Буюк шоир, атоқли давлат ва жамоат арбобига эҳтиром

16:17 02 Июнь 2021 Маданият
599 0

Улуғ шоир, атоқли давлат ва жамоат арбоби Алишер Навоий дунё адабиёти тарихида тенги топилмас бир сиймодир. У ўзбек тили ва адабиётимизнинг нечоғлик бой, ранг-баранглиги ҳамда чексиз имкониятларини бутун ижоди, серқирра фаолияти билан исботлаб, унинг нуфузини жаҳон миқёсига олиб чиқди.

Айтиш мумкинки, Навоий ўзининг шеърий ва насрий асарларида юксак умуминсоний ғояларни, она тилимизнинг беқиёс сўз бойлиги ва чексиз ифода имкониятларини бутун жозибаси, латофати билан намоён этиб, ер юзидаги миллионлаб китобхонлар қалбидан муносиб ўрин эгаллади.

Шу жиҳатдан Президентимиз раҳнамолигида Алишер Навоийнинг бой ва серқирра ижодий меросини ҳар томонлама чуқур ўрганиш, унинг ўлмас асарларини юртимизда ва хорижий мамлакатларда кенг тарғиб қилиш, хотирасини абадийлаштиришга катта эътибор қаратилаётир.

Жорий йил 31 май куни Президентимиз туризм, шаҳар инфратузилмаси, саноат соҳаларидаги лойиҳалар ҳамда Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимоти билан танишди.

Давлатимиз раҳбари лойиҳалар билан танишар экан, ҳар бир лойиҳа бўйича ўз фикрларини билдириб, уларни янада такомиллаштириш юзасидан зарур тавсиялар берди. Айниқса, буюк шоир ва мутафаккир бобомиз Алишер Навоий мақбарасини таъмирлаш ва тиклаш, унинг атрофини ободонлаштириш лойиҳасига алоҳида эътибор қаратди.

Сир эмаски, Афғонистоннинг Ҳирот шаҳридаги Алишер Навоий мақбараси мажмуасида қурилиш ва ободонлаштириш ишларини амалга ошириш имкониятларини ўрганиб чиқиш вазифаси Президентимизнинг 2020 йил 19 октябрдаги «Буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигини кенг нишонлаш тўғрисида»ги қарорида белгиланган эди.

Ўтган давр мобайнида ушбу топшириқ ижросини таъминлаш доирасида мамлакатимиз мутахассислари афғонистонлик ҳамкасблари билан биргаликда мақбарани жойида ўрганди. Натижада анъанавий меъморчилик, санъат ва безак элементларидан фойдаланган ҳолда мақбарани таъмирлаш ва тиклаш лойиҳаси ишлаб чиқилди.

Лойиҳага кўра, мақбаранинг кириш ва қолган йўлакларига Ҳазрат Навоийнинг ҳикматли сўзлари битилган китоб кўринишидаги белгилар қўйилади ҳамда декоратив ўтиргичлар ўрнатилади. Кириш қисмида саккиз бурчакли масжид бунёд этилиб, кириш пештоғидан ҳовли қисмининг чап ва ўнг томонида ёпиқ услубда айвонлар барпо этилади.

Шунингдек, мақбаранинг ташқи кўринишига безак берилиб, Гумбаз, мақбара олди ва ён қисмлари майолика элементлари билан ишланади. Бундан англаш мумкинки, мақбара атрофи анвойи гулларга, яшиллик оламига бурканади, авлодлар қадами узилмайдиган масканга айланади. Буларнинг ҳаммаси халқимизнинг улуғ даҳога эҳтиромнинг яна бир ифодаси эмасми!?

Алишер Навоий нафақат шоир, мутафаккир аллома, балки буюк шахс сифатида ҳам ўчмас ном ва мангулик мерос қолдирган, десак муболаға эмас. У зот ўз даврида Хуросон ва Мовароуннаҳр ўлкаларида кўплаб иншоот, бинолар, иморатлар бунёд қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган эди. Ҳаёти давомида эса ана шу орзу-ниятларининг салкам ярмини амалга оширишга эришган, яъни 450 дан ортиқ иншоотлар барпо эттирган.

Хулоса қилиб айтганда, кейинги йилларда буюк аждодларимиз сўнмас даҳосига ҳурмат-эҳтиром нафақат мамлакатимизда, балки хорижий давлатларда ҳам кучайди. Бу бежиз эмас, албатта. Зотан, Навоийни билиш, улардан ибрат олиш одамларни, ёшларимизни яхшиликка, эзгуликка ундайди, комилликка етаклайди.

Ботирбек ТЎРАЗОДА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Тавсия этамиз

Изоҳлар

Ҳозирча ҳеч ким фикр билдирмаган. Балки Сиз биринчилардан бўларсиз?