий ва маслаҳат ёрдамини кўрсатиш, давлат органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари ва бошқа ташкилотларнинг волонтёрлик фаолияти соҳасидаги ишларни мувофиқлаштиришга олиб келади.

Йиғилишда “Давлат молиявий назорати тизими ҳамда беғараз ёрдам доирасида келтирилган тиббий асбоб-ускуналардан фойдаланиш тартиби такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Бюджет кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаси ҳам муҳокамалар марказида бўлди.

Қонун лойиҳаси билан Бюджет кодексининг бир қатор моддасига ўзгартишлар киритилиши назарда тутилмоқда. Халқ вакиллари муҳокамалар давомида қонун лойиҳаси юзасидан ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди, уни янада такомиллаштириш бўйича асосли таклифлар илгари сурилди. Савол-жавоб ва бахс-мунозаралардан сўнг, қонун лойиҳасини қўллаб-қувватлашди.

Фракция аъзолари шунингдек, “Наманган вилоятининг Тўрақўрғон тумани ва Наманган шаҳри Давлатобод туманининг, шунингдек Наманган шаҳрининг чегараларини ўзгартириш тўғрисида”ги Қонунчилик палатасининг қарор лойиҳаси кўриб чиқишди.

Якунда кун тартибидаги масалалар юзасидан тегишли қарор қабул қилинди.

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?

Кўп ўқилганлар

Янгиликлар тақвими

Кластер